МАСАЛА: Сўраган эдингиз…
Савол: Айрим кишилар сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, дейишади. Шу тўғрими?
Жавоб: Йўқ. Бу ойда тўй қилиш мумкин. Сафар ойида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса Фотима онамизга тўй қилиб, уйланганлар.
Ҳар бир кун Аллоҳ таолонинг кунидир. Сафар ойидан шумланиш жоҳилият одатларидан. У ойда ҳам бошқа ойлардаги каби сафар, тижорат ва тўй қилиш мумкин.
Савол: Сажда ҳолатида қилинган дуо ижобат бўлади, деб эшитганман. Намознинг саждаларида ҳам дуо қилса бўладими?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабимизда фарз ва вожиб намозларининг саждасида фақат тасбиҳ айтилади: “Субҳаана Роббиял аълаа” дейилади холос. Имом Шурунбулолий бундай дейдилар: “Руку ёки саждада тасбиҳдан бошқа нарса айтилмайди. Имом Шофеъий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани каби рукуда: “Эй, Аллоҳ сен учун руку қилдим, сенга хушу қилдим, сенга бўйсундим, сенга таваккал қилдим”. Саждада эса: “Юзим уни яратган, сурат берган, қулоқ ва кўзини очган зотга сажда қилди. Гўзал яратувчи Аллоҳ муборак бўлди”, деб айтади, дейдилар. Биз (яъни, Ҳанафийлар): “Бу (дуолар) таҳажжуд намозига хосдир”, деймиз” (“Мароқул-фалаҳ”).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Билингки, мен руку ёки сажда ҳолида қироат қилишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғланглар, саждада дуога жаҳд қилинглар. Мана шунда ижобатга лойиқ бўласизлар” (Имом Муслим ривояти). Уламоларимиз бу ҳадисдаги саждада дуога жаҳд қилишни нафл намозларга хос, дейдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намоз саждасида мана бу дуони қилардилар: “Эй, Аллоҳ! Менинг ҳамма гуноҳларимни кечир, кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалгисини ҳам, охиргисини ҳам, ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам кечир” (Имом Муслим ривояти).
Cавол: Баъзи кишилар эр-хотин олти ой давомида кўришмаса, ўртага талоқ тушади, шунинг учун улар қайтадан никоҳ ўқитиши керак бўлади, дейишади. Шу тўғрими?
Жавоб: “Эр-хотин олти ойдан ортиқ кўришмасдан яшасалар, ўрталарига талоқ тушади ва никоҳ бузилади”, деган гап хатодир.
Эр хотинига талоқ ёки талоқ маъносидаги сўз айтмаган бўлса, неча йил кўришмаса ҳам талоқ тушмайди.
Cавол: “Бу дунё жаннатнинг олдида – бармоқ денгизга бармоқ олингандаги намичалик”, деган маънода ҳадис борми? Бўлса у қай маънода келган?
Жавоб: Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳга қасамки, дунё – охират (олдида) сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди, қарасин-чи, нима билан қайтибди?!” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда Набий алайҳиссалом бу дунёнинг ўткинчи экани ва ҳақиқий ҳаёт охиратда бўлишини гўзал ўхшатиш билан ифодалаганлар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бу дунё ҳаёти фақат (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир” (Анкабут сураси, 64-оят).
Шунинг учун ҳар биримиз бу дунёда эришган ютуқ, обрў ва мол дунё билан ғурурланмаслигимиз, ҳаётда қийинчилик ва танг ҳолга тушганда эса шикоят қилиб, жазавага тушмаслигимиз, ҳар икки ҳолатда ҳам бу дунё ўткинчилигини унутмаслигимиз лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими
Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан