Фақиҳлардан таълим олган муҳаддис
Муҳаддис, фақиҳ Имом Зуҳрий катта тобеинлардан эди. Унинг ота-боболари Пайғамбаримизнинг она томондан қариндошлари — Қурайшнинг Бани Зуҳра уруғига мансуб. Тўлиқ исм-шарифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим ибн Убайдуллоҳ ибн Шиҳоб. У Бани Зуҳра қавмидан бўлгани учун «Зуҳрий» тахаллусини олган, «Ибн Шиҳоб» эса куняси эди.
Имом Зуҳрий ҳижрий 50-йилда Мадинада туғилган. Шу ерда машҳур етти фақиҳдан таълим олган. Унинг ўзига яқин саҳобалар суҳбатида бўлиб, улардан ҳадислар ривоят қилган. Илмга кучли иштиёқ билан доим қўлида лавҳ кўтариб юрар ва эшитган дарсини ҳам ёдида сақлар, ҳам ёзиб оларди. Буни кўрган дўстлари уни масхара қилар эдилар.
Зеҳни ўткир бўлганидан Қуръони каримни саксон кечада ёд олган. Манбаларда қайд этилишича, Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ ўз даврида ҳадис ва уни ривоят қилишда тенги йўқ олим эди. У Мадинадалик пайтида муҳаддислар илм ҳалқаларидаги дарсларини тўхтатиб, унинг илм мажлисига йўл олардилар. Баъзи олимлар узоқ ўлкалардан келардилар.
У дарсларини ушбу дуо билан якунларди: «Ё Аллоҳ, Сендан дунё ва охират яхшиликларини сўрайманки, улар Сенинг илминг ила иҳота этилгандир. Ва Сендан дунё ва охират ёмонликларидан паноҳ тилайманки, улар Сенинг илминг ила иҳота этилгандир».
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ катта олим бўлиши билан бирга, саховатли ва кенгфеъл инсон эди. Муҳтожлардан борини аямасди. Агар беришга ҳеч вақоси бўлмаса, хизматкорларидан бирига: «Эй фалончи, менга қарз бер, сенга кейин қайтараман», дерди.
Бир куни шогирди ундан илм ҳақида ҳадис сўради. У эса танбеҳ бериб: «Сизлар илмни эскирган сув идишларидек ташлаб қўйдингиз, энди уни излаяпсизми? Бу кетишда сиз ҳеч қачон яхшиликка эришмайсиз!» дея уни илмга иштиёқини кучайтиришга ундади.
Ҳижрий иккинчи асрда Имом Зуҳрийдан таълим олган шогирдлари етук фақиҳлар бўлиб етишиб, ўз мактабларига асос солишди.
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ етмиш йил умрини илм олиш ва тарқатишга бағишлади. У ўлимидан олдин бундай васият қилди: «Мени йўловчилар кўп ўтадиган йўл бўйига дафн этинглар. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлсам, ажаб эмас».
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий иккинчи асрнинг 22-йили Шом ва Фаластин чегарасидаги Шағаб қишлоғида вафот этди.
Ҳайдархон БОЛТАБОЕВ,
Тошкент шаҳри, «Абу Сахий» жоме масжиди имом ноиби
(Б.Эралиев уюштирди).
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws