ТАСАВВУФ: Авлиёлар кимлар?
Авлиё (араб. валий – дўст сўзининг кўплиги) – тақводор инсонлар. Пайғамбарларга мўъжиза кўрсатиш хос бўлса, авлиёларга каромат нисбати берилади. Авлиёликка Аллоҳнинг инояти ёки меҳнат-риёзат билан эришиш мумкин.
Валийлар пайғамбарларнинг маънавий меросхўрларидир. Улар пайғамбар келтирган шариатни, эзгу ишларни аҳоли орасида кенг ёйиб, хайрли ишларини давом эттиришади.
Алишер Навоий айтганидек: “Бу тоифаким, валояту каромат аҳлидурлар ва халойиққа иршоду уҳда қилурлар, муборак зотларнинг баракоти бу миллат аҳли бошидан кам бўлмағай”1. Яъни, валийлар каромат эгаларидир, уларнинг баракаси миллатга ёғилиб туради.
Ҳаким Термизий валийликни валояти омма (барча мўминлар учун хос) ва валояти хосса (Хақ васлида фано ва бақо мақомига етганларга хос)га ажратади.2
Бобомиз хос авлиёларнинг табақавий босқичларини яхлит тизим сифатида келтириб ўтган. Унга кўра, авлиёлар қуйидаги даражаларга бўлинади:
- Қутб. Тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон.
- Ғавс. Бу ҳам қутб каби бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони англатади. .
- Абдол. Ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичра бўлсалар-да, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди.
- Автод. Бу сўзнинг луғавий маъноси “қозиқлар”дир. Улар ҳам абдол каби зотлардир.
- Нужабо. Олий зот авлиёларки, улар фақат инсонлар манфаатини кўзлайдилар.
- Нуқабо. Бундай авлиёлар одамларнинг сирларидан воқиф бўладилар. .
Каромат сифатида валийларда вақтнинг баракали бўлиши, мушкул ишларни осонлик билан бажара олишлари, муҳтожларга ёрдам беришлари адабиётларда асосий мавзу саналади. Шу сабабли авлиёлар тириклигида ҳам, вафотларидан кейин ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади.
1 Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 17-жилд. – Т.: Фан, 2001. – Б. 14.
2 Қаранг: Жуюший И.М. Ҳаким Термизийнинг «Ал-Масоил ал-макнуна» асари нашрининг кириш қисми. – Қоҳира: Дор ан-наҳда ал-арабиййа, 1980. – Б. 27.
Хонзода МАДАЛИЕВА
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси ходимаси
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан