Дунё янгиликлари

Крайстчерчдаги ҳужумлардан омон қолган имом бирдамликка чақирди

Чоп этилди Noyabr 24, 2019 Крайстчерчдаги ҳужумлардан омон қолган имом бирдамликка чақирдиda fikr bildirishni o'chirish

Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган Бутунжаҳон бағрикенглик саммитида Янги Зеландиянинг “Ан-Нур” масжиди имоми шайх Жамол Фауда нутқ сўзлаб, ёвуз мафкура ҳеч қачон севги ва бирдамликдан устун бўлолмаслигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 15 мартида Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда теракт юз берган ва 51 киши ҳалок бўлган.

Inspire Middle East нашрининг мухбири Ребекка Маклахлин-Естхам имомдан ҳужумлардан сўнг ўзини қандай қилиб руҳан тинчлантирганини сўради.

“Бугунги кунга қадар менга ҳеч қандай руҳий ёрдам кўрсатилгани йўқ. Мен қаттиқ хаста бўлдим, – дейди Жамол Фауда. – Айниқса, уч ҳафталардан сўнг мен бир нималарни кўра бошладим ва содир бўлган барча воқеаларнинг ҳаммаси хаёлимга ўрнашиб қолди. Кимдир содир бўлган воқеа ҳақида гапирганда ва эслатганда, ўзимни жуда ёмон ҳис қиладиган бўлиб қолдим”.

У қавмининг мусибатни қандай енгаётгани ва ўзини қайта тиклашга уринаётгани ҳақида гапириб берди.

Жамоатимиз энди ўзига келмоқда, айниқса, оилаларга молиявий кўмакдан сўнг. Болалар биз учун аҳамиятли, уларга мадад, таянч керак. У ердаги болалар ўша куни мактабга боришди ва қайтиб келишди, оталари эса йўқ. Ота-оналарнинг баъзилари, оналари болаларига отаси вафот этганини ҳали айтмаган”, – дейди имом.

Масжиддаги қотилликлардан чуқур таъсирланган жамоатга қандай қилиб тинчлик ва бағрикенглик ҳақидаги маърузаларни етказяпсиз деган саволга имом шундай жавоб берди:

“Диний раҳбарлар хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ насроний ёки яҳудий бўлсин, хоҳ эътиқодли ва ёки этиқодсиз бўлсин, уларнинг бўйнида жавобгарлик бор. Агар сизда адолат бўлса, тенглик ва бирдамлик тушунчалари бўлса, дунёнинг ҳар қандай жойида инсон сифатида сизу бизга зарур бўлган барча ёрдамни кўрсатганингизда, албатта, бир кун сиз ҳам меҳр-муҳаббат қозонасиз ва уни улашасиз”.