Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Fevral 16, 2021 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Яқинда таҳририятимизга Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан мактуб келди. Унда ёзилишича, ўша ҳудуддан Россияга бориб ишлаётган айрим кишиларнинг хизмат ҳақлари берилмаётган экан. Хизмат ҳақларини бермаётганлар ҳам бегона эмас, балки ўзимизникилар экан. “Динимизда бировни ишлатиб, унинг “пешона терини” бермасликнинг ҳукми қандай?” деб сўраган мактуб муаллифи Ғ.Дувлаев. 

 

ЖАВОБ: Ҳаётда ўзгаларнинг ҳақига тажовуз қиладиган, бировларнинг молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон бўлиб кўринсалар­да, аслида улар ночор ва ноинсоф кишилардир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳақдорнинг пешона тери қотмасидан олдин унинг ҳақини беринг”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Муфлис кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Улар (саҳобалар): “Бизнингча, муфлис дирҳами, ҳеч вақоси йўқ кишидир”, дейишди. Шунда у зот: “Умматимдан (бўлган) муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Шу билан бирга, буни сўккан, бунга туҳмат-бўҳтон қилган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган ҳолида келади. Шунинг учун бунга ҳам, унга ҳам унинг савобларидан (олиб) берилади. Агар (зулм қилган киши) зиммасидаги (қарзлари) тўланишидан аввал савоблари тугаб қолса, (даъвогарлар) гуноҳи унга юкланади. Кейин жаҳаннамга ташланади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳаётда ўзгаларнинг молига кўз олайтириб, уларга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб берадилар ва албатта ҳақлар Аллоҳ тарафидан ўз эгаларига олиб берилади. Дунёда қилган тажовузлари, хиёнатлари уларга аламли азобнинг келишига сабаб бўлади. Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Мол­мулкларингизни ўртада ноҳақ йўл билан емангиз!(Нисо сураси, 188-оят), деб марҳамат қилинади.

Уламолар бировларнинг ҳақини ноҳақ егувчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур­озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради, дейишган.

Аждодларимиз бировнинг ҳақидан қаттиқ ҳазар қилишган. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳақидан астойдил қочганлари машҳурдир. Бу зот тижорат билан шуғулланиб юрганларида, молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан алоқани узиб, ўша молдан келган даромаднинг ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Демак, динимизда бировни ишлатиб, унинг ҳақини бермаслик қаттиқ ва қатъий қораланади. Шу билан бирга, чет элда бир­бирини қўллабқувватлаш, ёрдам бериш ўрнига, ўз юртдоши, диндошини ишлатиб, уни алдаб юриш жуда аянчли ва шармандали ҳолатдир. Аллоҳ таоло бундай кишиларга инсоф берсин.

 

САВОЛ: Яқинда бир маъракада имом домла ҳозирги кунда динини маҳкам ушлаган киши худди чўғни тутгандек бўлади, деган мазмундаги ҳадисни айтиб қолди. Шошиб чиқиб кетганим учун мавъизани охиригача эшитолмадим. Шу маъракада қатнашган бир неча кишидан мазкур ҳадисни сўрадим, улар тўлиқ тушунтира олишмади. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

 

ЖАВОБ: Дарҳақиқат, шу мазмундаги ҳадислар бор. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кечанинг зулмат бўлакларига ўхшаш фитналар келгунча амалларни қилиб қолишга шошилинг. Ўшанда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кеч киритади. Мўмин бўлиб кеч киритиб, кофир бўлиб тонг отдиради. У ўз динини дунёнинг (ўткинчи) ҳою ҳаваси эвазига сотади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиси шарифни марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссалом кучли фитна бўладиган замон келишидан олдин солиҳ амалларни қилиб қолишга тарғиб қилмоқдалар, дея шарҳлаган.

Шундай замонлар бўладики, унда одам бир кечаю кундуз орасида имон ва куфрда тез­тез алмашиб турар экан. Энг даҳшатлиси, банда ўз динини дунё учун сотиб юборар экан. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!(“Ҳадис ва ҳаёт”).

Бошқа бир ҳадисда: “Кечанинг зулмат бўлакларига ўхшаш фитналар яқинлашганлиги туфайли арабларнинг ҳолига вой бўлсин. Ўшанда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кофир бўлиб кеч киритади. Ўшанда қавм дунёнинг арзимас матосига динларини сотишади. Ўша кунда динини маҳкам ушлаган киши қўлида чўғни тутиб турувчи каби бўлади”, дейилган.

Яна бир ривоятда эса: “Тиканни қўлида сиқиб ушлаб турган каби бўлади”, дейилган. Бошқасида эса: “Инсонларга бир замонлар келади, ўшанда динига сабр қилувчилар қўлида чўғни тутиб турувчи каби бўлади”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

 

САВОЛ: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйланган ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳунинг Абдуллоҳ исмли фарзанди бўлган экан. Лекин бу ҳақда сийрат китобларида маълумотлар кам учрайди. Бунинг боиси нима?

 

ЖАВОБ: Дарвоқе, ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳунинг ҳазрат Руқия розийаллоҳу анҳодан бир ўғли бўлган. Бу ҳақда Ибн Саъд “Ат­табақот” асарининг 2­жилди 54­бетида, Ибн Ҳажар эса “Фатҳул Борий” китобининг 7­жилди 48­бетида бундай маълумотларни келтирган: Ҳижратнинг тўртинчи йили, Руқия розийаллоҳу анҳо вафотидан икки йил кейин Расулуллоҳнинг олти ёшли муборак набиралари Абдуллоҳ бир куни боғчада ўйнаб ўтирганида бир хўроз дабдурустдан унга ҳужум қилади. Хўроз ширин болакайни бир чўқиб йиқитиб, сўнгра устига чиқиб, унинг юз­кўзларидан чўқий бошлади. Қутқармоқчи бўлиб югуриб келганлар Абдуллоҳнинг қонлар ичида ётганини кўришади. Унинг кўзлари ўйилган, кўриш имкониятидан бебаҳра қолган эди. Шундан сўнг Абдуллоҳ кўп яшамади. У қабристонга, онасининг қучоғига дафн қилинди. Ўша пайт тақвим ҳижратнинг тўртинчи йили, Жумодул аввал ойини кўрсатаётган эди.

 

САВОЛ: Аёл киши турмушга чиқаётганида, бўлажак эрига: “Мендан рози бўлишингизни ўзи менга маҳр учун етарли” деса, кейин эр ўзининг розилигини маҳр сифатида берса, шу шариатимизда жоиз бўладими?

 

ЖАВОБ: “Маҳр” никоҳ ақди тузилганидан ке йин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган нарсанинг номидир. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг” (4-оят), деб марҳамат қилган.

Никоҳ ақди амалга ошиши билан маҳр бериш эрга вожиб бўлади. Берилганда ҳам, куёв томонидан чин дилдан берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади.

Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто келин­куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори келиб чиқади.

Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ”, дедилар (Имом Дорақутний ва Имом Байҳақий ривояти).

Маҳр моддий қийматга эга бўлган нарсани бериш билан амалга ошади. “Эрнинг розилиги”, “Қуръони каримни таълим бериш”, “Ҳажга олиб бориш” каби маънавий нарсалар маҳр бўлмайди. Маҳр – кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса, жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим. 

Толибжон НИЗОМ
тайёрлади.