Мақолалар

Тараққиёт, тинчлик ва қонун устуворлиги кафолати

Чоп этилди Dekabr 5, 2019 Тараққиёт, тинчлик ва қонун устуворлиги кафолатиda fikr bildirishni o'chirish

Дунё давлатлари халқлари эъзозлайдиган, амал қиладиган ва ҳар йили унинг қабул қилинганини севиниб нишонлайдиган байрамлардан бири бу – Конституция кунидир. Чунки Конституция ҳар бир миллатнинг миллат сифатида ўзининг давлатига эга эканини билдирувчи асосий рамзлардан бири саналади.

Миллатимиз даҳоси, аждодларимиз қолдирган буюк маънавий мерос, муқаддас динимиз таълимоти, халқимиз донишманлигига таянган ҳолда қабул қилинганига 27 йил тўлаётган Бош қомусимиз ҳам Ватанимиздаги барқарор тараққиёт, тинчлик ва хотиржамлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, қонун устуворлиги ва бошқа эзгуликларга йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини бажариб келмоқда.

Лотин тилидаги constitutio – тузилиш, тузукдан ҳосил қилинган конституция  –давлатнинг асосий қонуни. Шу боисдан уни ҳар бир миллат ўзининг тилида ардоқли сўзлар билан атайди. Масалан, биз “Бош қомусимиз”, деймиз ва катта ҳарф билан бошлаб ёзамиз, турклар “anayasa”, дейди…

Конституция эски замонлардан бошлаб ўз давлатчилиги тарихига эга бўлган халқлар учун янгилик эмас. Конституция моҳиятан давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, суд тизимини белгилаб беради ҳамда барча қонунларнинг асоси ҳисобланади. Ҳарҳолда шундай бўлиши керак.

Бош қомус ана шу моҳият эътибори билан “Ўғузнома”, “Ҳибатул-ҳақойиқ”, “Темур тузуклари” ва шуларга ўхшаш сиёсий адабиётларнинг тадрижи эмасми. Ушбу асарлар шариат қонунлари билан бир қаторда Ўрта Осиё халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияси жаҳон андозаларига мос, халқаро талабларга жавоб берадиган бўлиш билан бирга халқимизнинг аксари мусулмонлар экани ва уларнинг диний расм-русумларга, фиқҳий аҳкомларга сидқи дилдан риоя этишлари инобатга олиниб, Ислом фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган «Ҳидоя» асаридан ҳам маълумотлар ўрганилиб, Конституциямиз таркибидаги қонун ва ҳуқуқлар жамланмасида ўз аксини топди.

Конституциямиз қабул қилинган кун – 8 декабрь юртимизда катта байрам. Шу куни сайилгоҳлар, боғлар ва хиёбонлар шоду хуррам сайр қилиб юрган оилалар, ёшлар жамоалари билан гавжум бўлади, болаларнинг шодон қийқириқлари эшитилади. Ва ана шу бахтиёрлик кишининг қалбини тўлқинлантириб юборади. Зотан, ана шу тинчлик-омонликда Бош қомусимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.

Музаффархон АЪЗАМ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби