Мақолалар

Пандемия даврида зарур бўлган ўнта ахлоқ

Чоп этилди Avgust 7, 2020 Пандемия даврида зарур бўлган ўнта ахлоқda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бандаларнинг Аллоҳга бўлган имон-ишончи, Унга бўлган таваккули ва ўзаро бир-бирларига бўлган мурувват ва эҳсонлари қай даражада эканлигини синаш учун Аллоҳ таоло баъзида мана шундай қийинчиликларни юбориб туриши Ҳақ таолонинг суннатидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ حَتَّى نَعْلَمَ الْمُجَاهِدِينَ مِنْكُمْ وَالصَّابِرِينَ وَنَبْلُوَ أَخْبَارَكُمْ

яъни: “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жидду-жаҳд қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз” (Муҳаммад сураси, 31-оят).

Шундай экан, мусулмон киши Аллоҳнинг иродаси билан келган синов пайтида шундай одоб ва ахлоқ меъёрларига эга бўлиш лозимки, у билан ўз ибодатини, ахлоқини ва инсонийлигини муҳофаза қилиб, синовдан ўтиб олиши даркор. Қуйида ана шу ахлоқ намуналарини санаб ўтамиз:

Биринчи: Ахборот тарқатишдан аввал уни рост эканлигига ишонч ҳосил қилиш, тасдиқланмаган, миш-мишлардан иборат бўлган ахборотларни тарқатишдан сақланиш. Дарҳақиқат, Қуръони карим асоссиз хабарларни тарқатишни қоралаган. Гарчи, бу каби ишлар айрим инсонлар наздида арзимас саналсада, Аллоҳнинг наздида энг катта гуноҳлардан эканини баён қилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 إِذْ تَلَقَّوْنَهُ بِأَلْسِنَتِكُمْ وَتَقُولُونَ بِأَفْوَاهِكُمْ مَا لَيْسَ لَكُمْ بِهِ عِلْمٌ وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّنًا وَهُوَ عِنْدَ اللَّهِ عَظِيمٌ

яъни: “Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил санар эдингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан гуноҳдир” (Нур сураси, 15-оят).

Иккинчи: Инсонлар орасида сокинлик ва хотиржамлик кайфиятини ёйиш, уларни қўрқувга солиш, ваҳима қўзғашдан сақланиш. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا (أخرجه أبو داود)

яъни: “Мусулмон кишига бошқа мусулмонни қўрқитиши, ваҳимага солиши ҳалол эмас”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Учинчи: Мусибат етган вақтда Аллоҳ таолога нисбатан одобни сақлаган ҳолда Унга итоат этиш, чин дилдан илтижо қилиш, Унга қалбан ёлвориб дуо қилиш, мана шундай бало ва қийинчилик вақтларида саййидимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг Аллоҳ таолодан зорланиб ёрдам сўраганларини эсга олиб, уларнинг тутган йўлларига эргашиш.

Тўртинчи: Ҳар доим ҳам одамлар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ижтимоий ҳамда шаръий бурч ва мажбуриятлардан ҳисобланади. Хусусан, қийин пайтларда бунга риоя қилиш вожиб саналади. Батаҳқиқ, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ишга буюриб шундай деганлар:

عن أبي سعيد الخدري قال بينما نحن في سفر مع النبي صلى الله عليه وسلم إذ جاء رجل على راحلة له قال فجعل يصرف بصره يمينا وشمالا فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم مَنْ كَانَ مَعَهُ فَضْلُ ظَهرٍ فَلْيَعُدْ بِهِ عَلىٰ مَنْ لا ظَهْرَ لَهُ، وَمَن كانَ لَهُ فَضْلٌ مِن زَادٍ فَلْيَعُدْ بِهِ عَلَىٰ مَن لا زَادَ لَهُ، فَذَكَرَ مِن أَصْنَافِ المَالِ مَا ذَكَرَ حَتَّى رَأَيْنَا أَنَّهُ لا حَقَّ لأحدٍ مِنَّا في فَضْلٍ (أخرجه مسلم).

яъни: Абу Саъид ал-Худрий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Биз Пайғамбар с.а.в. билан бирга сафарда эдик, шу пайт бир киши уловига миниб келди ва ўнг ва чап томонга аланглаб қарай бошлади. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Кимни ортиқча улови бўлса, уни улови йўққа берсин, кимни ортиқча озиқ-овқати бўлса, озиқ-овқати йўққа берсин, дедилар. Шу орада қандай мол турлари бўлса санаб ўтдилар, ҳатто биз “ўзимиздаги ортиқча нарсада бирортамизнинг ҳаққимиз йўқ экан-да”, –  деб ўйлаб қолдик” (Имом Муслим ривояти).

Бешинчи: Ўзгаларга илиниш, ўзгаларни ўзидан устун қўйиш каби энг гўзал хулқ билан зийнатланиш, аксинча, қийинчилик вақтида фақат ўз фойдасини ўйлаб бирламчи зарурий маҳсулотларни керагидан ортиқ миқдорда сотиб олиш, уларни сақлаб қўйиш каби иллатлардан узоқда бўлиш. Бундай ҳатти-ҳаракатлар алалоқибат нархларнинг сунъий тарзда кўтарилиб кетишига ва камбағалларни зарурий эҳтиёжларини қондиришдан маҳрум бўлишларига олиб келади. Ҳолбуки, ҳабибимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашъарий қабиласини танг аҳволларда ўзаро раҳм-шавқат, ўзгани ўзидан устун қўйиш каби сифатларини барчага мақтаб шундай деганлар:

إنَّ الأشْعَرِيِّينَ إذا أرْمَلُوا في الغَزْوِ، أوْ قَلَّ طَعامُ عِيالِهِمْ بالمَدِينَةِ، جَمَعُوا ما كانَ عِنْدَهُمْ في ثَوْبٍ واحِدٍ، ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بيْنَهُمْ في إناءٍ واحِدٍ، بالسَّوِيَّةِ، فَهُمْ مِنِّي وأنا منهمْ (أخرجه مُسلم).

яъни: “Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрасалар ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Шундай экан, улар мендан ва мен уларданман” (Имом Муслим ривояти).

Олтинчи: Ушбу синовли кунларда намозларни уйда жамоат бўлиб ўқиш, дуо қилиш, нафл рўза тутиш, Қуръони карим тиловати билан машғул бўлиш, тунлари қоим бўлиб ибодат қилиш орқали Аллоҳ таолога яқин бўлишга интилиш. Шояд, шулар нажот берса!

Еттинчи: Касалликка чалиниб дард чекаётган кишиларнинг дардига малҳам бўлишга, оғриғини ҳис қилишга ҳаракат қилиш. Зинҳор, бу дардга чалинган кимсага нисбатан таҳқир ва масхара назари билан боқмаслик. Ваҳолангки, бу мусибат бутун умматнинг бошига келган ва ундан ҳеч ким омонда эмас. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин инсон қандай бўлишини баён қилиб шундай деганлар:

مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ؛ إِذَا اشْتَكَىٰ مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَىٰ لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّىٰ (مُتفق عليه).

яъни: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради” (Муттафақун алайҳ).

Саккизинчи: Мусибат етган пайтда нафсни тергаб, уни ҳисоб-китоб қилиш. Мусибатлар – бу, охиратни эсга солувчи воситадир. Тавбага шошилиш, истиғфорни кўп айтиш, ибодат ва итоатга ўтиш, гуноҳ ва маъсиятлардан батамом тийилиш балодан нажот топиш йўлидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَمَا كَانَ اللهُ مُعَذِّبَهُمۡ وَهُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ (سورة الأنفال: 33)

яъни: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азабловчимас” (Анфол сураси, 33-оят).

Тўқизинчи: Саломатликни асраш, вирусдан ҳимояланиш бўйича соҳа мутахассислари, тиббиёт олимлари ва масъуллар томонидан берилаётган кўрсатма ва тавсияларга қатъий амал қилиш. Чунки, ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ҳар бир инсоннинг ўз  ўрни бор. Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

السَّمْعُ وَالطَّاعَةُ عَلَىٰ الْمَرْءِ الْمُسْلِمِ فِيمَا أَحَبَّ وَكَرِهَ، مَا لَمْ يُؤْمَرْ بِمَعْصِيَةٍ، فَإِذَا أُمِرَ بِمَعْصِيَةٍ، فَلَا سَمْعَ وَلَا طَاعَةَ (متفق عليه).

яъни:  “Модомики мусулмон киши гуноҳ ва маъсиятга буюрилмас экан яхши кўрган нарсасида ҳам, ёмон кўрган нарсасида ҳам (иш бошиларга) қулоқ солиши ва итоат қилиши вожибдир. Қачонки, гуноҳ ва маъсиятга буюрилса, қулоқ солинмайди ва итоат қилинмайди” (Муттафақун алайҳ).

Ўнинчи: Мусулмон киши мусибат келган вақтда маънавий ибодатлар бўлмиш сабр, ишонч, яхши ният ва Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилиш кабиларни жонлантириш билан бирга, ўзини ва ўзгаларни вирус балосига дучор бўлишдан асрайдиган моддий сабабларга риоя қилиши лозим.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков