Мақолалар

Фуқаролар дейиш тўғрими?

Чоп этилди Avgust 3, 2019 Фуқаролар дейиш тўғрими?da fikr bildirishni o'chirish

Бамисоли уламо, фузало олиму фозилнинг кўплик шакли бўлганидек, фуқаро ҳам фақирлар, яъни камбағаллар, йўқсиллар демакдир. Қоидага кўра, фуқарога ҳам лар қўшиш хато бўлади.

Илмий, мантиқий нуқтаи назардан ҳам, шаклу мазмун жиҳатдан ҳам бу ҳуқуқий атама устида турли баҳслар юради.

Лекин замон кўзи билан қарасак, фуқаро ҳам меҳнаткаш атамаси билан қисматдош экан. Ҳар икки сўз мажруҳлик, тубанлик, бахтсизлик чоҳидан озод бўлиб, қадр-қиммат минбарига юксалибдилар.

Шундай камол топган сўзларга дуч келганимда, ўзбекнинг сўзи — ўзбекнинг ўзи, деган фикр кўнглимдан ўтади.

Қадим замонларда Миср султонлари асирликка олиб ўз мулкига айлантирган, яъни мамлук қилган аскарлар вақт келиб султонларни қулатгани, беш юз йил Мисрда ҳукм сургани тарихдан маълум.

Аслида қул маъносини англатувчи мамлук Мамлуклар салтанати бўлиб, соҳиблик мақомини олган эди.

Келиб чиқиши фақир бўлган фуқаронинг бугунги соҳиблик мақоми, юрт эгаси даражасига кўтарилгани ана шу тарихни эслатади. Фарқ шуки, фуқаро ҳозирги мақомга қадам-бақадам кўтарилган. Фақирлик — тобеликка, тобелик даражама-даража юқорилаб, аввал хожанинг фуқароси, сўнг амиру султоннинг, бора-бора мамлакатнинг фуқароси қадар етиб келган.

XIX аср бошларида Қўқонда яшаб ижод этган ўз замонининг малик уш-шуароси бўлган Фазлийнинг: “Сенга арз этар фуқароларинг”, — деган сўзлари бор. Бу ғазалга шоир Вола боғлаган мухаммас “Бозургоний” куйига солиб ҳали ҳамон айтилади. Демак, бундан икки аср аввал фуқаро амирликка тобе инсон маъносида ишлатилган ва фуқаролар шакли ҳам мавжуд бўлган.

Бугун энди фуқаро сўзи жулдур тўнини ечиб, замонавий либосда қад кўтарган. Бир қўли билан русча гражданин, иккинчи қўл билан инглизча ситизен сўзларини маҳкам ушлаб, дунё саҳнида мағрур турибди.

Зотан гражданин ҳам, ситизен ҳам ўзларининг аввалги шаҳарлик деган маъноларини аллақачон тарк этганлар.

 

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг

“Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз” мақоласидан.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди