Янгиликлар

23 сентябрь – Болаларнинг ўрта мактабни тугатмаслигига қарши кураш куни

Чоп этилди Sentabr 23, 2019 23 сентябрь – Болаларнинг ўрта мактабни тугатмаслигига қарши кураш куниda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар йили 23 сентябрда “Болаларнинг ўрта мактабни тугатмаслигига қарши кураш куни” ўтказилади. Бу сана илк бор 2008 йилда AFEV (Шаҳар талабалар жамғармалари уюшмаси) ташкилоти ташаббуси билан Францияда нишонланган эди. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили 150 ўқувчи ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлмаган ҳолда Франция мактабларини тарк этар экан. Бу дегани шунча миқдордаги ёшларнинг олий таълимдан бебаҳра эканидан далолат беради. Ўрта мактабларни тугалламаган болалар билан боғлиқ муаммо нафақат Францияда, балки жаҳоннинг бошқа мамлакатларида ҳам учраб туради. Фақат французлар бу муаммога биринчи бўлиб жамоатчилик эътиборини қаратишди.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш керак. Бунинг учун ўқитувчилар, мактаблар маъмуриятлари, ота-оналар, ОАВ ва жамоат ташкилотлари биргаликда ҳаракат қилишлари керак бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, 2005 йилги маълумотларга кўра, атиги 50га яқин давлатдагина болаларнинг бошланғич таълими таъминланган. Ўша йили сайёрамиз аҳолисининг 20 фоизи саводсиз экани айтилган эди.

Тўғри дунёда ўрта таълим борасида ягона халқаро стандарт йўқ. Ўрта таълим масаласида миллий тизимларни такомиллаштириш борасида тинимсиз иш олиб борилмоқда. Саводсизлик болаларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Маълумот даражаси кишилар моддий фаровонлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. ЮНЕСКО таълимни биринчи ўринга чиқармоқда. Ташкилот томонидан 2015 йилда қабул қилинган 2030 йилгача бўлган муддатга белгиланган Тараққиёт дастурида ҳам таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган.

1924 йил Женевада Миллатлар Лигасининг Бешинчи Ассамблеясида қабул қилинган “Болалар ҳуқуқи тўғрисидаги Декларация”да “болаларга жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча шароитлар яратиб берилиши”, “оч қолган болага овқат берилиши”, “бемор болага тиббий ёрдам кўрсатилиши”, “гуноҳ қилган бола тўғри йўлга солиниши”, “етим ва уйсиз болаларга оғир дамларда ёрдам кўрсатилиши ва бошпана берилиши”, “бола меҳр кўриб вояга етиши ва эксплуатациянинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя қилиниши”, таъкидланади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳонда 700 миллиондан ортиқ киши ўқиш ва ёзишни билмайди. Аммо БМТ бу рақам 900 миллионни ташкил қилишини айтади. Саводсизларнинг учдан икки қисми Жанубий ва Шарқий Осиё ҳамда Африка мамлакатларида яшовчи хотин-қизлардир. Шунингдек, 122 миллион ўсмирнинг саводсиз экани айтилади. Африка қитьасида ўқиш ва ёзишни билмайдиган одамлар сони Бразилия аҳолиси сонидан кўп экан.

Саводсизлик билан боғлиқ муаммо ривожланган мамлакатлар учун ҳам долзарблигича қолмоқда. Масалан, 30 миллиондан ортиқ америкалик тўғри ёза олмайди. Ҳар бешта америкаликнинг биттаси “Америка” (America) сўзини ёза олмас экан.

Европада вазият нисбатан яхши. Кўхна қитьада энг кўп саводсизлар Францияда экан. Бу мамлакат фуқароларининг 9% ўқиш ва ёзишни билмас экан. Амалдорларнинг фикрича, бу каби вазият йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Германияда саводсизлар сони 4 миллион кишидан иборат экани айтилади. Бу 15 ёшдан катта бўлган аҳолининг 6,3 % ёки ҳар 6 та фуқаро демакдир.

Дунёдаги жамоат ташкилотлари саводсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга уринмоқда. Бироқ, кўпчилик ўз мамлакатларида таълимга етарлича маблағ ажратилмаслигидан шикоят қилади. Жуда кўп мамлакатларда таълим устувор масала дея белгиланмагани аянчлидир. Ҳар йили 150 миллион бола мактабдаги таълим олишни муддатдан аввалроқ тугатишга мажбур бўлар экан. Саводсиз болалар ва ўсмирлар қашшоқ ва аҳолиси зич истиқомат қиладиган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Саводсизлик ва таълимга эътибор қаратилмаслик ўз ўзидан минтақа тараққиётига зарар етказади.

ЮНЕСКОнинг таълим бўйича институти вакилларининг фикрича, кўплаб давлатлар фуқароларнинг таълим олишига етарлича эътибор қаратмаяпти. 2000 йил Сенегал пойтахти Дакарда бўлиб ўтган Таълим бўйича Жаҳон анжуманида дунёдаги саводсизлар сонини камайтириш борасида қарор қабул қилинган эди. Унда таъкидланганидек, дунёнинг қайси давлатида бўлишидан қатьий назар болалар бошланғич таълим олиши керак. Тўғри, 1970-йиллардан бошлаб жаҳонда саводсизлар сони камайиб бормоқда. Шу кунга қадар дунёда саводсизлар сони 15 фоизга камайган, аммо бу “дўппини осмонга отиш керак” дегани эмас. ЮНЕСКО вакилларининг айтишича Дакар анжуманида қабул қилинган қарорлар ўнлаб мамлакатларда бажарилмаяпти.

ЮНЕСКО ҳисоботига қараганда, таълим билан боғлиқ вазият Африкада ўта долзарблигича қолмоқда. Ривожланган мамлакатларда болалар телевизор ва компьютер қаршисига “михланиб” қолиб, ота-оналар учун муаммо туғдираётган бўлса, Африкада болалар очлик, ОИТС, саводсизлик, айрим ҳолларда қуролли тўқнашувлар вақтида ўлим билан тўқнаш келмоқда. Қитъанинг кўплаб мамлакатларида юқумли касалликларнинг авж олиши туфайли ўқитувчилар сони камайиб кетди ва шу сабабли ҳам мактабларда дарс бериш тўхтаб қолган. Ота-оналарининг касаллиги ёки бевақт вафот этиши туфайли болалар кўчада қолмоқда ва бир бурда нон ишлаб топишга мажбур бўлишмоқда. Овқат ғамида бўлган болаларнинг бошига ўқиш кирармиди?!

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, агар хотин-қизларнинг ҳаммаси саводли бўлганидами, у ҳолда жаҳонда болалар ўртасидаги ўлим ҳолатлари камаяр экан. Жанубий ва Ғарбий Осиё, Африка мамлакатларида қизлар бошланғич таълим олганида борми у ҳолда эрта никоҳлар сони 14 фоизга, ўрта таълим олганларида эса эрта никоҳлар сони 64 фоизга камаяр экан.

Саводли инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши аниқ. Саводхонлик тинчлик ва барқарор тараққиёт омилидир. Шу билан бирга саводхонлик инсонни шахс этиб шаклланишига таъсир кўрсатади. Ҳар бир инсон билим олиш ҳуқуқига эга. Саводли бўлиш ўзимиз ва атрофдагиларнинг турмушини яхшилаш демакдир. Саводхонлик нафақат ҳуқуқ, балки мажбурият эканини ҳам унутиш керак эмас Аммо бир нарсадан асло кўз юмиб бўлмайди – 21 асрда ҳам жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида болалар на ўқиш, на ёзишни билади, улар тўйиб овқат емаслик оқибатида ҳаётдан эрта кўз юммоқда.

Айрим мамлакатларда мактабни битирган болаларни том маънода саводхон деб бўлмайди. Чунки уларнинг билими халқаро меъёрларга тўла мос келмаслиги айтилади. Шу боис саводсизликка қарши кураш замонамизнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолаверади.

 

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, ЎзА