Муҳтазар ҳузурида нималар талқин қилинади?
Муҳтазарга ғарғара (жон ҳалқумга келиши)дан олдин икки шаҳодат калимаси (чунки уларнинг бири иккинчисисиз қабул қилинмайди) талқин қилиб турилади. Баъзилар, маййитнинг яқинлари, ака-укалари талқин қилиб туришлари вожиб, деб айтганлар. Талқин қилиб туриш мандуб (хуш кўрилган) амал. Бунга далил,
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَقِّنُوا مَوْتَاكُمْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «Ўликларингизга (жони узилаётган кишига) لا إله إلاَّ الله ни талқин қилиб туринглар» Имом Бухорийдан бошқалар ривояти.
Агар муҳтазар шаҳодат калималарини бир маротаба айтса, унинг охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлиши учун унга яна такрорлаб ўтирилмайди. Чунки охирги сўзи «Ла илааҳа иллаллоҳу» бўлган киши иншоаллоҳ жаннатга дохил бўлади. Зеро,
عَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَنْ كَانَ آخِرُ كَلاَمِهِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ.
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг сўнгги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради», – деганлар Имом Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.
Борди-ю, яна «айтгин», деб буюрилса, ўлим талвасасидаги одам бош тортиб, куфр калимасини айтиб юбориши мумкин. Ўлим пайтида куфр сўзларни айтиб юборса, у маъзур тутилади ва унга нисбатан мусулмонларга қилинган муомалада бўлинади. Бу ҳолат ўлим мастлиги пайтидаги ақлнинг кетишига йўйилади.
Аммо ўлими яқинлашган одам кофир бўлса, у охирги дамда ҳам иймонга даъват қилинади, яъни икки шаҳодат калимасини айтишга ундалади.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ غُلاَمٌ يَهُودِيٌّ يَخْدُمُ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ، فَقَعَدَ عِنْدَ رَأْسِهِ فَقَالَ لَهُ: أَسْلِمْ. فَنَظَرَ إِلَي أَبِيهِ وَهُوَ عِنْدَهُ فَقَالَ لَهُ أَطِعْ أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَسْلَمَ، فَخَرَجَ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَنْقَذَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яҳудий хизматкорлари бор эди. (Бир куни) у касал бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳолидан хабар олгани бордилар. Унинг боши тарафига ўтириб: «Исломни қабул қил», десалар, у олдида турган отасига қаради. Отаси: «Абул Қосимга (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кунялари) итоат қил», деди. У йигит Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб кетаётиб: «Уни (йигитни) дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар» Имом Бухорий ривояти[1].
Муҳтазарнинг ҳузурида Ёсин, Раъд сураларини ўқиш. Бу ҳам мандуб[2] амаллардандир.
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “سُورَةُ يس اقْرَءُوهَا عِنْدَ مَوْتَاكُمْ” وَفِي رِوَايَةِ عَبْدَانَ “اقْرَءُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْ “ قَالَ الْحَلِيمِيُّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: “يَعْنِي عَلَى الْمُحْتَضَرِينَ”
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Маййитларингиз ҳузурида «Ёсин» сурасини ўқинглар», деганлар». Абдоннинг ривоятида “Маййитларингизга «Ёсин» сурасини ўқинглар”, дейилган. Ҳалимий: “Бу билан ўлими ҳозир бўлганларни назарда тутганлар”, дейди[3].
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَيس قَلْبُ الْقُرْآنِ لاَ يَقْرَؤُهَا رَجُلٌ يُرِيدُ اللهَ وَالدَّارَ الآخِرَةَ إِلاَّ غَفَرَ لَهُ اقْرَؤُوهَا عَلَي مَوتَاكُمْ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: «Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги) ва охират куни (нажот топиш)ни истаб тиловат қилса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар» Имомлар Насоий, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилишган. Ривоят санади заиф.
Ушбу ривоятга кўра, ким Ёсин сурасини ихлос билан ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади.
Ёсин сурасини ўликларга ўқишни уламолар икки хил изоҳлашган:
- Ўлим тўшагида ётганларга ўқиш.
- Вафот этиб кетган маййитлар ҳақига ўқиб, савобини уларга бағишлаш.
Аксарият уламолар биринчи изоҳни маъқуллашган. Ёсин сурасини ўлим тўшагида ётганларга ўқинглар, деб амр қилинишининг сабаби агар ушбу сура қийин ва оғир дамларда ўқилса, Аллоҳ таоло банданинг аҳволини енгиллаштиради. Хусусан, жон чиқиш пайтида ўқиш раҳмат ва бараканинг тушиши ва бадандан руҳ чиқишининг осон кечишига сабаб бўлади.
«Муснадул-Фирдавс» китобида: «Агар қайси маййитнинг ҳузурида Ёсин сураси ўқилса, албатта, унга енгиллик берилади», деб айтилган. Шайх Совийнинг «Тафсир»ида эса: «Қуръонда бир сура борки, у ўша сурани ўқувчиларни шафоат қилади, унга қулоқ тутувчилар ҳақига истиғфор айтади. У Ёсин сурасидир», дейилган.
[1] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980. 2-жуз, 450-бет.
[2] Мандуб – мақталган, қилса савоб, қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалдир.
[3] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Шуъабул ийман”. Риёз, “Мактабатур рушд”. 1-босма 2003, 4-жуз, 92-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан