Мақолалар

Ислом фирқаларга бўлинишни қоралайди

Чоп этилди Oktabr 29, 2019 Ислом фирқаларга бўлинишни қоралайдиda fikr bildirishni o'chirish

Бугун интернет орқали турли хил оқимларнинг тарғиботи, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид мазмундаги мавъизалар оммавийлашиб бораётгани сир эмас. Хўш бунга қарши қандай курашмоқ даркор?! Бунинг жавоби битта, фақат маърифат билан курашмоғимиз лозим. Шу кунларда юртимизнинг турли жойларида имом-хатиблар, отинойилар ва ҳамкор ташкилот вакиллари иштирокида ўтказилаётган “Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди” мавзуидаги учрашув ва суҳбатларда шу каби масалалар муҳокамалар марказида бўлмоқда.

Ҳақиқатда ҳар ерда туриб турли воситалар орқали мусулмонларни чалғитиб, мазҳабларни инкор этаётган, уламоларни рад этиб, Қуръон ва суннатдан ўзича мустақил ҳукм чиқариш даъвосини қилаётган саводи чала кимсалар Ислом умматини йўлдан адаштириш, фуқаролар ўртасида тафриқа ва ихтилофларни пайдо қилишга уринишмоқда. Минг афсуски, қайсидир фоизда унинг уддасидан ҳам чиқишмоқда.

Маълумки, буюк уламоларимиз доимо мусулмонларни улуғ мужтаҳид зотлар йўлини маҳкам тутишга, умматнинг бирлиги, тотувлигини таъминлашга, ихтилофларга барҳам беришга чақириб келганлар. Бу йўлда йирик асарлар таълиф этганлар. Айни пайтда ана шу меросни ўрганиш, нафақат диёримиз, балки минтақамиз учун ҳам долзарб масала бўлиб турибди.

– Ислом пайдо бўлгандан буён унинг номи билан боғлиқ фитналар ёнма-ён давом этиб келмоқда, – дейди  биз билан суҳбатда Навоий вилоятининг бош имом-хатиби Тоҳир РЎЗИЕВ. – Бундан эса уммат бирдамлигига раҳна солиш, жамоатни бўлиш, турли мақсадларга ислом омилидан фойдаланиб, эришиш кўзланган.

Шу ўринда ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб ҳазратларининг: “Бу фирқалар Қуръони карим ва суннатни бир чеккага суриб, ваҳшийликни ўзларига дастур, мазҳаб ва эътиқод қилиб олдилар”, деб айтган гаплари ниҳоятда ўринли. Ислом – илм, яхшилик, юксак хулқ ва одобга таянади.

Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ энг ишончли деб билган ҳадисларнигина ўзининг “Муснад” асарига киритган ва фиқҳий масалаларда қўллаган эдилар. У зот ҳадисларни тушунишда, идрок этишда кўплаб муҳаддислар етиб бормаган нуқтага етиб бордилар. Бу борада у киши шундай деган эдилар: “Аллоҳнинг динида ўз раъйингиз билан ҳеч бир сўз айта кўрманг. Ҳадисга эргашинг. Ким ҳадисдан четга чиқса адашади”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими