Мақолалар

ҚУРБОНЛИККА ДОИР ҲУКМЛАР

Чоп этилди Avgust 9, 2019 ҚУРБОНЛИККА ДОИР ҲУКМЛАРda fikr bildirishni o'chirish

Савол: Мен, иншоаллоҳ, бу йил қурбонлик қилмоқчиман. Динимизда қурбонликни сўйишнинг аниқ вақти борми?

Жавоб: Динимизда қурбонлик қилишнинг аниқ вақти белгилаб қўйилган. Қурбонликнинг вақти ҳайит намозидан сўнгдир. Бунга Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил: “Дарҳақиқат, бугунги кунни дастлаб Қурбон ҳайити намозини ўқишдан бошлаймиз. Сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қиламиз. Кимки шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимки ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади, қурбонликни учинчи кун аср намозигача сўйиш мумкин. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Савол: Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг сифатлари қандай бўлиши керак?

Жавоб:  Қўйдан жазаъа – олти ойлик ва саний ҳамда ундан каттаси қурбонликка ярайди. “Саний” деб бир ёшли қўй ва эчкига, икки ёшли молга ва беш ёшли туяга айтилади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўйларни ўз саҳобаларига қурбонлик қилишларига тақсимлаб бериш учун бердилар. Бас, бир ёшли улоқча ортиб қолувди, бу ҳақда Расулуллоҳга айтилган эди. У зот: “Уни сен қурбонлик қил”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

“Мусинна” туядан беш ёшли, қорамолдан икки ёшли, қўй-эчкидан бир ёшли бўлганидир.

“Жазаъа”, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, қўй-эчкининг олти ойлигидир. Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчкини қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли бир ёшли қўйга қурби етмаса, олти ойлик қўй бўлса ҳам, кифоя қилади.

Қурбонликка шохсиз, бичилган ва қўтир ҳайвонларни сўйса бўлади. Аммо ўта озғин ва сўйиладиган жойга юриб бора олмайдиган чўлоқ жониворни сўйиш жоиз эмас. Шунингдек, қулоғининг ярми йўқ, кўзи кўр, думбаси ва думининг учдан бири кетгани ҳам қурбонлика ярамайди.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: 1) ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, 2) касаллиги очиқ­-ойдин ҳайвон, 3) чўлоқлиги очиқ­-ойдин ҳайвон ва 4) мияси чатоқ ҳайвон”, дедилар».

Савол: “Ислом нури” газетасида “ўлимтик” деган сўзни учратдим. Ўлимтик нима?

Жавоб: Сўйилмасдан ўзи ўлиб қолган ҳайвон ўлимтик бўлгани каби, боши узиб олинган, мияга тўқмоқ урилган, қулоқ пардасига қичқириқ юбориб ўлдирилган ҳайвонлар ҳам ўлимтикдир. Шаръий қоидаларга риоя қилинмасдан, ҳалқуми ва икки қон томири кесилмай бўғизланган ҳайвоннинг ҳам гўшти ейилмайди (“Неъматул Ислам”, 678-б).

Тепаликдан қулаган, бошқа бир ҳайвон билан шохлашиб қулаган ёки бўри бўғизлаган ҳайвон ҳам ўлимтикдир. Бундай ҳайвонларни ўлишидан аввал шаръий қоидалар асосида бўғизланмаса, уларнинг гўшти ейилмайди.

 

Савол: Қурбонликнинг гўшти қандай тақсимланади?

Жавоб: – Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйида ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг оттирмасин”, дедилар. Келаси йили бўлганда: “Ё Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қил­ганимиздек қилайликми?” дейилди. У зот: “Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифга асосланиб, одатий ҳолатларда қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, иккинчи қисмини камбағалларга бериши, учинчи қисмини сақлаб қўйиш яхши, дейдилар. Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарур. Оилали киши уларга кенгчилик бўлиши учун садақа қилишни тарк қилмоғи мандубдир.

Бу ҳукмларнинг ҳаммаси вожиб ва суннат қурбонликларга хосдир. Аммо назр қилинган бўлса, эгаси ўзи ҳам ейиши ва бойларга ҳам едириши мумкин эмас. Сўйишни яхши билса, ўз қўли билан сўймоғи мандубдир. Бўлмаса, бошқага сўйдиради.

Бошқага сўйдирганда ҳам ўзи ҳозир бўлиши лозим. Мусулмон бўлмаган кишиларга қурбонлик гўштидан берса бўлади. Қурбонлик қилган кишининг оиласи катта бўлса, у одам қурбонлик гўштини фақат оиладагилар билан ейиши мақсадга мувофиқдир.

 

“Қурбонлик рисоласи”дан

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан олинди