Мақолалар

Арақхўрликнинг олдини олиш

Чоп этилди Dekabr 5, 2019 Арақхўрликнинг олдини олишda fikr bildirishni o'chirish

Албатта, хамрга қарши Ислом таълимотлари босқичма-босқич амалга оширилган. Булардан ташқари кўплаб ҳадиси шарифлар ва амалий татбиқлар бор. Қуйида биз ўшалардан баъзи намуналарни ўрганиб чиқамиз.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунё­да хамрни истеъмол қилиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)- нинг ушбу ҳадиси шарифдаги: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир”, деганлари умумий қоидадир.

Шу қоидага биноан нима бўлишидан қатъи назар, ҳар бир маст қилувчи нарса: суюқми, қуюқми, ичиладими, чекиладими, ҳидланадими ёхуд игна билан киритиладими, барибир ҳаромдир.

Мазкур шариат ҳаром қилган нарсаларни мусулмон одам зинҳор ва зинҳор истеъмол қилмаслиги керак.

Ким уларни истеъмол қилса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ушбу ҳадиси шарифда турли омилларга кўра маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилишга одатланган кишилар ҳақида: “Ким бу дунёда хамрни истеъмол қилиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас”, дейилмоқда.

Демак, билиб-билмай хамр истеъмол қилган киши унинг ҳаромлигини билиши биланоқ уни тарк қилмоғи, тавба қилмоғи лозим.

Агар хамр ичишдан қайтмай, тавба қилмай ўлиб кетса, у охират хамрини ича олмайди. Бу ўша одам жаннатга кирмайди, деганидир. Чунки бу дунёнинг хамридан тубдан фарқ қиладиган охират хамрини фақатгина жаннатийлар ичиши маълум ва машҳур.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда лаънатлаш Аллоҳ таоло томонидан бўлмоқда. Шунинг ўзи иш қанчалар жиддий эканини кўрсатади.

Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай, қора дори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар ер юзи бўйлаб кенг тарқалмоқда.

Жайшондан бир киши келиб Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўз ерларида ичишадиган, жўхоридан қилинадиган ва ал-мизру деб номланадиган ичимлик ҳақида сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– У маст қилувчими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, – деди у.

– Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ким маст қилувчи нарсани ичса, унга “ҳабол тийнаси”ни ичирмоқни аҳд қилганлар, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули, хабол тийнаси надир? – дедилар.

– Дўзах аҳлининг тери ёки дўзах аҳлининг йиринги, – дедилар (Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

“Жайшон” – Ямандаги бир жойнинг номи. Ана ўша ерлик бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб ўз юртида жўхоридан тайёрланиб ичиладиган ал-мизру номли ичимлик ҳақида сўради. Ичиш мумкинми ёки йўқлиги ҳақида шаръий ҳукм сўради.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб беришдан олдин у одамдан: “У маст қилувчими?” – деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ушбу ишлари ҳар бир диний илмга уринган шахс учун ибрат бўлмоғи лозим. Бирор саволга жавоб беришдан олдин, маълум бир ҳукмни чиқаришдан олдин, уни аввало атрофлича ўрганиб олиш керак. Мазкур муолажа қилинаётган нарсани яхши билмаса, биладиганлардан сўраб, аниқлаши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жайшонлик кишидан сўрашлари масалага аниқлик киритди. У зотнинг “У маст қилувчими?” деган саволларига мазкур киши:

– Ҳа, – деди.

Шу билан масала аён бўлиб, унга жавоб бериш ҳам осон бўлди.

Шу боис Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дарҳол: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, дедилар.

Аммо Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ичимликнинг ҳаром эканини баён қилиш билан кифояланиб қолмадилар. Фурсати келганида тингловчилар ҳузурида хамр ҳақида сўз очилганида бу нарсанинг зарари ҳақида огоҳлантирувчи гап айтиб, кишиларни ундан қайтардилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради”, деган гаплари шунга далолат қилади. Бир марта хамр ичган одам ўзининг қирқ кун давомида ўқиган намозидан маҳрум бўлар экан, ўзини билган инсон учун бу улкан мусибатдир.

Чунки бир марта маст қилувчи нарсани истеъмол қилиш қирқ кунлик намозни беҳуда кетказганидан кейин бошқа амалларнинг ҳисоб-китобини қилиб олаверса бўлади.

Лекин Ислом қоидаси бўйича ҳар вақт Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишга имкон бор. Аллоҳ таоло тавба эшигини очиб қўйган. Жумладан, маст қилувчи нарсаларни ичган банда ҳам нафсини тийиб тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Унинг гуноҳларини мағфират қилади. Шарти шуки, аввалги содир этган гуноҳига чин дилдан афсус қилсин ва ўша гуноҳни қилмасликка азму қарор қилсин. Ана ўшанда Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.

Сўнгра Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хамр борасидаги ўз огоҳлантиришларига яна бир огоҳлантириш қўшиб: «Ким у (хамр)­ни ҳалолини ҳаромидан ажрата олмайдиган болачага ичирса, унга “хабол тийнаси”ни ичирмоқ Аллоҳ таоло учун ҳақ бўлур», дедилар.

Бунда ёш болаларни хамрдан узоқ ҳолда тарбия­лаб боришга ундов бор. Ҳозирда балоғат ёшига етмаган болалар орасида гиёҳвандликнинг тарқалишига ҳам кўп ҳолларда катталар сабабчи бўлиб қолмоқда. Бошқа ҳадиси шарифлар қатори бу ҳадиси шарифга ҳам бугунги кунда эҳтиёжимиз бор, унга оғишмай амал қилмоғимиз лозим.

Исломда бирор нарса ман қилинса, ўша ман қилинган нарсага олиб борувчи, сабаб бўлувчи нарсалар ҳам ҳаром қилинади. Хамр масаласида ҳам ана шу қоида ишга солинди. Асосан, турлича ичимликларни сақлайдиган идишлари ёки сақлаш услубидаги хатолар туфайли ҳалол нарсалар хамрга айланиб қолар эди. Ана шу нарса бў­йича аҳоли ичида катта тушунтириш ишлари олиб борилди.

Қуйида мазкур масала бўйича қилинган ривоятлардан баъзи намуналарни ўрганамиз.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Абдулқайснинг ҳайъати Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келди ва у зотдан набийз ҳақида сўрадилар. Бас, у зот уларни қовоқда ва ёғочдан қилинган идишда, смола суртилган ва сирғанчиқ модда суртилган кўзада набийз тайёрлашдан қайтардилар” (Бешовлари ривоят қилган).

Абдулқайс арабларнинг машҳур қабилаларидан бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хабарлари тарқалгандан кейин уларнинг кўзга кўринган арбобларидан иборат бир гуруҳи у зотнинг ҳузурига келган, икки тараф ораларида давомли суҳбат бўлган ва абдулқайсликлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қанча масалаларни, жумладан, қандоқ идишларда набийз тайёрлаш мумкинлигини сўрашган.

“Набийз”дан мурод хурмо ёки майизни сувга солиб ивитганида ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимликдир. Аммо набийз тайёрлашда хатога йўл қўйилса, ичимлик хамрга айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ичимлик ҳақида саволлар кўп бўлади. Набийзни соф ва шубҳасиз бўлишида идиш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода ушбу ривоятда зикр қилинган тўрт хил идишда набийз тайёрлаш мумкин эмас.

  1. Қовоқдан қилинган идишда.

Авваллари қовоқ пишганда ичидаги моддани таомга ишлатилгандан кейин сиртидан идиш сифатида фойдаланилган. Уламоларимиз, қовоқда набийз қилишнинг ман этилиши ундаги мавжуд хусусият туфайли набийз тезда хамрга айланиб қолиши учундир, дейдилар.

  1. Ёғочдан қилинган идишда.

Арабларда, асосан, хурмо ёғочидан ичимликлар сақланадиган идишлар қилиш одати бор эди. Бундоқ идишларда қилинган набийз ҳам тезда хамрга айланиб қолиши тажрибада кузатилгани учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларда набийз тайёрлашдан қайтардилар.

  1. Смола суртилган идишда.

Турли нарсалардан тайёрланган идишга қу­йилган суюқлик сингиб кетмаслиги учун унга худди қайиқларга суртилгани каби смола суртилган. Смола моддаси ҳам набийзни хамрга айлантирувчи омиллардан бири бўлгани учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) смола суртилган идишларда набийз тайёрлашдан қайтарганлар.

  1. Сирғанчиқ модда суртилган кўзада.

Аввалги вақтларда лойдан қилинган кўзаларда ҳам суюқликлар сақланган ва ташилган. Ана ўша идишларнинг суюқликларни тутиб туриш қобилиятини кучайтириш ниятида уларга турли моддалар суртилган. Ўша вақтда мазкур мешкобларга суртиладиган сирғанчиқ моддаларда набийзни хамрга айлантиришга омил бўладиган хусусият борлиги учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларда набийз тайёрлашдан қайтармоқдалар.

Ибн Умарга: “Бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер”, дейилди.

«Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “ҳантам” – лой кўзадан, “дуббо” – ошқовоқдан, “музаффат” – смола суртилган идишдан ва “нақийр” – хурмонинг пўсти шилиб ташланиб, ичи ковланиб қилинган идишдан қайтардилар. Мешкобларда эса набийз тайёрлашга амр қилдилар”, деди у» (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Бу ривоятда, асосан, аввалги ривоятда ўтган масала муолажа қилинмоқда. Лекин сиз билан биз алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган бир умумий қоида ҳам бор. Набийз тайёрлаш мумкин бўлмаган идишлар ҳақида қайта шарҳнинг ҳожати йўқ деб ўйлаймиз. Набийз тайёрлаш рухсат берилган мешкоблар нималигини ҳам биламиз. Аммо алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган умумий қоида нима? Бу қоида ривоятнинг бошида келган жумладан олинади: Ибн Умарга: “Бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер”, де­йилди.

Демак, саҳобаи киромларнинг вақтларидаёқ баъзи бир истилоҳларни ҳамма ҳам тушунавермайдиган ҳолга етиб, уларни замонавий иборалар билан шарҳлаб бериш эҳтиёжи туғилиб қолган. Бу ҳолат ҳар бир тилда, ҳар бир халқда бўлиши табиий ҳол.

Чунки тил ҳам худди тирик жисм кабидир. Унда ишлаб вазифасини ўтаб бўлган ҳужайралар тушиб кетади ва уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлади. Ана ўша тилдаги ва истилоҳлардаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда бўлса ҳамда уларда хато содир бўлса, тузатиш бир оз енгил кўчиши мумкин.

Аммо мазкур ўзгариш ва хатолар дину диёнатга оид бўлса, оқибати оғир бўлиши турган гап. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ лозим.

Агар ушбу ўрганаётган масаламизни оладиган бўлсак, эски истилоҳдаги идишнинг номини тўғри тушунмай Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарган идишда набийз қилинса, хамрга айланиб қолиши ва уни мусулмонлар истеъмол қилиб гуноҳкор бўлиш эҳтимоли бор.

Умуман, шариатимиз таълимотларини кенг халқ оммасига англатиш учун доимий равишда ушбу масалада иш олиб бориш лозим. Исломий илмларга мутахассис бўлган кишилар вақт топиб, имкон қилиб мазкур эски сўз ва истилоҳларни ўрганишлари мумкин. Аммо кенг халқ оммаси учун бу борада на вақт ва на имкон бор. Шунинг учун уламоларимиз диний адабиётларни халқ тушунадиган тилда баён қилиб туришлари, китоблар битишлари лозим.

Айниқса, бизнинг Мовароуннаҳр шароитида турли омилларга кўра, бу масала ўта долзарбдир.

Саҳобалардан Ториқ Жўъфий (розияллоҳу ан­ҳу)дан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан хамр ҳақида сўраганида, у зот уни шу нарсадан қайтардилар ёки уни тайёрлашни ёқтирмадилар, шунда у: “Мен уни даво учун қиламан”, деди. У зот: “У даво эмас, дарддир”, дедилар (Имом Муатим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ториқ Жўъфий (розияллоҳу анҳу)нинг саволи дардга даво учун хамр тайёрласа бўладими, деган маънода эди. Худди шу савол ҳозиргача одамлар орасида тез-тез такрорланиб туради. Баъзилар, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гапларни айтган ҳоллар ҳам бўлган. Хамр ҳақидаги бу саволнинг тўғри жавоби эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жавобларидир, яъни: “У даво эмас, дарддир”.

Демак, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гап мутлақо асоссиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хамр даво эмаслиги ҳақидаги гаплари уни даволаниш мақсадида ҳам истеъмол қилиб бўлмаслигини англатса, хамрнинг дард эканини баён қилувчи гаплари илмий мўъжиза бўлиб чиқди. Хамрнинг кўпи ҳам, ози ҳам, маст бўлиш учун ичилгани ҳам, даво учун ичилгани ҳам дарддан иборат эканини илмий тажрибалар билан исботланди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло менинг умматимнинг шифосини унинг учун ҳаром бўлган нарсада қилмас”, деганлар.

Бу ҳақиқатни ҳаммамиз яхшилаб англаб олмоғимиз лозим.

Албатта, бу ерда дори баҳонаси билан хамр тайёрлаш ҳақида ёки йўқ қилиб юборилиши лозим бўлган гиёҳвандлик моддасини дори қилиш баҳонаси билан олиб қолиш ҳақида сўз кетмоқда.

Аммо гиёҳванд моддалар тайёрлашда хом- ашё сифатида ишлатиладиган нарсалардан тиббий мақсадларда дори тайёрлаш ва шу мақсадда уларни ишлатишга шариатимиз ижозат берган. Фуқаҳоларнинг аксари жарроҳлик амалиётларида беморга банжни ишлатиш жоизлигини таъкидлаганлар.

Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзо­лари бу иллатга қарши фаол курашганлар. Улар бу ҳақдаги оят ва ҳадисларни кишиларга етказиш билан бирга ўзлари ҳам ваъз-насиҳатлар қилганлар. Ушбу фикрнинг далили сифатида бу ҳақдаги ривоятларнинг энг машҳурини келтириш билан кифояланамиз.

Усмон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагиларни айтгани ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки у ёмонликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир бола ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: “Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим”, деди. Эркак: “Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир”, деди. Аёл унга ичирди. Эркак: “Менга яна беринглар”, деди. Ўша ернинг ўзида у (аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».

Демак, ичкилик барча ёмонликларнинг онасидир. Жамиятни тубдан кемирадиган, оилаларни барбод қиладиган нарса ҳам ичкиликдир. Бундай салбий ҳолатлардан ёшларимизни сақлашимиз бирламчи бурчларимиздан биридир.

Аллоҳ таоло мана шундай салбий ҳолатлардан барчаларимизни Ўзи асрасин. Ёшларимизга бу борада ўрнак бўлиш ва уларга тўғри йўлни кўрсатишда бардавом бўлайлик!

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм