ҲАДИС ШАРҲИ: Фазли ва раҳмати нақадар буюк
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳеч кимнинг амали уни жаннатга олиб кирмайди”, деб айтганларини эшитдим. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сизни ҳамми?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом бундай жавоб қилдилар: “Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли мени ҳам ўраб олсагина (кираман). Тўғри бўлинглар. Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар у яхши одам бўлса, шояд яхшилиги зиёдалашса. Ёки гуноҳкор бўлса, шояд у тавба қилса”» (Имом Муслим ривояти).
Жаннатга Аллоҳ таолонинг фазли билан кирилади. Зеро, амаллар қанчалик буюк бўлмасин, жаннатга кириш учун кифоя қилмайди.
Аллоҳ таоло неъматлари туганмас жаннатини мўмин бандаларига уларнинг амалларига эваз қилиши Унинг раҳматидандир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига “сотиб олди”» (Тавба сураси, 111) оятини ўқир экан бундай дерди: “Қандоқ ҳам яхши келишув. Жонларни Ўзи яратади, молларни Ўзи ризқ қилиб беради, сўнгра уларнинг эвази ўлароқ бизга жаннатни мукофот қилиб бермоқда. Ҳақиқатда ҳам бу яхши келишув”. Жаннатга кириш шубҳасиз, Парвардигорнинг фазли ва раҳмати билан бўлади.
Олимлар бундай дейишади: «Жаннатга аслида Парвардигорнинг фазли билан кирилади. Ҳадис шунга далолат этади. Даражаларга эса амаллар орқали эришилади. Оят шунга далолат қилади».
Олимлар айтишади: «Жаннат ва унинг неъматларига эришиш Парвардигорнинг фазли ва амаллар сабабидандир. “Қилиб ўтган амалларингиз билан жаннатга кирингиз!” (Наҳл сураси, 32) оятидан ҳам Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила жаннатга кириш англашилади. Набий алайҳисссаломнинг: “Ҳеч кимнинг амали уни жаннатга олиб кирмайди”, деб айтишларидан мурод “Парвардигорнинг фазлисиз кира олмайди”, дейишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли мени ҳам ўраб олсагина (кираман)”, дедилар. “Бизни ўраб олса”, демадилар. Сабаби, у зот ўзларининг Парвардигорнинг фазли ва раҳмати билан жаннатга киришларини билганлар. Набий алайҳиссаломнинг жаннатга киришлари Аллоҳнинг фазли ва раҳматига боғлиқ экан, бошқалар ҳам жаннатга фақат Аллоҳ таолонинг фазли билан киради.
Нима учун ҳадисда ўлимни орзу қилишдан қайтарилмоқдақ Чунки, агар инсон яхши бўлса, яхшилиги ортади. Аксинча ёмон ишларни қилиб юрган бўлса, ёмонлиги кўпаядикуқ! Бунга нима деймизқ!
Олимлар: “Мўмин гуноҳ кабиралардан четланади ёки савобларни кўпайтириб бораверади. Яхшиликлари ортгани сайин гуноҳи камайверади. У гуноҳларини камайтириш пайида бўлади. Эзгуликлар кўпайган сари, гуноҳларига кафорат бўлаверади”, деб жавоб беришган.
Манбалар асоссида Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Саиджамол МАСАЙИТОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан