Дунё янгиликлари

Туркия кутубхоналарида Абу Али ибн Сино асарларининг 1 минг 184 нусхаси борлиги аниқланди

Чоп этилди Noyabr 23, 2019 Туркия кутубхоналарида Абу Али ибн Сино асарларининг 1 минг 184 нусхаси борлиги аниқландиda fikr bildirishni o'chirish

Буюк аждодларимиз – аллома ва мутафаккирлар математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар, медицина, кимё, география сингари табиий фанлар, тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар, ислом дини ва илоҳиётга оид улкан илмий асарлар яратиб, жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз илмий, диний ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишдек эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Абу Али ибн Сино жамоат фонди ҳам тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш орқали мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги кунда мазкур фонд тарихий-илмий меросимизни илмий тадқиқ қилиш ва ўрганиш мақсадида мамлакатимиз ҳамда хорижда илмий ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, айни пайтда Абу Али ибн Сино жамоат фонди томонидан мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда муайян изланишлар олиб борилди. Натижада Туркиядаги қадимги асарлар сақланадиган кутубхоналарда Абу Али ибн Сино асарларининг 1 минг 184 дона нусхаси мавжудлиги аниқланди.
Ушбу қўлёзмалар ҳамкор мамлакатнинг Сулаймония, Боязит, Ҳожи Салим Оға, Миллат, Салимия каби фондларида сақланмоқда. Мазкур қўлёзмаларнинг барчаси Туркия қўлёзма асарлари ташкилоти томонидан тасарруф этилади.
Қайд этиш жоиз, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2018 йил апрель ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланган эди. Ўзаро тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда фондларни бойитиш мақсадида архив ҳужжатлари нусхаларини алмашиш бўйича эришилган келишув ҳам шулар жумласидан.
Ҳозирги кунда Ибн Сино фондида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда Туркия Давлат архивлари Бош бошқармасида сақланаётган Ибн Синога оид тарихий ҳужжатларни ўрганиш бўйича муайян экспертлар гуруҳини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Туркия Республикаси улуғ аллома Абу Али ибн Сино меросини тадқиқ этиш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу кунга қадар ушбу диёрда Ибн Сино мероси бўйича 13 та докторлик диссертацияси ҳамда 26 та магистрлик иши тайёрланган. Шундан 17 таси Мармара, 4 таси Эржиес, 3 таси Улудағ, 2 таси Анқара, 2 таси Жумҳурият, 2 таси Отатурк, шунингдек, Галатасарай, Сакария, Фотиҳ Султон Меҳмет, Ҳаррон, Нажмиддин Эрбакан, Отатурк, Жумҳурият, Сулаймон Демирэл, Фират, 9-Эйлул ва Салжуқ университетларида ҳимоя қилинган.
Фахриддин ИБРАГИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик
институти илмий ходими,
Абу Али ибн Сино жамоат фонди эксперти