Эрдўған: «Ҳурматли давлатларнинг беҳурмат раҳбарлари «исломий террор» деяпти»
НАТО саммитида иштирок этиш учун Буюк Британия пойтахти Лондонга борган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу ерда яшайдиган турклар ва мусулмонлар билан учрашди.
“Евроньюс” хабарида айтилишича, Эрдўған учрашувда террорризм мавзусида сўзлаб, Туркияда охирги қирқ йилда жуда кўп киши террорнинг қурбонига айланганини билдирди.
Шунингдек, Эрдўған “ислом” сўзи “тинчлик” маъносини билдиришини таъкидлаб, ислом ва террор сўзларининг бирга ишлатилишини танқид қилди.
“Ислом – тинчлик дини. Тинчлик дини бўлган динимиз билан террорни асло қиёслай олмайсиз, террорнинг ёнига исломни сифат сифатида қўя олмайсиз. Айбга буюрмасинлар, бу ифодани ишлатганларни лаънатлайман. Уларга шу саволни бериш керак: Янги Зеландияда 51 мусулмонни намоз пайтида ўлдирган ким эди? Насроний. Биз насроний террорчи деяпмизми? Шундай ифодани ишлатдикми? Ишлатмадик, ишлатмаймиз ҳам. Нега? Бизнинг динимиз ислом бунга рухсат бермайди. Аввало динларимиз орасидаги муносабатларни муроса ҳолатига келтиришни гаплашайлик. Афсуски, ҳозир дунёдаги ҳурматли давлатларнинг баъзи беҳурмат раҳбарлари “исломий террор” атамасини ишлатяпти. Бу мумкин эмас. Буни қабул қилишимиз мумкин эмас. Юзма-юз учрашувларда “Бундай ифодаларни ишлатманглар, хафа бўляпмиз”, деб қайта-қайта айтдик. Айтяпмиз”, – деди Туркия президенти.