Мақолалар

“Хонақоҳ” масжиди: Маҳдуми Аъзам р.а. авлодларидан мерос мўътабар даргоҳ

Чоп этилди Sentabr 9, 2019 “Хонақоҳ” масжиди: Маҳдуми Аъзам р.а. авлодларидан мерос мўътабар даргоҳda fikr bildirishni o'chirish

 

Қашқадарё вилояти ўзининг бой тарихи, шонли анъаналари, ноёб маданий ва маънавий мероси билан сайёҳлар албатта бориб кўришлари, зиёрат қилишлари лозим бўлган гўшалардан бири ҳисобланади.

Ислом оламининг кўплаб буюк сиймолари ҳамда соҳибқирон Амир Темурни дунёга тақдим этган ўлка ўзининг кўҳна обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, буюк тамаддуни билан  ўзининг муаззам тарихидан ҳамон сўзлаб турибди.

Қарши шаҳридаги  “Хонақоҳ” жоме масжиди эътиборга сазовор қадимий ва албатта муқаддас ибодат уйларидан биридир.

Тўққиз аср қаъридаги масжид.

Масжид ХII асрнинг охирида Абдурраҳмон Халифа исмли мўтабар зот томонидан қурилганлиги манбаларда келтирилган. Мўғуллар босқинидан кейинги даврдаги масжиднинг тақдири номаълум.

Ҳижрий 1248 йил, милодий 1826 йилда Самариддинхон (р.а) ташаббуси билан иккинчи маротаба қайта қурилиб, бугунги кўриниш ҳолатига келтирилган. Масжид ўзининг чиллахонаси, мезанаси, сув ҳавзаси ва тошқудуғи мавжудлиги жиҳатидан шаҳарда ягона масжид ҳисобланади. Бу эса қадимдан таҳорат учун масжидда шарт-шароит яратилганлигидан далолат беради.

Хонақоҳ қисмида шарқона нақш санъат безаклари ўз аксини топган. Айвон ёнидаги узунлиги 12 метрли минора ибодат уйига алоҳида кўрк бағишлайди.

Масжидда ибодатлар адо этилиши билан биргаликда толиби илмларга Қуръони карим қироати ва бошқа исломий билимлардан сабоқлар ҳам берилган.

Собиқ иттифоқ даврида масжид бир неча бор ёпиб ҳам қўйилган.

Истиқлол қуёшидан мунаввар бўлди.

Юртимиз мустақилликка эришиб, диний қадриятларимиз, аждодларимизнинг бой маданий-маънавий мероси тиклангач, 1993 йилда “Хонақоҳ” жоме масжиди ҳам қайтадан фаолият бошлади.

Маҳаллалардаги саховатпеша инсонларнинг ҳомийлигида масжид, минора, ҳовуз, тошқудуқк, масжид орқасида жойлашган қабристондаги азиз кишиларнинг қабр ва сағаналари таьмирланди.

2015-2016 йиллар давомида масжид хонақоҳи ва ташқи қисмлари ҳамда таҳоратхонаси капитал таъмирдан чиқарилди.

Масжидда хизмат қилган 11 мўътабар зот силсиласи.

 

Масжид ҳовлисида сағана мавжуд бўлиб, сағана устида катта оқ мармар тошга жоме масжид қурилишида бош бўлган ва фаолият кўрсатган зотларнинг шажараси қуйидаги кўринишда битилган:

  1. Юсуфзеҳ раҳматуллоҳи алайҳи;
  2. Ҳалифа Сиддиқ раҳматуллоҳи алайҳи;
  3. Имоми Абдисомад раҳматуллоҳи алайҳи;
  4. Имоми Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи;
  5. Имоми Ҳазрат Мусахон Даҳбедий раҳматуллоҳи алайҳи;
  6. Имом Шайх Ҳалифа Абдураҳмон раҳматуллоҳи алайҳи;
  7. Имом Шайх Абдулаҳад раҳматуллоҳи алайҳи;
  8. Имоми Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи;
  9. Имоми Шайх Бурхониддин раҳматуллоҳи алайҳи;
  10. Ғавс Ҳуқуқайни Бадриддин раҳматуллоҳи алайҳи;
  11. Имом Шайх Абдусомад Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи.

Қабр тошидаги ушбу шажара ҳижрий 1115 сананинг Зулҳижжа ойида, мелодий 1695 йилда битилган.

Мазкур раҳматуллоҳи алайҳумлар ислом оламида Маҳдуми Аъзам унвонига сазовор бўлган Нақшбандия тариқатини ривожлантиришда ва такомиллаштиришда хизмат қилган ахлоқшунос, фақиҳ ва илоҳиётчи олим Мавлоно Жалолиддин Косоний роҳматуллоҳи алайҳининг авлодларидан бўлиб, тариқатлари Нақшбандия таълимотига асосланган.

Ҳозирги кунда “Хонақоҳ” жоме масжиди ҳар жиҳатдан обод этилиб, масжид асосчиларининг мунаввар эътиқоди силсиласини давом эттирмоқда. Масжид Қарши шаҳридаги “Қўрғонча” маҳалласида жойлашган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими