Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўтарганлари сабабли Али (розияллоҳу анҳу) осмон уфқига етай деди
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени ўзларига ҳамроҳ қилиб, Каъбага олиб келдилар ва: “Ўтир”, дедилар. Мен Каъбанинг ёнига ўтирдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) елкамга чиқдилар ва: “Ўрнингдан тур”, дедилар, турдим. Менинг кўтаришга қийналганимни кўриб: “Эй Али! Менинг елкамга ўтир”, дедилар, айтганларидек қилдим. Сўнг у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени кўтардилар. Шунда мен: “Хоҳласам, осмон уфқларига етаман”, деб ўйладим ва Каъба устига кўтарилдим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга, у ердаги темир қозиқлар билан ерга мустаҳкамланган, Қурайшнинг мисдан ясалган катта санамини отиб юборишимни буюрдилар ва: “Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчидир”, дедилар.
Мен иложини топиб, уни қўпориб олдим ва отиб юбордим. У синиб майдаланиб кетди»[1].
[1] Имом Ҳоким ривояти.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 23000 сўм