Мовароуннаҳр уламолари. Касбингни сев…
Абдуқодир Ғийлонийнинг «Раббонийликни англаш» асарида шундай сатрлар бор: “Ҳунар ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргат. Мўминларнинг касб қилмоғи сиддиқлик мартабасидир. Фақат фақирлар ва мискинлар фойдаланишини таъминлайдиган, инсонларга нисбатан раҳматни васила қиладиган ва Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қиладиган касб-ҳунарлар учунгина насиба бордир”.
Зеро, Ислом дини риёкорлик ва таъмагирликни қоралайди. Ҳалол касб билан кун кечиришни тарғиб қилади.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, тариқат аҳлининг машҳур вакиллари бир ҳунар билан машғул бўлганлари сабабли ҳам касбига нисбат бериб чақирилган. Жумладан: Абу Саид Харроз махсидўзлик, Хожа Абдуллоҳ Аснорий этикдўзлик, Шайх Муҳаммад Саккок пичоқчилик, Шайх Абулфайз Ҳаддод темирчилик, Шайх Абулҳасан Нажжор дурадгорлик, Саййид Амир Кулол кулолчилик, Фаридуддин Аттор атторлик, Баҳоуддин Нақшбанд эса кимхобга нақш боғлаш билан шуғулланганлар.
Касб қилиб, ҳалол меҳнат билан кун кечириш камолотга етиш омилларидан бири бўлгани сабабли ҳам қадимдан ота-боболаримиз фарзандини иқтидорига кўра муносиб устозга бериб, тарбия қилинишига эътибор қаратганлар. Ўз ўрнида устозлар ҳам талабаларни танлаш, уларга илм ўргатишда ниҳоятда талабчан бўлганлар.
Манбааларда келтирилишича, Баҳоуддин Нақшбанднинг хузурига бир ёш йигит келиб, шогирд тушмоқчи эканини айтади. Устоз рози бўлди. Унга бозорда олма сотишни буюради. Бой-бадавлат хонадон фарзандининг олма сотаётганини кўрган танишлари бу ҳақда унинг акаларига хабар етказишади. Акалари келиб йигитга дарҳол бу ишни бас қил дейишади. Бироқ ука уларга эътибор бермай олма сотишда давом этди. Эртасига устоз йигитга олмаларни акаларининг дўкони олдида сотишни тайинлайди. Йигит яна устознинг амрига қулоқ тутади. Нақшбанд хазратлари йигитнинг кўнгли тоза, кибру ҳаводан йироқлигини англагач, уни шогирдликка олади. Бу йигит Алоуддин Аттор номи билан танилиб, камолот чўққисига эришди.
Гуландом ЮНУСОВА
доцент, фалсафа фанлари номзоди
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан