Саломатлик

Заъфарон – кўзни равшан, юракни кучли қилади

Чоп этилди Noyabr 15, 2019 Заъфарон – кўзни равшан, юракни кучли қиладиda fikr bildirishni o'chirish

Заъфарон (шафран) дунёнинг кўп мамлакатларида тижорий мақсадда катта майдонларга экиб парваришланади.Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам заъфарон етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Заъфарон ўсимлиги хомашёсининг тиббиёт ва озиқ – овқат саноатидаги аҳамияти жуда катта. Шафран гулчангларидан турли ҳил маҳсулотларга ранг, ҳид ва таъм берувчи зиравор сифатида фойдаланилади. Бу ўсимлик хом-ашёси қадимдан доривор сифатида халқ табобатида ишлатилади.
Абу Али ибн Синонинг “Ал-қонун” асарида 900 га яқин ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари ва уларни ишлатиш усуллари тўғрисида маълумот беради.
Жумладан Ибн Сино заъфарон ўсимлигини 100 дан ортиқ касалликларни даволашда фойдаланилишини қайд этган. Хусусан, буриштирувчи ва эритувчи бўлиб, етилтирувчи хусусияти ҳам бор.
Иссиқлиги мўътадил бўлганлиги учун томирдаги ҳар хил тиқилмалар ёки тромбларни даволашда фойдаланилади. Ички аъзоларни кучайтиради, тана териси рангини чиройли, кўзни равшан қилади ва юрак фаолиятини кучайтиради.
Балғам кўчишини осонлаштириб, нафас аъзолари фаолиятини бир маромга солади. Заъфарон хомашёси таркибида каротиноидлар, флавоноидлар, эфир мойлари, В, В2 витаминлари, ёғ азотли моддалар, қандлар, калий ва кальций бирикмалари мавжуд.
2017 йили Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда “Brand Investment Group” МЧЖ томонидан Нидерландиядан 36,4 тонна заъфарон ўсимлигининг туганак пиёзи келтирилиб, Андижон давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди 5 гектар майдонда бу ўсимликнинг оналик плантациялари ташкил этилди.
2018 йилда эса Республикамиз бўйлаб 14 та ўрмон хўжалик ерларида жами 25.7 гектар ўрмон фонди майдонда заъфарон туганак пиёзлари экиш ишлари амалга оширилиб, плантациялар барпо этилган.
2019 йилда эса 30 та ўрмон хўжаликларида 65 гектар майдонда заъфарон плантациялари барпо этилиб бу кўрсаткич 2018 йилдагига нисбатан 39.3 гектар кўп майдонни ташкил этади.
Заъфарон ўсимлигидан йилдан-йилга кўпроқ хомашё олиш мумкин. Ҳозирги кунда юқоридаги майдонлардан ўртача 50 килограмм атрофида экспортбоп заъфарон гули хомашёсини тайёрлаш кутилмоқда ва айни дамда гулчангларни йиғиб-териб олиш ишлари авжида.

ЎзА