Мақолалар

Бошга не келса, тилдандир

Чоп этилди Iyun 19, 2019 Бошга не келса, тилдандирda fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримнинг Ват-тин сураси 4-оятида инсонни хушбичим, хушсурат қилиб яратгани ҳақида хабар берган Аллоҳ таоло Исро сураси, 53-оятида бундай амр этади: Бандаларимга айтинг (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар .

Ҳадиси шарифда айтиладики: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади” (Имом Муслим ривояти).

Демак, мўминнинг ибодати, оилавий ҳаёти, инсоний муносабатлари, кийиниши, еб-ичиши, хуллас туриш-турмуши, намунали бўлиши зарур, шу жумладан, гап-сўзи ҳам. Зеро, “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деган Пайғамбаримиз алайҳиссалом умрлари давомида ҳеч кимга озор бермадилар. Аллоҳнинг: “…одамларга ширинсўз бўлинг(Бақара сураси, 83-оят) амрига кўра, раҳмат лисони ила кўнгилларни уйғотдилар, қақраган виждонларни яшнатдилар, ранжиган дилларни қувнатдилар. Ширин сўз садақа эканини баён этдилар (Имом Бухорий ривояти), Аллоҳ зикридан бошқа нарсаларни гапиравериш қалбни қаттиқлаштиришини билдирдилар (Имом Термизий ривояти), одамлар орасида гап ташиб фитна-фасодга сабаб бўлганлар жаннатга кирмаслиги хабарини бердилар (Муттафақун алайҳ). Умматни фойдасиз иш ва сўздан қайтардилар: “Беҳуда нарсаларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти). Яна айтдилар: «Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни мажлиси энг яқинингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мажлиси энг узоғингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳ (мутакаббир)ингиздир» (Имом Термизий ривояти).

Қиёмат куни Пайғамбар алайҳиссаломга яқин бўлишни хоҳлаган мўмин хулқини чиройли қилиши ва ҳар сўзини ўйлаб айтиши шарт. Ҳадиси шарифда таъкидланадики: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” (Муттафақун алайҳ).

Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган машҳур насиҳати бор: “Индамаганим учун асло пушаймон бўлмадим. Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир”.

Чиндан, калом эгасини разил ҳам, вазир ҳам қилиши мумкин. Бинобарин, шайтон Парвардигорга эътироз билдириб айтган гаплари билан абадий лаънатга учради. Мавлоно Румий ёзганидек: “Оғиздан бехос чиққан сўз камондан учган ўқ сингаридир. Ҳеч қачон ўрнига қайтмайди. Сўз борки, дунёни хароб қилади; сўз борки ўликдек турган тулкига арслон жасоратини бахш этади”. Шу сабабли ҳам Луқмони Ҳакимдан: “Беморга нималар берайлик?” дея сўрашганида, “Дил оғритадиган гапдан бошқа ҳар қандай таом бераверинг”, деган экан.

Яна бир хусус бор, мўмин ёлғон гапдан тийилиш билан бирга оғзи ёмон одамлардан узоқ бўлиш ҳам керак.

Ширинсўзлик дегани фақат одамларга ёқадиган маъқул гапни эмас, балки рост ва ҳақни айтишдир. Лекин бунда ҳам Фиръавн ҳузурига юборилган Мусо алайҳиссаломга амр этилганидек, юмшоқлик зарур.

Юсуф Хос Ҳожиб айтади: “Қўпол сўз олов мисолидир. Уни оғзингдан чиқарсанг, энг олдин ўзинг ёнасан”.

Мўмин одам тортишувларга сабаб бўладиган калималардан қочади. Қалбга кириб борадиган ифодаларни танлаб гапиради. Доимо «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда Саломатлик бўлсин! деб жавоб қиладиган…» (Фурқон сураси, 63-оят); «Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган…» (Фуссилат сураси, 33-оят) саодатманд бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилади.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

тайёрлади

«Ислом нури»  газетасининг 2019 йил, 10 сонидан