Мақолалар

Танидан жонни бериб ҳам, қўлидан байроқни бермаган шайх

Чоп этилди Noyabr 18, 2019 Танидан жонни бериб ҳам, қўлидан байроқни бермаган шайхda fikr bildirishni o'chirish

Нажмиддин Кубро (1145-1221)​ – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг ҳаёти, кароматлари, саҳовату қаҳрамонликлари ҳақида эл орасида кўплаб афсона ва ривоятлар мавжуд. 
Халқимиз ўзининг бу азиз ва табаррук фарзандини эъзозлаб, асрлар давомида номини хотирасида сақлаб келмоқда. Тасаввуфга оид манбаларда ҳам Нажмиддин Кубронинг ишлари, мартаба ва мўъжизалари ҳақида сўз боради.
Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келади. Унинг асл исми Аҳмад бин Умар бин Муҳаммад ал-Хевақий ал-Хоразмий бўлиб, “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абулжанноб”, “Валийтарош” сўзлари бу зоти мукаррамнинг лақаб, унвон ва куниятидир.
Нажмиддин Кубро тахминан ўн олти-ўн етти яшарлигида Ватани Хоразмни тарк этиб, таҳсилни чуқурлаштириш мақсадида Эрон, Миср, Шому Ироқ мамлакатларини кезади.
Шу тариқа Нажмиддин Кубро Бағдод, Табриз, Нишопур, Тус, Дизфул шаҳарларидаги атоқли олимлардан шариат илмлари, ҳадис ва тафсирни чуқур ўзлаштириб, донишманд инсон бўлиб етишади.
Унинг буюк сўфий шайх бўлиб етишишида мазкур уч нажиб инсон – Рўзбеҳон Мисрий, Аммор Ёсир ва Исмоил Қасрийларнинг хизмати сингган.
Нажмиддин Кубро Хоразмга 1185 йилда қайтиб келади. Демак, бу вақтда у қирқ яшар бўлиб, йигирма беш йилдан ортиқ умрини илм таҳлилига бағишлаган эди. У Хоразмга қайтгач, катта хонақоҳ қурдириб, тариқатда янги бир мактаб – йўналиш ҳисобланмиш кубравия сисиласини асослади.
Нажмиддин Кубро тасаввуфнинг буюк амалиётчиларидан биридир, унгача Хоразм халқи ушбу таълимотдан бебаҳра эди.
Нажмиддин Кубро аксар сўфий шайхлар каби рубоий ёзиш билан шуғулланган. Рубоийларида фалсафий мушоҳадалар, таваккул, тақдир ҳақида, оламнинг тузилиши ҳақида ўйлар акс этган.
ЎША АФСОНАВИЙ МАРДЛИК ТАРИХИ
Душман Чингизхон тўдалари​ Хоразмга яқинлашганда, Муҳаммад Хоразмшоҳ қочиб кетган, лашкар пароканда эди. Шайх муридларини жамлаб, уларга қараб бундай дейди: “ Машриқдан келган бу бало Машриқу Мағрибни яксон этади, ёндириб кул қилади. Сизлар ҳар бирингиз ўз юртингизга боринг, ўз жонингизни асраш пайида бўлинг”.
Асҳоб шайхга илтимос қилиб дедилар: “От-уловлар тайёр, агар шайх биз билан ҳамроҳ кетишни ихтиёр этсалар, яхши бўларди”.
Бунга жавобан Шайх Нажмиддин Кубро дейди: “Мен бу ерда шаҳид бўламан, менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ”.
Куффор, яъни мўғул аскарлари Гурганжга кирганда, шайх қолган-қутган муридлари билан жангга шайланади. У хирқасининг устидан белбоғ боғлаб, қўйинларини тош билан тўлдиради, қўлига найза олиб, душман қаршисига чиқади.
Душманга қараб тош ота бошлайди, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Аммо ёвлар унинг устига камон ўқи ёғдирадилар. Бир ўқ келиб кўкрагига тегади. Алишер Навоийнинг ёзишича, Нажмиддин Кубро бир ҳамлада душман байроғини тортиб олган. Етмиш беш яшар мўйсафид – қалбларни нурлантирган шайхи кабир ҳолдан тойиб, кучи кетаётганини сезса ҳам, жангни тўхтатмайди, душман байроғини ғазаб билан маҳкам тутамлаб олди-да, шу ҳолатда жон берди.
Дейдиларким, вафотидан кейин ўнта одам унинг маҳкам қисилган панжалари орасидан байроқни зўрға ажратиб олган. Шу тариқа Нажмиддин Кубро 1221 йилда Чингизхон тўдаларига қарши жангда шаҳид бўлди.​
Улуғ шайх ва донишманд инсоннинг бу қаҳрамонлиги, жасорати душманни ҳам ҳайратга солган. Бу иш авлодларга ибрат бўлди, халқ орасида афсонага айланиб кетди.

ЎзА