Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё кунини таъсис этишни таклиф қилди
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви вақтида 15 мартни янги байрам Марказий Осиё куни сифатида нишонлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг биринчи президентининг расмий сайти хабар берган.
Назарбоев Марказий Осиёда маҳсулотлар, хизматлар ва капитал алмашинуви учун тўсиқларсиз муҳитни шакллантириш лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Қозоғистоннинг биринчи президенти минтақадаги мамлакатларнинг ёшлари учун ҳар йили ҳар бир давлатга 10 тадан таълим гранти ажратиш ва уларни Қозоғистоннинг энг яхши ОТМларида бепул ўқитишга маблағ ажратишни тавсия қилди.
Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов эса Марказий Осиёнинг беш давлати учун амалий кенгаш ташкил қилишни таклиф этган. Йиғилиш якунида Нурсултон Назарбоевга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашуви фахрий раиси мақоми берилган. Назарбоевга октябрь ойида Бокуда ўтган Туркий кенгашнинг VII саммитида Турк дунёсининг олий ордени топширилган ва у Турк дунёси тараққиётига қўшган ҳиссаси учун ушбу кенгашнинг умрбод фахрий раиси этиб сайланганди.