Умму Ҳасан Хайро Басрия
Солиҳа аёлларнинг намунали ҳаёти жамиятда юксак ахлоқ ва фазилатларни шакллантиришда муҳимдир. Тобеинлар даврида ҳам кўплаб илмли ва фазилатли аёллар етишиб чиққан бўлиб, улар жамият ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган. Жумладан, Уммул Ҳасан Хайро Басрия ана шундай етук ва тақводор аёллардан бири сифатида эътироф этилади. У фиқҳ ва ҳадис илмларида етук бўлиб, зоҳидлик ва юксак одоби билан танилган.
Хайро Басрия икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Уларнинг бири – Ҳасан ибн Абу Ҳасан Басрий бўлиб, у тобеинлар орасидаги энг йирик уламолардан бири, Басра аҳлининг шайхи ва ўз даврининг пешқадам алломаси сифатида танилган.
Муҳаммад ибн Саъд уни камтар, фақиҳ, ишончли, обид ва зоҳид аллома эди, дея таърифлаган. Шунингдек, Шамсуддин Заҳабий унинг суратию сийратини, жасоратини тилга олган.
Унинг иккинчи ўғли – Саид ибн Абу Ҳасан Басрий ҳам ишончли ровийлардан бўлиб, онасидан ҳадис ривоят қилган ва зоҳидлиги билан танилган. Хайро ўғли Ҳасан Басрийни ҳижрий 21-йилда, яъни Умар ибн Хаттоб халифалигининг охирги йилларида дунёга келтирган.
Хайро Басрия мўминлар онаси – Умму Салама хизматларида бўлган солиҳа аёл эди. Шу боис, унинг ўғли Ҳасан Басрий болалигиданоқ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байти муҳитида тарбия топди. Бу муҳит унинг маънавий камолотига катта таъсир кўрсатди.
Хайро Басрия асосан Ойша бинти Абу Бакр ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан ҳадислар ривоят қилган. Унинг эри Ясор асирликдан озод этилган бўлиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Хайро билан оила қурган. Хайро оиласига ғамхўр бўлиш билан бирга, Умму Салама онамизга ҳам садоқат билан хизмат қилган.
Ривоятларга кўра, Хайро баъзан гўдак Ҳасанни Умму Салама розияллоҳу анҳо қарамоғида қолдириб кетарди. У йиғлаганда эса Умму Салама розияллоҳу анҳо уни овутарди, ҳатто эмизган деган ривоятлар бор. Уламолар Ҳасан Басрийнинг илм ва ҳикмат соҳасидаги юксак даражасини ана шу муборак муҳит баракаси билан ҳам боғлайди.
Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанни саҳобалар ҳузурига олиб борар, улар эса унга дуо қилар эдилар. Бир сафар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни кўриб: “Ё Аллоҳ, уни динда фақиҳ эт ва одамларга севимли қил!”, деб дуо қилди. Шундан бўлса керак, Ҳасан Басрий тобеинлар орасида машҳур уламолардан бирига айланди. У ҳақда: “Ким уни кўрса, ҳатто сўзини эшитмаса ҳам ундан ибрат олади” деган таърифлар келтирилган.
Хайро Басрия зеҳни ўткир, хотираси мустаҳкам эди. Ибн Ҳиббон уни ишончли ровийлар қаторига киритган. У аёллар даврасида шариат илмларидан дарс берган.
Айрим ривоятларда Хайро илм борасида ўғлидан устун эди, дейилади. Ибн Халликон ўзининг “Вафайот ал-аъён” асарида бу ҳақда қимматли маълумотлар келтирган.
Демак, тобеинлар даврининг етук, тақволи ва илмли аёлларидан бўлган Уммул Ҳасан Хайро Басрия ҳадис ва фиқҳ илмларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws