Мақолалар

Омонатни адо этиш

Чоп этилди Dekabr 4, 2019 Омонатни адо этишda fikr bildirishni o'chirish

“Омонат” ва “имон” сўзлари араб тилида бир ўзакдан олинган. Омонатли одам имонли, имонли одам омонатли бўлади. Банда Аллоҳнинг амрларини бажарса, омонати (имони)да содиқ турса, Аллоҳ уни имонда собитқадам қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Омо­натга риоя этмаганнинг имони йўқдир, аҳдида турмаганнинг дини йўқдир” (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти). Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўза­ро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидир” (Муъминун, 8).

Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортди ва ундан қўрқди. Инсон эса уни ўз зиммасига олди…” (Аҳзоб, 72).

Уламолар мазкур оятдаги “омонат” ҳақида турли фикрлар билдиришган. Имом Табарий айтади: “Оятдаги “омонат”нинг маъноси диндаги омонат ва инсонларнинг ўзаро омонатлари. Аллоҳ таоло оятда умумий айтди, ҳеч бирини хосламади”.

Кафавий айтади: “Омонат Аллоҳ таоло бандаларига фарз қил­ган намоз, закот, рўза ва қарзни адо қилиш кабилар”.

Бошқа манбаларда эса, одамга ишониб топширилган бар­ча нарсалар омонатдир.

Абу Дардодан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (сол­­­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўмин бўлиб, беш нарса билан келса – беш вақт намозни ўз вақ­тида руку ва саждалари билан адо этса, рамазон рў­засини тутса, имкони бўлиб, ҳаж қилса, ўз хоҳиши билан закот берса ва омонатни адо қилса, жаннатга киради”, дедилар».

Абу Зурора Адий ибн Амира Киндий (розиялло­ҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Сизлардан бирингиз бир ишга бош бўлиб, биздан бир ипчалик омонатни беркитса, қиёмат куни у билан боғланган ҳолда келади”».

“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар…” (Нисо, 58).

Омонат кишининг ўзига билдирилган ишончни оқла­шидир. Омонатли киши ўз зиммасидаги барча вазифаларни масъулият билан бажариши натижасида ишонч қозонган кишидир.

Инсон зиммасидаги энг катта омонат Аллоҳ тао­лони та­ниб, Унга муносиб бандалик қилишдир.

Омонат кенг қамровли тушунча бўлиб, ҳаётнинг ҳар бир жаб­ҳасида унга эҳтиёж бор. Ҳатто инсон танасининг барча аъзолари унга берилган омонат бў­либ, уларни ўз ўрнига сарфлаши лозимдир. Тилини Аллоҳнинг зикри ва фойдали сўзларга ишлатиши, ёлғон, ғийбат, чақимчилик каби иллатлардан сақ­лаши, кўзини ҳаромдан тўсиши, фақат покиза нарсаларгагина қараши буюрилган. Шунингдек, инсонларга ҳар бир аъзони Аллоҳнинг тоати йўлида ишлатиш омонати юклангандир.

Pасулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мунофиқликнинг аломатлаpи ҳақида бундай хабар бердилар:

“Тўpтта аломат боp, кимда шу тўpт аломатнинг ҳаммаси топилса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Боpди-ю булардан биттаси топилса, уни таpк қилмагунча мунофиқлик аломатидан қутула олмайди:

– ишониб омонат топшиpилганида, омонатга хиёнат қилади;

– гапиpса, ёлғон гапиpади;

– аҳдлашса, аҳдига вафо қилмайди;

– хусуматлашса, ҳаддан ошади”.

Банда Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буйруқларига амал қилишга қанчалик кўп ҳаракат этса, ўзида шунча ишонч, умид, хотиржамлик топади. Аксинча, уларни тарк қилиб, бепарво бўлса, доимо хавотирда, ҳадикда, қалб хотиржамлигини туймай умр ўтказади. Жумладан, Аллоҳ таоло ояти карималарида ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларида аҳдга вафо қилиш мўминларнинг сифати ва зийнати экани, аҳдни бузиш, ваъдага хилоф қилиш эса мунофиқлик сифатларидан экани баён қилинган.

Кишининг жамият олдидаги омонати ҳалол бў­лиш, ўзига ишониб топширилган вазифаларни виждонан, самимий адо этиш, бош­қаларнинг мол­ларини муҳофаза қилиш кабилардан иборат. Олимларнинг омонатлари эса Аллоҳ таоло уларга берган илмга амал қилиш ва халққа етказишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрганлар: “Сенга ишонч билдирган кишига омонатини топшир, сенга хиёнат қилган кишига хиёнат қилма!”

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм