МУХЛИСЛАР ИЖОДИДАН: Саволларга кўмилган дунё
Оддий бўл, содда бўл ҳамда камтарин,
Ҳар сўзинг остида маъно яширин.
Кўнглингдан кечса ҳам ўзгалар сири,
Фош этма, содиқ бўл дўстлар учун чин.
Х
Ғанимат билайлик бир-биримизни,
Бир оз чекинтириб ғуруримизни.
Бир йўлдан изма-из кетиб боряпмиз,
Ҳеч дариғ тутмайлик қалб нуримизни.
Х
Ҳар ишнинг бошида “Бисмилло”си бор,
Сўнггида, албатта, интиҳоси бор.
Қадам босмай туриб фикр қилайлик,
Ҳар неки ишимиз чин савдоси бор.
Х
Яхшиларга ёндаштир, дея Аллоҳдан
Ҳар тонгда эзгу бир ният сўрадим.
Қалбимнинг тўрига имонни жойлаб,
Инсофли инсонни дўст деб санадим.
Х
Яшай десанг хотиржам, тинч,
Тўғри юриб, тўғри тур.
Аллоҳ берган неъматларга
Кунда айтгин минг шукр.
Х
Мажнунтолдек қаддим дол,
Лекин адл кўнглим бор.
Гар келса ҳам дўппи тор,
Ориятли ўйим бор.
Х
Саволларга кўмилган дунё,
Ҳар саволнинг ўз жавоби бор.
Тополмасанг ишончли жавоб,
Сукут сақла – бир савоби бор.
Анорхон ШОМИРЗАЕВА
Фарғона вилояти