Мақолалар

Фиқҳ. Ҳайвон сўйишнинг ҳукм ва одоблари

Чоп этилди Iyul 19, 2021 Фиқҳ. Ҳайвон сўйишнинг ҳукм ва одоблариda fikr bildirishni o'chirish

Динимизда ҳайвон сўйишнинг ҳам ўз одоб ва ҳукмлари бор. Ҳайвон сўйиш араб тилида “забҳ” дейилади. “Забҳ” луғатда “ёриш” маъносини англатади. Истилоҳда эса бўйин билан бош ўртасидан ҳалқумни кесишдир. Забҳ – ҳайвон гўштини ҳалоллаб берувчи восита ҳисобланади.

Ояти карималарда гўшти ейиладиган ҳайвонлар тириклигида сўйиб олиниши шарт қилинган. Чунки сўйиш сабабли нажас қон тоза гўштдан ажраб чиқади ва гўшт ҳалол-пок бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг гўшти забҳ билан ҳалол бўлмайди, балки покланади, холос. Яъни, улардан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин.

Шариат қассобга ҳам бир қанча талабларни қўяди. Аввало, у мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши ҳамда сўйишдан олдин “басмала” айтиши лозим. Агар “басмала” қасддан тарк қилинса, сўйилган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлади. Шунингдек, “басмала” айтишга ақли етмайдиган ёш бола, мажнун кабиларнинг сўйиши жонлиқ гўштини ҳалол қилмайди.

“Басмала” ҳайвон бўғзига пичоқ тортишдан олдин айтилади. Агар бошқа амалга киришиб кетилса, “басмала”ни қайта айтиш керак. Сув ичиш ё саволга жавоб қайтариш каби кичик амал “басмала”га халал бермайди. Афзали – “басмала” билан пичоқ тортиш орасига бошқа амални аралаштирмаслик. Агар “басмала”дан кейинги амал таҳорат олар миқдорича чўзилиб кетса, бошқатдан айтилади.

“Басмала” айтилгандан сўнг жонлиқ ўрнидан туриб кетса, бир муддат ўтиб, у яна сўйиш учун ётқизилса, “басмала”ни қайта айтиш шарт. Забҳда айтиладиган “басмала” фақат сўйилаётган ўша ҳайвон учун хос бўлса, овда ов қуролига хосдир. Шунга кўра, бир жонлиқ ётқизилиб, унга “басмала” айтилса, сўнг ўша “басмала” билан бошқа жонлиқ сўйилса, ҳалол бўлмайди. Аммо “басмала” айтиб, милтиқдан ўқ узилса, гарчи ўқ нишонга олинганидан бошқа овга тегса ҳам, у ҳалол бўлаверади.

Агар қассоб жонлиқни ётқизиб, “басмала” айтгач, қўлидаги пичоқни қўйиб, бошқа пичоқ билан сўйса ҳам бўлади. Чунки баён қилинганидек, “басмала” сўйиш асбобига эмас, сўйиладиган ҳайвонга хосдир.

Сўйиш одатда ҳайвоннинг кўкраги ва ҳалқумининг орасидаги томирларини кесиш билан амалга оширилади. Бунда тўрт аъзо кесилиши лозим: ҳалқум, яъни кекирдак, қизилўнгач ва иккита қон томир. Улардан учтаси бўлса ҳам, ҳайвоннинг тириклигида кесилса, ҳалол бўлади. Сўйиш асбоби ўткир тиғли бўлиши мустаҳабдир.

Зарурат пайтида ҳайвоннинг имкон етган жойини жароҳатлаш билан ҳалоллаш мумкин. Бундай шошилинч вазиятда тош, темир каби қон оқизиш мумкин бўлган ўткир нарсалардан фойдаланиш жоиз.

Сўйилаётган ҳайвон ҳам сўйиш вақтида тирик бўлиши, унинг жони сўйиш билан узилиши лозим. Йиқилиш, бўғилиб қолиш, сувга чўкиш каби бошқа сабаблар билан ўлмаган бўлиши шарт.

Сўйишнинг суннат ва одоблари:

– ният, яъни қурбонлик ё назр ёки таом улашиш мақсадида бўлсин, Аллоҳнинг розилигини кўзлаш;

– сут бериб турган ҳайвонни сўймаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сут берадиганини сўймагин”, деганлар. Шариат бандани ўзига фойдаси тегиб турган нарсадан маҳрум қилишга чақирмайди;

– жонлиқни бошқа ҳайвонларнинг кўз ўнгида сўймаслик. Зеро, бу унда қўрқув ва ўлим машаққатини зиёда қилади. Айниқса, боласини онасининг ёки онасини боласининг олдида сўймаслик. Бу бераҳмлик аломати ҳисобланади;

– пичоқ каби тиғи ўткир асбоб билан сўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Забиҳасини (яъни сўйиладиган жонлиқни) оромлантирсин!” деганлар (Имом Муслим ривояти). Пичоқнинг тиғи ўткир бўлса, ҳайвон камроқ азоб чекади.

– сўйиш амалини тезлик билан бажариш, токи ҳайвон узоқ қийналмасин;

– сўйиш амалини қиблага юзланган ҳолда бажариш;

– пичоқни ҳайвоннинг кўз ўнгида ўткирламаслик. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қўйни сўйиш учун ётқизиб, пичоғини ўткирлаётган кишига Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни икки марта ўлдирмоқчимисан, пичоғингни уни ётқизишдан олдин ўткирламайсанми?” дедилар» (Имом Ҳоким ривояти);

– ҳайвонни чап тарафи билан ётқизиш ва қаттиқ йиқитмаслик;

– ҳайвонни сўйиладиган жойга судрамай ҳайдаб бориш;

– сўйишдан олдин ҳайвонга сув бериш;

– агар ҳайвон қурбонлик каби бирор қурбат учун сўйилаётган бўлса, тасмия айтишдан олдин уч марта такбир айтиб, сўнгра “Аллоҳумма ҳаза минка ва илайка, фа тақоббалҳу минний”. Яъни, “Аллоҳим, бу Сендан ва Сенгадир. Уни мендан қабул эт”, дейиш ва “басмала” айтиш;

– ўнг қўли билан сўйиш;

– кундузи сўйиш. Бу сўйиш асносидаги хато-камчиликларга йўл қўйишдан сақлайди. Мазҳабимизда тунда сўйиш макруҳи танзиҳий ҳисобланади.

Ҳайвон сўйишда макруҳ бўлган ишлар:

– қиблага юзланмаслик;

– қўй ва молнинг оёқларини боғламай, тик ҳолида, туяни эса ётқизиб сўйиш;

– сўйишда ҳайвонга азоб бериш: бошини бутунлай узиб юбориш, бўйнини синдириш каби;

– ҳайвоннинг кўз ўнгида пичоқни ўткирлаш;

– сўйишни бошқа ҳайвонлар кўз ўнгида амалга ошириш;

– ҳайвон ҳаракатдан тўхтаб, жони тўлиқ узилмасидан орқа миясигача ёки бошини узиб юборар даражада кесиш, бўйнини синдириш, терисини шилишга киришиш.

Нажосат еб қўйган сигир ё туяларни ҳайвондан нажосат ҳиди кетганидан кейин сўйган афзал.

“Басмала”нинг ҳукмлари

Ҳайвонни сўйишдан олдин “басмала” айтиш, яъни “Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар” дейиш фарздир. Агар у қасддан тарк қилинса, сўйилган ҳайвон гўшти ҳалол бўлмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Кифоя” номли китобида бунга қуйидаги оятларни далил сифатида келтиради:

«…Туяларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг…» (Ҳаж сураси, 36-оят).

«Агар Унинг оятларига имон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!» (Анъом сураси, 118-оят).

«Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир…» (Анъом сураси, 121-оят).

Ов пайтида овга ўқ отишдан ёки ов томонга итни қўйиб юборишдан аввал “басмала” айтиш фарздир.

«Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: “Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингизга сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар! Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор Зотдир”, деб айт!» (Моида сураси, 4-оят).

Адий ибн Ҳотам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон ўқ отсанг, Аллоҳнинг исмини зикр қил! Агар отганингдан сўнг уни ўлган ҳолда топсанг, уни еявер…, деганлар (Имом Муслим ривояти). Адий ибн Ҳотам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қачон итингни овга юборсанг ва унга Аллоҳнинг исмини зикр қилган бўлсанг, у сенга тутиб келтирса, уни еявер!” деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби