Ўзбекистон янгиликлари

Зомин миллий табиат боғида​ Япония тажрибаси

Чоп этилди Noyabr 24, 2019 Зомин миллий табиат боғида​ Япония тажрибасиda fikr bildirishni o'chirish

Парк ёки дарахтзор ёнидан ўтсангиз, албатта чиқиндилар уюмига кўзингиз тушади. Бу ўзингиз каби одамларнинг “қилмиши” эканига ҳам ақлингиз етади.
Японияликлар эса тоза ҳудуд акцияси ўтказиб, атроф-муҳитни асраса, кўчаларни тозаласа хурсанд бўлар экан. Хиросима атрофидаги тоғларга чиқиш пулли бўлиб. Кириш жойида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қўлига кичик қоғоз халталар берилар экан. Тоққа озиқ-овқат олиб чиққанлар, қайтишда атрофни тозалаб, чиқиндиларни ана шу халтага солиб қайтар экан.
Зомин миллий табиат боғида ҳам ана шундай тажриба қўлланилаётгани ҳақида хабар топдик. Бу ҳудудда табиатни асраш, бутун дунёда юз бераётган экология билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда энг аввало аҳолининг яшил оламни асраш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетмаслик борасидаги маданиятини ошириш чоралари кўрилаётган экан. Маълумотларга қараганда маҳаллий сайёҳлар сони йил сайин ортмоқда. Мисол учун, ўтган йили 65 минг, бу йил эса 80 минг нафар юртдошларимиз кутиб олинди.
– Боғ атрофидаги Туркистон тоғ тизмасини шимолий ёнбағрида экотуризмни ривожлантириш бўйича илмий иш ёқладим, – дейди Зомин миллий табиат боғини туризм бўйича илмий ходими Ҳусниддин Ҳазратқулов. – Шу жараёнда саккизта экосўқмоқ яратдик. Келаётганлар сўқмоқларга ва йўл охирида дам олиш учун барпо этилган миллий ўтовлар, чодирларга қизиқмоқда. Биз ҳам Япония тажрибасига кўра, боғга келаётган сайёҳлик гуруҳларига табиатни асраш кераклигини тушунтирамиз. Уларнинг ёнига ўрмонбеги, ёнғин хавфсизлиги ходими ва гид кузатувчи берамиз.
Ўтган йилга нисбатан бу йил Франция, Германия ва Россиядан бир ярим баробар кўп меҳмонлар келди.
Кейинги вақтларда давлат ҳимоясида бўлган қўриқхоналар миллий боғга айлантирилмоқда. Инсон қадами ва қўли тегмаган ёввойи табиатимиз сайёҳларни ўзига мафтун этиши, шубҳасиз. Бунда тадбиркорлар даромадни кўзласа, ўрмончи ёки геолог табиатга келадиган зарарни олдини олиш, уни асраш ҳадиги билан туради. Зеро, уларнинг вазифаси ўрмон ҳудуди ва ундаги ҳар бир дарахтни эҳтиёт қилиш.
Аслида ҳам олувчилар кўпайгани сари табиатга келадиган зарар кўпайиб бораверади. Мисол учун, ўрмон оралаб юриш, қўшимча олов чиқарувчи воситалар билан овқат қилиш ман этилсада яширинча ўт ёқиб ёнғин чиқариш ҳолатлари учраб туради.
– Албатта, бундай ҳолатларни олдини олиш учун боғни кириш қисмида огоҳлантириш берилмоқда, – дейди Ҳ.Ҳазратқулов. – Дарвоза олдида қўлларига уч хил қоғоз қоп тарқатилиб, чиқиндиларни ўзлари билан олиб чиқиб, ахлат ташланадиган махсус жойларга ташлаш тушунтирилмоқда. Турли акциялар ўтказилмоқда. Мисол учун, хорижликлар чиқинди териш ёки йиғишдан уялмайди. Улар келганда “Экологик тоза ҳудуд” номи билан акция қилиб, махсус либослар кийгизиб, қоплар тарқатамиз. Бу гуруҳлар дам олиш масканлари ёнида аҳоли ташлаб кетган чиқиндиларни териб чиқади. Шу орқали маҳаллий сайёҳларга ибрат кўрсатмоқчи бўлдик. Кимдир бундан кулди, бошқаси уялди. Шу икки йил мисолида солиштирсак, 50 фоиз ижобий ўзгариш мавжуд. Ҳар қалай юртдошларимизни ҳам экологик маданияти яхшиланиб бормоқда.
Хорижликларни табиатга анча эътиборли муносабатда бўлишига ўзим ҳам гувоҳ бўлгандим. Шу йилнинг бошида Қашқадарёда I-Халқаро Геотуризм форумида иштирок этиб, Китоб давлат қўриқхонасидаги Зинзилбоғ кесмасига чиққанимизда гувоҳ бўлган эдим. Энг аввало, тоққа кўтариладиган сўқмоқ атрофида кўплаб чиқиндилар, сарғайган ўт-ўлан қолдиқлари учради. Камига тоққа чиққанлар орасида минерал сувни ичиб, идишини атрофга улоқтирганлар кўп бўлди. Тарвуз, қовун пўчоқлари атрофга сочилиб ётибди.
Ана шунда уятли иш бўлган эди. Кимдир йўл-йўлакай конфет қоғозини ташлаб юқорилаб кетаётганда хорижлик меҳмонлардан бири бошини сараклатганча, қоғозни ердан олиб, чўнтагига солиб қўйди. Энг ачинарлиси, дуч келган бурчакка чиқиндиларни улоқтириш борасида маҳаллий иштирокчилар “қаҳрамонлик” қилди. Қўлидаги сув солинган елим идишлар бўшаган бўлса-да, ҳар тарафга отмай, эринмасдан олиб тушганлар хорижликлар эди.

590
Сайёра ШОЕВА, ЎзА