Рухсат сўраш одоби
Изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Бу одоблар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломида қай тариқа баён қилинганига эътибор қаратамиз:
«Эй имон келтирганлар, ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча, кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангизлар» (Нур, 27).
Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига киришга изн сўраб, “Кирайми?” деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтишни ўргатдилар. У одам: “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди ва унинг ичкарига киришига изн бердилар. Рухсат сўраш билан бирга, салом бериш ҳам ўзаро дўстлик ва муҳаббатни изҳор қилишдир.
«Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни тополмасангиз, унда сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз. Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кетаверинглар. Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билгувчидир» (Нур, 28).
Ислом одобида изн сўраш уч маротаба бўлиб, биринчисида ичкаридаги одам эшитади, иккинчисида ўзларини тузатиб оладилар ва учинчисида эса киришга рухсат берадилар ёки қайтарадилар. Агар ичкаридан сизга ҳеч ким жавоб бермаса, у ерга кирмаслигингиз лозим бўлади.
«Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур, 58).
«Қачонки, гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур, 59).
Ушбу оятларда, Аллоҳ таоло амрига биноан, фарзандлар ва хонадон хизматкорлари ўз ота-оналари ва уй соҳибларидан айтиб ўтилган уч пайтда изн сўраб кириши лозимлиги баён этилмоқда.
Биринчиси, бомдод намозидан аввал, чунки бу вақтда кишилар ўринларида ором олаётган бўладилар.
Иккинчиси, туш пайти. Бу вақтда ҳам кишилар аксарият ҳолларда ўз аҳли билан биргаликда дам олаётган пайт бўлади.
Учинчиси, хуфтон намозидан сўнг. Ушбу вақт тун маҳали бўлиб, дам олиш ёки ётиш пайтидир.
Бу уч пайтда катталар ёки хонадон эгалари ҳузурига кириш учун изн сўраш шариатимиз қоидасига мувофиқ шарт қилинди. Мазкур вақтларда эр ёки хотин ёш фарзандларидан холи бўлиб, хос бир ҳолатда бўлиши табиийдир. Агар ёш болалар балоғат ёшига етсалар, бу уч вақтдан ташқари пайтларда ҳам изн сўраш лозим бўлади.
Фарзандларнинг тарбияли, чиройли хулқ эгалари ва етук инсонлар бўлишларида Ислом дини таълимоти нақадар аҳамиятли экани Қуръон оятларида яққол кўриниб турибди.
Изн сўрашнинг ҳам ўз одоблари бўлиб, улар қуйидагилардир:
Аввал салом бериб, сўнг изн сўраш
Абу Довуд ривоят қилади. Омир қабиласидан бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйда бўлган вақтларида изн сўради ва: “Кирсам майлими?” деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматчига: “Чиқиб, унга изн сўрашни ўргатгин, “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтсин”, дедилар. Шунда у бу сўзни эшитиб, “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар ва у кирди.
Исмини, сифатини ёки кимлигини билдириш
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” ктобларининг “Исро” ҳадисида келтирилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) дунё осмонига кўтарилди ва эшикни тақиллатди. Шунда:
– Ким? – дейилди.
– Жаброил (алайҳиссалом), – деди.
– Ёнингдаги ким?
– Муҳаммад (алайҳиссалом).
Сўнгра мен билан иккинчи, учинчи осмонга ва бошқаларига кўтарилди. Ҳар бир осмон эшигида “Ким?” дейилди. “Жаброил (алайҳиссалом)”, дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Мусодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғнинг қудуғида ўтирганларида, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) келиб изн сўради. Абу Мусо:
– Ким? – деди.
– Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
Сўнг ҳазрат Умар келди, изн сўради.
– Ким? – деди Абу Мусо.
– Умар, – деди.
Сўнгра Усмон ҳам шундай қилди.
Демак, бировнинг эшигига борган одам аввало ўзини таништириши лозим бўлар экан. Шу ўринда баъзи кишиларнинг хатти-ҳаракатлари ёдга тушади. Айниқса, айрим ёшлар телефон орқали бошқаларни безовта қилиб, ўзининг кимлигини билдирмасдан, турли кераксиз гапларни сўзлаши учраб туради.
Муборак Рамазон ойида ҳам ёш болалар ва ўсмирлар бемаҳалда эшикларни тақиллатиб, одамларни безовта қилиб “Рамазон” айтиб юришади. Бу одат ҳам динимиз кўрсатмаларига мувофиқ келмайди, чунки мўътабар манбаларимизда бу ҳақда бирор-бир маълумот йўқ.
Кези келганида “Рамазон” айтиш тарихига назар соладиган бўлсак, аждодларимиз азалдан улуғ ой Рамазонни жуда катта хурсандчилик билан қарши олишган. Ҳаттоки ёшлар бу қувончларини оҳангга солиб куйлашган, шодликларини бошқаларга ҳам етказиб, бир-бирларини қутлашган. Бундай улуғ хушхабарни олиб келганларни янада хушнуд қилиш учун саховатли ота-боболаримиз ширинликлар билан сийлаганлар. Кўриниб турибди, “Рамазон” айтиб бемаҳалда одамлар безовта қилинмаган ёки бирон нарса тама қилиш мақсад этилмаган. Шу боис фарзандларимизга бу одатни ҳам тўғри маънода тушунтиришимиз лозим.
Уч марта изн сўраш
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Изн сўраш уч мартадир. Агар сенга изн берилса, киргин, изн берилмаса, бас, қайтгин”, дедилар.
Биринчи марта изн сўраш билан иккинчисининг орасида тўрт ракаат намоз ўқиш муддатича кутиш мустаҳабдир. Чунки хонадон соҳиби намозда ёки зарур иш билан банд бўлиши мумкин. Шу боис бир неча дақиқа кутиш афзалдир. Учинчи бор изн сўралганидан сўнг ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиш лозим экан. Шундай ҳолларда баъзилар эшикни ўзлари очиб киришлари динимиз қоидаларига зиддир.
Эшикни оҳиста тақиллатиш
Хусусан, ота-она, устоз ёки бирор аҳли уламо ёки фазилат соҳибининг хонадонига ташриф қилинадиган бўлса, янада тавозеъ ва одоб билан эшикни оҳиста тақиллатиш зарур. Бу борада саҳобалар ва салаф уламоларимиз одоблари қай даражада юксак эканига эътибор берамиз:
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларини бармоқлар билан тақиллатишарди”.
Салафлар улуғларнинг эшикларини тирноқлари билан тақиллатардилар. Бу эҳтиром ва одобнинг юқори чўққисидир. Аммо уй эгаси эшикдан узоқроқда экани эҳтимоли бўлса, бундай вазиятда эшитиладиган тарзда тақиллатилади. Бугунги ҳолатларда, яъни эшикда қўнғироқ чалувчи мослама бўлса, ундан фойдаланганда ҳам узоқ муддат босиб турмаслик ёки кетма-кет, қайта-қайта, тез-тез босавермаган маъқул. Чунки изн сўровчининг эшикни енгил, латиф тақиллатиши унинг лутфу одоби, хулқи ва гўзал муомаласидан далолатдир.
Изн сўраш пайтида эшикка терс туриш
Мабодо эшикни аёл киши очадиган бўлса, бегона кишига кўзи тушмаслиги ва уни хижолат қилмаслик мақсадида изн сўраш одобидаги ушбу қоидага риоя қилиш талаб этилади. Изн сўраш баробарида назар солишда эҳтиёткор бўлиш шарт. Буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига таъкидлаб: “Албатта, изн сўраш кўзни (жоиз қарашдан) сақлаш учундир”, дедилар. Яъни, эшик тақиллатиб рухсат сўралганида, назарни олиб қочишнинг бошқа иложи йўқ. Шу сабабдан эшикка терс ёки ён билан туриш жоиздир.
Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Басардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйга келишда эшикнинг қаршисида турманглар, эшикнинг ёнида туриб изн сўранглар. Агар изн берилса киринглар, рухсат берилмаса, қайтинглар”, деганлар.
Абу Довуд ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар эшигига келганларида юзлари билан эшикка юзланмасдилар, ўнг ёки чап ёнларини эшикка қилардилар ва: “Ассалому алайкум”, “Ассалому алайкум”, дердилар».
Уй эгаси “қайт” деса, қайтиш
Аллоҳ таоло бундай дейди:
«…Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кетаверинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур, 28).
Рухсат сўровчи кишига хонадон эгалари монелик билдирганида, дарҳол орқага қайтиши лозимлиги баён этилмоқда. Чунки хонадондаги айни муҳит ва вазият шуни тақозо қилаётгани учун шундай жавоб бўлди. Шу боис келган киши кириш учун бирор баҳона топишга ҳаракат қилмай, орқага қайтиши шарт. Чунки Аллоҳнинг буйруғи юқоридаги ояти каримада шунга далолат этмоқда.
Қатода айтади: Бир муҳожир: “Бутун умрим бўйи бу оятдаги ҳолатни қидирдим. Аммо бундай вазиятга тушмадим. Бир вақтлари келиб, баъзи биродарларимдан рухсат сўрадим. Улар “қайт” дедилар. Бас, мен хурсанд бўлган ҳолимда (яъни ўша оятга амал қилганимдан) ортимга қайтдим”, деди.
Бу Ислом динимиздаги “изн сўраш” одобларининг энг муҳим қоидалардандир. Фарзандларимиз шу фазилатларга эга бўлиб тарбия топар экан, албатта бугун, эртага ва то қиёматга қадар давом этажак наслу насабимиздан яна уламолар, фозиллар ва ўз илму маърифатларининг манфаатлари ила жаҳонни ҳайратга соладиган машҳур инсонлар етишиб чиқади, иншоаллоҳ. Буюк ва Улуғ, Қодир Раббимиздан барчамиз илтижолар қилиб, бу йўлда олиб бораётган ишларимизда шижоат ва баракотлар тилаймиз.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 24000 сўм