Ўзбекистон фуқароси хакерлик қилгани боис АҚШ санкциясига учради
АҚШ Молия вазирлиги санкциялари рўйхатига яна 17 кишини киритди. Улар қаторидан Россия, Исроил, Испания, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари ўрин олган. Бу ҳақда «Fontanka.ru» хабар берди.
Рўйхатга кирганларнинг асосий қисми, яъни 12 киши Россия фуқароси ҳисобланади. Бундан ташқари, санкцияга Россиянинг 7та компанияси ҳам тушган.
Рўйхатга киритилган шахслар Россиянинг Evil Corp хакерлик гуруҳи билан боғлиқлиги айтимлоқда.. АҚШ Молия вазирлиги ташкилот раҳбари сифатида Максим Якубецни қайд этган ва уни Россия ҳукуматининг кибержиноятчилик соҳасидаги ғаразли ишларига ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, рўйхатдаги бир киши ҳам Evil Corp аъзоси, ҳам Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими ҳисобланади.
Санкция жорий қилинишига сабаб сифатида ташкилот томонидан Dridex номли дастурий таъминотнинг тарқатилгани кўрсатилган. Дастурий таъминот ёрдамида хакерлар 100 миллион доллардан ортиқ маблағни ўғирлашга муваффақ бўлган ҳамда 40 дан ортиқ мамлакатда бир неча юзлаб банк ва молиявий ташкилотлар мижозларининг маълумотларини тўплаган.
Ўзбекистон фуқароси Азамат Сафаров рўйхатга Evil Corp ташкилотига алоқадорлиги сабабли киритилган.