Мақолалар

Рост сўзлаш

Чоп этилди Noyabr 22, 2019 Рост сўзлашda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга гўзал фазилатларни ато этган. Бу фазилатлар инсоннинг зийнати ҳисобланади. Гўзал фазилатлар ила киши жамиятда, бошқа инсонлар орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлади. Мана шундай фазилатлардан бири – мусулмон киши тақводорлигининг узвий унсурларидан бўлган ростўйликдир. Ҳақиқий мўмин­лар ростгўйликни маҳкам тутишади. Маълум­ки, Ислом ди­ни инсонларни доимо ўзаро яхши муомалада бўлишга, гў­зал хулқ ва одобга буюрган. Шунингдек, мудом ҳақда туриб, рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга чақирган. Чунки ёлғон, хиё­нат, туҳмат, бўҳтон, вафосизлик каби қабиҳликлар инсонни гу­ноҳга ботиради. Пайғамбаримиз (соллал­ло­ҳу алай­ҳи ва саллам) хавфу хатар кўрсак ҳам, рост сўз­ла­ши­мизни, гарчи фойда кў­риб турган бўлсак ҳам, ёлғондан сақланишимизни амр этганлар. Ёл­ғончилик барча разолатларнинг боши, у ўз эгасининг ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни қаттиқ огоҳлантирган. Ислом таълимоти ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш билан баробар катта гуноҳ ҳисоблайди. Абу Бакра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилина­ди: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лар­га катта гуноҳлар ҳа­қида хабар берайми?” деб сўрадилар. Биз: “Ҳа ай­тинг, ё Аллоҳнинг расули!” дедик. Шунда у зот: “Аллоҳ­га бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ”, деб суяниб турган жойларида ўтириб олдилар-да: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш”, деб так­рорлайвердилар, ҳатто биз: “Қанийди энди тўхтасалар”, деб истаб қолдик». Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бундай марҳамат қиладилар: “Доимо тўғрисўз бўлинг. Чунки тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши тўғри сўзда давомли бўлади ва ҳатто Аллоҳ таоло ҳузурида рост­гўйлардан деб ёзилади. Ёлғондан сақланинг. Чунки ёлғон гуноҳга олиб боради, гуноҳлар эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапиришда давом этади ва ҳатто Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончилардан деб ёзилади”.

Қуръони карим ва суннати набавияда барча мункар амаллардан тийилиш, улардан сақланиш буюрилган. Қатъий ҳаром ишларга ёлғон гувоҳлик бермоқ, етимнинг молини емоқ каби нопок қилмишларни мисол қилиб келтириш мумкин. Аҳзоб сураси 70–71-оятларида бундай марҳамат қилинади:

“Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди”.

Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали инсон фақат тўғри сўзласа­гина, Ўзи унинг амалларини тўғрилаб, гуноҳларини кечиришини хабар бермоқда. Ислом шариатида ҳаром қилинган зино, ўғрилик, бир жонни ноҳақ ўлдириш, авратларни очиш, ғийбат, туҳмат ва одамлар орасида фисқу фасод тарқатиш каби амаллар қаторига ёлғон гапириш ҳам киради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннат кафолатини бераман: сўзласангиз, фақат ростини сўзланг, ваъдангизга вафо қилинг, омонатни адо қилинг, авратингизни сақланг, кўзларингиз ва қўлларингизни (зино, ўғриликдан) тийинг”, деганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъдасига хилоф қилади ва аҳдига хиёнат қилади”, дедилар».

Ростгўйлик хотиржамликка, ёлғончилик эса хавотирга асос­дир. Имом Термизий ривоят қилган: “Ки­ши бирор нарс­а­нинг жа­во­би­ни билишни истаса, фақат рост ва аниқ сўзни изласин. Ростгўй­лик аломати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёл­ғон эшитган­да эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тў­лади” мазмун­идаги ҳадислар ҳам шу ҳақда ворид бўлган.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади: На­бий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапиришни тарк қилган киши учун жаннатнинг ўртасидаги уйга кафилман”, дедилар (Байҳақий ривояти).

Жамиятда аксар кишиларнинг ёлғонлари ёлғон деб ўй­лан­майдиган ҳазиллар устига қурилади. Демак, инсон билиб-билмай гапирадиган ҳазил гапларига ҳам аҳамият бериши лозим. Мусулмон кишининг дунё ҳаётидан мақсади савобли ишлар қилиш ва охират саодатига эришишдир. Шундай экан, у доим рост сўзла­ши ва ўзи яшаб турган жамият ривожи учун қўли­дан келганича ҳа­ра­кат қилмоғи лозим.

Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Мўмин киши қўрқоқ бўладими?” деб сўралди. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Мўмин ёлғончи бўладими?” деб сў­ралди. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар» (Имом Молик ва Байҳақий ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳга ва охират кунига ишонган ҳар бир киши учун ёлғончилик қораланиш­га лойиқ амал экани маълум бўлади.

Ростгўйлик бир неча даражаларга бўлинади:

Биринчиси: Тилнинг тўғрилиги. Ҳар бир банда тилини бўл­мағур нарсалардан сақлаши, гапирса ҳам, фақат рост гапириши зарур. Фақатгина баъзи ўрин­ларда – кишилар ўртасини ислоҳ этиш каби ишларда ёлғон гапиришга рухсат берилади.

Имом Нававий ўзининг “Риёзус солиҳин” номли китобида: “Ёлғон ҳаром қилинган ишлардан бўлса ҳам, баъзи ўринларда унга рухсат этилади. Ҳар бир яхши ишга ёлғонсиз ҳам етиш имкони бўлса, ёлғон ҳаром бўлади. Ўша яхши иш фақат ёлғон ишлатиш билан ҳосил бўлса, ёлғон гапириш жоиз. Шунингдек, агар ўша ишга етиш мубоҳ бўлса, ёлғон ҳам мубоҳ бўлади. Ун­га етиш во­жиб бўлса, ёлғон ҳам вожиб бўлади”, деган.

Мисол учун, бир киши ўз ҳузуридаги мусулмонни золим киши ўлдирмоқчи бўлиб турган ҳолатда уни яшириб, ёлғон гапириши вожиб бўлади. Маълум бир амалнинг фойда ёки зарари у амал қандай натижа беришига қараб белгиланади. Хулоса эса аксар ҳолатга қараб чиқарилади. Фойда-зарарни бел­гилашда камёб ҳодисалар эътиборга олинмайди. Баъзи амаллар ортидан кичкина зарарлар кўрилиши мумкин. Бироқ фойдаси бир неча баробар кўплиги туфайли зарари у амаллар­ни қилишга тўсиқ бўлолмайди.

Масалан, инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун касалга чалинган бирор аъзони олиб ташлаш мумкин. Шу каби ўзаро хусуматла­шиб қолган икки мусулмон ўр­тасини яхшилаш ниятида ёлғон ишлатишга рухсат берилади.

Чунки мусулмонлар ўртасидаги арзимас келишмовчи­ликлар бора-бора катта фитналарга сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, бундай вазиятда ҳеч кимнинг ҳақини зое этмасдан ва бировга зарар етказмай, ёлғон ишлатиш эътиборсиз зиён саналади.

Иккинчиси: Ният ва хоҳишнинг тўғрилиги. Бу ишлар ихлос­га олиб боради ва фақат Аллоҳ таоло учун бўлади.

Учинчиси: Мақсаднинг тўғрилиги. Бу ҳеч бир иккиланиш­сиз бор ҳаракати билан жазм қилишдир.

Тўртинчиси: Машаққатли бўлса ҳам, аҳдига вафо қилиш­даги тўғрилик.

Бешинчиси: Амалларда тўғрилик. Бу кишининг қилаёт­ган ама­ли ўйлаётгани билан бир хил бўлмоғидир.

Ғофир сурасининг 28-оятида бундай дейилган:

“…Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимса­ларни ҳидоятга йўлламас”.

Дунё ва охиратда ҳидоятга эришишни хоҳлаган киши ҳаётини фақат ишончли асослар устига қу­риши лозим. Зеро, юқорида айтилганидек, ҳалол­лик, рост­гўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик олиб келади. Ботил ва ёлғон фақат шуб­ҳа, изтироб­ларга сабабчи бўлади.

Зумар сураси 60-оятида:

“Қиёмат кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўз­лаган ким­са­ларни юзлари қорайган ҳолда кўра­сиз. Жаҳаннамда мута­каббир кимсалар учун жой йўқмиди?! (Албатта, бор)”, деб марҳамат қилинган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

– Сизларга нафл намоз, рўза ва садақадан афзал бўлган нарса хабарини берайми?”

– Ҳа, – дейишди саҳобалар.

– Ўртани ислоҳ қилиш, – дедилар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Ўзаро келишмай қолган икки мўмин ўртасини ўнглаб қўйиш уларнинг ҳар иккисига садақа бериш кабидир. Чунки ҳар икки томон ислоҳ туфайли одатда келишмовчилик ортидан келиб чиқув­чи турли гап-сўз ва ёмон амаллардан омон қолади. Шу боис мусулмонлар ўртасини ўнглаш фарзи кифоя ҳисобланиб, икки мў­мин орасида дўстлик ришталари­ни боғлаш ниятида ёлғон ишла­тиш­га рухсат берилди.

Мусулмон киши дўстининг ҳақини адо этиб, унга рост сўзлаши, у гапирганда эса, тасдиқлаши лозим. Мусулмон кишини алдаш унга зиён етказишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Хуллас, ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш кабиларда ёлғон гапиришга шаръий рухсат бор, бошқа ўринда бу алдов ва хиёнатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан фаришта бир мил узоққа қочиб кетади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ, ўзинг кечир, деб яна гуноҳга қайтиш ҳам ёлғончилик ҳисобланади”, деган.

“Аллоҳдан мағфират сўрайман, унга тавбалар қиламан”, деб туриб, қалбида маъсиятга мойил бўлган кимса ёлғончи ва гуноҳкордир. Чунки у чин кўнгилдан тавба-тазарру қилмади. Шундай экан, ўзини бошқача қилиб кўрсатиши жоиз эмас. Бундай кимсалар азобга гирифтор бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлсин! Улар экин экмасдан ҳосил йиғиштиришни умид қиладиган хаёлпарастларга ўхшайди.

Муҳаббат дейсан-у, осийсан ўзинг,

Даъвойинг кулгили, ёлғондир сўзинг!

Инсон маҳбубига бўйинсунмасми?!

Ерда уруғ бўлса, экин унмасми?!

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм