Мақолалар

Дастурхон

Чоп этилди Noyabr 13, 2019 Дастурхонda fikr bildirishni o'chirish

Даст ― қўл эканини биламиз. Лекин бу форсий сўзнинг бошқа кўп маъноларидан ҳаммамиз ҳам хабардор эмасмиз. Ўзимиз ўнг қўл, чап қўл, қўли баланд, қўлбола, қўли гул, қўл қўймоқ, қўлламоқ… деганимиз каби даст ҳам рангин калима. Даста, дастак, дастгоҳ, дастёр, дастхат, дастпеч, забардаст ― булар фақат қўл маъносига туташ сўзлар. Бу суханнинг тараф, аҳвол, хил, нав, ғалаба каби мазмунлари ҳам бор. Куч-қудрат, амал-мартабани ҳам ифода қилади. Бундан ҳосила бўлиб дастур атамаси вужудга келган.

Дастур ― қоида, йўл-йўриқлар мажмуи. Биз бу кунда уни ана шу маънода тушунамиз ва ишлатамиз. Эски замонда шоҳ фармонлари асосида бундай қоидаларни тайёрловчи вазирни ҳам дастур деб атаганлар. Агар сиз Туркияда ишланган “Муҳташам юз йил” кўп қисмли фильмини тамоша қилган бўлсангиз, шоҳ ва шаҳзодалар ташрифи чоғида жарчи ― Дастур! ― деб ҳаммани огоҳ қилади. Улуғлар олдида ўзни қандай тутиш дастурда белгиланган ва бу дастурни ҳамма билган.

Хон эса бугунги тилимизда ― стол. Ота-боболаримиз чордона қуриб ўтирганлари учун бизнинг столимиз пастроқ қилиб ясалган. Уни хонтахта ҳам дейилади. Назаримда, подшо маъносидаги хон сўзидан фарқлаш учун шундай аташган. Аслида бу сўзлар араб хатида икки хил ёзилган. Столни англатувчи хон ― хавон деб битилган ва хон деб ўқилган. Бамисоли Хаворазм ёзиб Хоразм ўқилгандек. Ўрни келганда айтиб қўйсак бўлар, форс тилида бу сўз миз дейилади ва мизбон ёки мезбон стол эгаси деган маънони билдиради.

Дастур билан хон нима эканини билган киши дастурхоннинг маъносини сизга тушунтириб бера олади. Стол тузаш тартиб-қоидаси дастурхон бўлади деб айтиши мумкин. Лекин сиз бунга ишонманг. Негаки, дастурхоннинг дастурга ҳеч бир алоқаси йўқ. Аслида бу сўз ― дасторхон.

Дастор деса биз фақат саллани тушунамиз. Йўқ. Дастор ҳам рўмол сингари бир бўлак матони англатади. Даст ― қўл, рў ― юз, мол ― мато. Уч сўзни қўшса ― дастрўмол. Кичкина рўмол рўмолча дейилгани каби кичик дастор дасторча дейилади. Бу сўз кўпроқ белбоғ маъносида келади. Ўзбекнинг тўни ― тўшаса ― кўрпача, устига ёпса ― кўрпа, бошига қўйса ― ёстиқ бўлганидек, дастор ҳам бошга ўраса ― салла, қўл ювса ― сочиқ, ибодат қилса ― жойнамоз, ёзса ― дастурхон, ўлса ― кафанлик бўлган.

Бу ибтидоий маълумот хонни ҳам, дасторни ҳам билмайдиган ёшлар учун. Ўзим тенгилар, шу ҳам гап бўлдими, деб кулмасинлар. Мен ҳаммага ақл ўргатиб, бундан буён дастурхон эмас, дасторхон деб айтинг, демоқчи эмасман. Агар тилимиздаги барча сўзларни асл тарихий илдизларига қайтарамиз, талаффузини тўғрилаймиз, десак бирорта бутун калима қолмаса керак. Сўзлар, товушлар ўзгариши ― ҳаётий жараён. Биз дастурхон деймизми ё дасторхон атаймизми, қайсар халқ ўзи билганини, ўзига қулайини айтаберади. Дастархон сўзидан бир харф ташлаб дастахон дейди. Тўғри қилади. Чунки дастурхон дейишдан кўра дастархон дейиш маъқулроқ. А ва О товушларининг алмашуви тилимизда азалдан бор, қоидага кирган. Р товушининг юмшатиб айтилиши ёки тушуриб қолдирилиши эса фақат ўзбек тилига хос эмас. Айниқса, инглизлар бу товушни ёзсалар ҳам оғзаки нутқда кўпинча талаффуз қилмайдилар.

Қоида, йўл-йўриқ маъносидаги дастур сўзи тилимиздан мустаҳкам жой олаётгани қувончли ҳол. Бу йўлда собитқадам бўлишимиз керак. Лекин тилимизни тозалаймиз, деб, халқаро атамаларни ялпи суриб чиқариш ҳам тўғри келмас. Улар ҳам янги замонда топган бойлигимиз. Инсон деган сўз ёнида, одам, башар, одамзод, жон, шахс, зот, банда каби атамаларимиз турганидек, дастур ёнида программа, муаммо ёнида проблема, атама, истилоҳ қаторида термин ҳам бўлса, арава, улов, маркаб билан ёндош транспорт ҳам кунимизга яраб турса, ўзбекча айтганда, тешиб чиқмайди.

Маънодош сўзларнинг ҳеч бири ортиқча эмас. Улар бир-бирига, ё сен тур, ё мен турай, демайдилар. Тилимизда фаол ишлатилган дорилфунун калимаси бор эди. Университет деган сўз турганда дорилфунунга нима бор, дея уни қувғин қилдилар. Аслида университетни дорилфунун ― фанлар уйи дейиш хато эмас эди. Расмий истилоҳ баҳсини қилмай, лекин адабиёт учун, айниқса, шеърият учун бу гўзал сўз аъло даражада хизмат қилиб турган эди. Дорилфунуним деб шеърлар ёзган эдик, кўз олдимизда бу сўз архаизмга айланди-қолди.

Такрор айтай, мақсад зинҳор ба-зинҳор мавжуд халқаро атамалардан воз кечиш эмас. Фақат бор сўзларимизни йўқотмасак, хазинамизни совурмай, тўлдириш йўлидан борсак, дейман. Араб, форс тилларидан баҳраманд бўлиб ютқизмадик. Уларга қарши ялпи кураш очиб хароб бўлдик. Турк қардошларимиз ҳам бу кўргиликни бошдан кечирганлар, афсусларини яширмайдилар.

Вазифа сунъий руслаштириш сиёсати натижасида тилдан суриб чиқарилган, унутилган бойлигимизни тиклашдир. Тиклаганда ҳам ҳар томонлама ўйлаб, мантиқ асосида етти ўлчаб бир кесганимиз яхши.

Биз ёзув қуролимизни ручка деймиз. Қалам деб русча карандашни айтамиз. Аслида ручкани қалам десак тўғри бўлади. Чунки қалам  кесмоқ сўзидан олинган. Қамишни кесиб қалам қилинган ва уни сиёҳга текизиб хат ёзилган. Демак, сиёҳли ёзув қуроли ― қалам. Биз қалам дейдиган карандаш ҳам асл туркий атама. Русча луғатларнинг барида бу қайд этилган. Фақат аслиятни биров қоратош деса, биров қоринтош дейди. Биз ўз сўзимизни қайтариб олсак ёмон бўлмасди. Лекин амалда бу қийин иш. Шунинг учун иккала ёзув қуролини қалам деб айтсак, хато бўлмас. Карандаш қаламни ҳам учини очиш учун кесилади, яъни қалам қилинади.

Балки хон деган сўзимиз ҳам вақт келиб столнинг ўрнини олар. Ахир у қисқа ва гўзал сўз. Қўқон хони, Хева хони билан адаштириб юбормасмиз. Биз тур ва бор сўзларининг олти-етти маъноларини айтиб, бир сўзда кўп маъно бўлса тилнинг безаги, дедик. Икки маънодаги хон ҳам аския мавзуси бўлса ажабмас. Хонимиз хонларча безатилган, десак, ёки ҳазилкаш дўстимизни столга таклиф қилиб, хон хузурига марҳамат, дея лутф қилсак, ҳам чиройли, ҳам ўзбекча бўларди.

Ҳазрат Навоий хон сўзини ҳам ясатилган стол, ҳам неъмат маъносида ишлатганлар. Стол тушунчаси кўп тилларда фақат ёғоч ашё эмас, ризқ маъносини ҳам англатади. Хон ҳам шундай. Ҳазратга қулоқ тутинг:

Хони ҳусн ул юз, намакдон оғзидур, ул хон аро

Нутқи шўрангездин пайдо намакдонида туз.

Ёр чеҳраси неъмат тўла хон, оғзи хон устидаги намакдон, туздон, жонга ғавғою офат келтирувчи сўзи эса ўша туздондаги туз. Қарангки, Навоий замонида ҳам гўзалларнинг тили аччик, сўзи нордон бўларкан. Чиройли қочирим баробарида ғавғо маъносидаги шўрангез билан туз ажиб шеърий санъатга айланган. Яна бир ўринда Ҳазрат айтадилар:

Қўйки, ул юз хониға наззора айлай тўйғуча

Ким, кўзум бўлмиш бу қаҳти ҳусн айёмида оч.

Маъноси: Ул гўзал юз неъматига бир тўйиб олай, қўйиб бер, чунки жамолини кўп замон кўрмай, ҳусн камёблигидан, висол қаҳатчилигидан кўзим оч.

Хон сўзини ҳарқанча тарғиб қилмай, биламанки, у дарҳол тилимизга сингиб кетмайди. Киши умрида татиб кўрмаган таомни ейиши қандоқ қийин бўлса, умрида айтиб кўрмаган сўзни айтиши ҳам шундай мушкул. Бирини кўнгил тортмайди, бирига тил келмайди. Лекин она тилимизга ўзбекча сўзларни олиб кириш фақат кўнгил иши эмас, бурч ҳамдир. Бурчни адо этишда эса уятчанликка ўрин йўқ. Миллий, ватаний иш шаҳдамлик, жасорат ва мардликни талаб қилади.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

“Сўз латофати” китобидан