Ўзликни англаш ўтмишни билишдан бошланади
Фанлар академияси Тарих институтида “XIX – XX аср бошларида Ўзбекистонда интеллектуал мерос тарихи” мавзусидаги республика илмий анжумани бўлиб ўтди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган олимлар, жумладан, ёш тадқиқотчиларнинг 60 га яқин чиқишларида манбашунослик ва тарихшунослик, археология ва шарқшунослик, этнология ва этнография йўналишларида олиб борган илмий изланишлар натижалари тақдим этилди. Чунончи, давлат бошқаруви, ҳарб иши, деҳқончилик, солиқ сиёсати, таълим, маданият, динга оид қатор мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, улар сирасида бугун ҳам аҳамиятли саналадиганлари бор. Масалан, оила-никоҳ муносабатлари, урф-одатлар муаммоси ўша замондаёқ тадқиқотчилар диққатини ўзига тортганини алоҳида урғулаш мумкин. Бу борада Фитратнинг “Оила” асари, шунингдек гендер масаласи, анъанавий кийиниш маданиятига бағишланган маърузалар бугун ҳам ўз амалий аҳамиятини йўқотмаган, дейиш мумкин.
Маълумки, қадимий ва бой тарихимизни ўрганишда бирламчи манбаларнинг ўрни жуда юқоридир. Шу маънода, Бухоро амирлиги тарихнавислик мактаби намуналари, “Мажмаа-ал ҳаводис”, “Фарғона хонлари тарихи”, “Шажарайи Хоразмшоҳий”, Садри Зиё тазкиралари, “Мунтахаб ат-таворих” сингари тарихий асарлардаги қимматли маълумотларнинг муомалага киритилиши диққатга сазовордир.
Қатнашчилар чиқишларида ўзбек халқининг сўз кетаётган давр турмушининг турли жиҳатлари инглиз, француз, немис, турк, рус тадқиқотчилари, сайёҳлари томонидан ўрганилиши, талқин этилиши масаласи ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, этнология ва этнография, Туркистон матбуотида ёритилган ижтимоий фанлар, таълим, маданият, маърифат, дин бўйича турли мавзуларнинг илмий таҳлили ҳам эндиликда ҳам қизиқиш уйғотади.
Анжумандаги маърузалар матни Тарих институтининг сайтида (uzhistory.uz) эълон қилиб борилади.