Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 29, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Мени бир савол ўйлантира­ди: нега айнан тунги намозлар – бомдод, шом ва хуфтоннинг фарзлари (дастлабки икки ракат)да Фотиҳа ва замсура овоз чиқариб ўқилади-ю, пешин намозининг фарзи ва аср намози мах­фий ўқилади? Бунинг ҳикмати нима?

Жавоб: Динимизнинг ҳар бир буйруғи замирида улкан ҳикматлар мужассам. Бунга асло шубҳа йўқ. Замон тараққий этгани сари Исломнинг ҳар бир таълимотида катта манфаатлар борлиги ошкор бўляпти.

Уламолар тун сукунат ва ором вақти экани боис инсон бу пайтда дунёвий ишлардан фориғ бўлиб, ибодатларга иштиёқи ортиши, Раббисига тазарру ва ниёз этишга бошқа пайтлардагидан кўпроқ эҳтиёж сезишини айтишади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш фаолият жиҳатидан оғирроқдир, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир. Албатта, сиз учун кундузи (пайғамбарлик ишлари билан) давомли машғулот бордир» (Муззаммил сураси, 6–7-оятлар).

Оятдаги “нашиатул лайл”дан мурод тунги вақтлардир. Туннинг ҳар бир соатига шу ном берилган. Тунда уйғониш тил ва дил орасидаги уйғунликни таъминлашда жуда муҳимдир. Шу боис ояти каримада кечаси уйғониш қийин бўлса-да, лекин сўз сўйлаш, қироат қилиш жиҳатидан қулайлиги баён этилган” (“Тафсири Ибн Касир”, 4-ж, 435-б).

Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тун турли овозлардан, шовқин-суронлардан холи бўлади. Кечки пайт инсонлар дунё­вий ишлардан фориғ бўлиб, қалблар хотиржамлашади, тил билан дил бир-бирига яқин келади. Кундуз эса бунинг аксидир. Шу боис бомдод намози фарзида узунроқ сураларни қироат қилиш суннатдир. Набий алайҳиссалом бомдод намозининг фарзида олтмиш билан юз оят атрофида қироат қилар эдилар.

Биологик жиҳатдан олиб қараганда, уйқуга кетиш арафасида (шом ва хуфтон) ёки уйқудан турган кишининг эшитадиган каломлари Аллоҳнинг ояти карималари бўлса, қандоқ ҳам яхши: тингловчи оятларни тафаккур қилиб кунни ниҳоясига етказади ва худди шундай янги кунни қарши олади. Кундуз кечанинг тескариси бўлгани боис бу пайтда намозлар махфий ўқилади.

Айрим намозлар: жума, иккала ҳайит, истисқо, кусуф ибодатлари жамоат кўп бўлгани, ҳамма намозхонларни қироатдан баб-баравар баҳраманд қилиш мақсадида жаҳрий ўқилади” (“Иъламул муваққиъийн”, 2-ж., 91-б.).

Набий алайҳиссалом Исломнинг дастлабки пайтларида динни одамларга махфий тарзда етказганлар. Намозда саҳобаларга имом ўтсалар, овозларини чиқариб қироат қилар эдилар. Мушриклар у зотнинг қироатларини эшитиб, ояти карималарни мазах қилмоқчи бўлишади. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи муш­риклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар). Шуларнинг (жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни истанг!» (Исро сураси, 110-оят), ояти каримасини нозил қилди.

Имом Замахшарий “Кашшоф”да келтиришича, ояти каримада мушрикларнинг эшитишига моне бўлиш мақсадида Расулуллоҳнинг овозларини кўтармаслик буюрилди.

Шундан сўнг Набий алайҳиссалом муш­рикларнинг азиятларига барҳам бериш мақ­садида пешин ва аср намозларини махфий ўқидилар. Шом намози кечки овқат вақти бўлгани, хуфтон ва бомдод уйқу пайти бўлгани туфайли бу намозлар жаҳрий ўқила бошланди. Жума ва иккала ҳайит намозлари ҳижратдан сўнг фарз ва вожиб қилинди (“Тафсири Табарий”, “Кашшоф”, “Тафсири кабир”, “Тафсири Қуртубий”, “Тафсири Самарқандий” мазкур оятнинг тафсири).

Макка мушрикларининг саҳобаларга қилган азиятлари мўмин-мусулмонларни ҳушёрликка чорлаши учун қиёматгача кундузги фарз намозлар махфий, кечки намозлар жаҳрий ҳолатда қолди.

Cавол: Аллоҳга беҳисоб шукрки, қарийб беш ойдан сўнг яна масжидлар очилиб, беш вақт намоз жамоат билан ўқила бошланди. Карантин талабларидан келиб чиқиб, айни пайтда намозларда сафлар ораси очилиб, намозхонлар бир-биридан узоқ ҳолда намоз ўқишяпти. Бу намозимизга нуқсон етказмайдими?

Жавоб: Сафларни тўғрилаш ва жипс­лаштириш мазҳабимизда суннат амал ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Намозда сафни тўғри қилинглар, чунки сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир”, дейилади (Муттафақун алайҳ).

Одатда бу суннатга амал қилинади. Лекин карантин шароитида ижтимоий масофани сақламаслик касаллик тарқалишининг асосий омили бўлгани учун масофа сақлаш, хоҳ жамоат жойида бўлсин, хоҳ масжидда бўлсин вожиб даражасига кўтарилди. Ҳозир бутун ислом оламида бу қоида татбиқ этиляпти.

Касаллик тарқалишидан сақланиш мақсадида саф тортилса, намоз бузилмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Чунки узрли ҳолат бўлганда суннат соқит бўлади. Касаллик тарқамаслиги учун сафларнинг орасини очишга эҳтиёж бор.

Шу билан бирга, намоз ўқиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлгани каби, инсон ўз жонини сақлаши ҳам У Зотнинг буйруғидир. Демак, жонимизни таҳликага қўймасдан намозни адо қилсак, ҳар икки буйруқни бажарган бўламиз.

Савол: Нега беш вақт намозга бир марта азон айтилади-ю, жума намозига икки марта азон айтилади? Бунинг ҳикмати нима?

Жавоб: Жума – мусулмонларнинг байрами, кунларнинг улуғидир. Жума ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: “Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Қачонки, жума кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир» (Жумъа сураси, 9-оят).

Оятдаги “нидо” имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Набий алайҳиссалом ва Абу Бакр Сиддиқ ҳамда Умар Форуқ розийаллоҳу анҳум даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрат Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам яна бир марта азон айтишни йўлга қўйганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга шошилишган. Имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқли.

Мазкур ояти карима билан икки ракатли жума намози фарз қилинди.

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан