Мақолалар

Ибодатнинг муҳим асоси

Чоп этилди Dekabr 7, 2019 Ибодатнинг муҳим асосиda fikr bildirishni o'chirish

Жамиятда кишилар у ёки бу иши амалга ошмаётгани, қайсидир муаммолари ҳал бўл­ма­ётганидан нолиганини тез-тез кўрамиз. Сўраб-суриштир­сангиз, ўзини мусул­мон санаган аксарият кишилар ҳам ечим­ни аслида кимдан сўрашга кўп ҳам эътибор қаратишавермайди. Ҳолбу­ки, бу дунёда ҳар биримиз им­­ти­ҳон қилинамиз.

Имтиҳон қилувчи эса биз­га йўл кўрсатиб қў­йибди: «Парвардигорин­­гиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуола­рингизни) ижобат қилай!” – деди» (Ғофир сураси 60-оят). Демак, дуо ҳар бири­мизнинг ҳаётимиз маз­мунига айланиши зарур. Дуони фақат фақир, муҳ­тож, дардманларга хос деб билмаслик керак.

Дуо оддий гаплар эмас. “Топганимиз тўйларга буюрсин”, “Бошимиз тўйдан чиқмасин” сингари мавҳум жумлалар билан дуо мукаммал бўлмайди. Дуода асл мақсад банданинг ҳо­лини Раббисига арз қили­ши бўлгани боис, бу иш Аллоҳ ва бандаси орасида­ги муносабат, алоқадир. Бунда банда Яратувчиси, Ризқлантирувчисига ҳо­лини баён қилиб, ожиз ва хатокор эканини эътироф этади. Истиғфор айтиб, Аллоҳдан мағфират сўраш баробарида ёрдамга ҳам муҳтожлигини аён қилади. Бу ҳол банданинг Аллоҳга боғланиши, таслимиятидир. Зеро, ҳар жабҳада Аллоҳ таолога муҳтож, ожиз ва нотавон бўлган қулнинг вазифаси ҳам Раббига дуо қилишдир. Ичдан, самимий қилинган дуони эса Аллоҳ қабул этади, иншоаллоҳ.

Демак, дуо ибодатнинг асосидир. Кибрдан ха­лос бўлган инсонгина дуо қилишга йўналади. Баъ­зан даврада бировга гап бермаган кишига “дуо қи­линг” десангиз, калов­ланиб қолади. Чунки дуо муҳим ибодатдир. Ярат­ганнинг наздида на мол-мулк, на мартабанинг аҳа­мияти бор. Чин дилдан, ихлос билан қилинган дуо эса бизни Аллоҳ ҳузури­да қадрли қилади. У фа­қат эҳтиёжларни баён қилиш эмас, балки инсон­нинг маънавий сезгилари, илоҳий неъматлар мўъжи­заларидан ҳайрат­ланиб, кўрган, ҳис қилган нарсаларини эътироф этиши, тилга олиши ҳамдир.

Танглик ва ташвишли дамлардагина қўлини дуо­га очиб, бошқа пайтда Аллоҳдан бехабар каби яшайдиганлар ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: «Инсонга зарар етганда, ётган ҳол­да ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қи­ла­ди. Ундан зарарини кет­каз­ганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаве­ради. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қў­йилди» (Юнус сураси, 12-оят). .

Ғофил одам соғлиги жо­йида, аҳволи яхши пайтда ҳаётнинг оқимида индамай оқиб кетаверади. Гуноҳ, хато ишлар қилади, чегарадан чиқиб кетади. Куч-қуввати жойи­да пайти яқин келажакда ожиз, муҳтож бўлиб қолишини ўйлаб кўрмайди. Айниқса, тўқлик кўп нарсани унуттиради. Ўзини бой санаш кишини йўлдан оздиради. Кутилмаган бало туфайли бўйни эгик, қадди букик бечорага айланади. Бундай офатдан қутулиш учун Аллоҳга ёлвора бошлайди. Бошидан бало аритилса, яна ортига боқмай, хулоса қилмай, борар йўли қаерга элтишини билмай кетаверади.

Дуо ибодатнинг асоси экан, унинг замири эса Ал­лоҳ­ни эслаш, зикр қи­лишдир. Бизни яратиб, ўз ҳолимизга ташлаб қўйма­ган, яратилишдан муродимиз нелигини билдириб, ғафлатдан асраган Рабби­мизни ҳар дам хотирлаб, сўз ва амалимизда Уни васф этишимиздир.

Бу ўткинчи дунёда моддий мақ­садларга етишдан бошқа ташвиши бўлмаган бечора инсон эса мавжудлигининг асл ғоясини унут­гандир. Худди робот синга­ри нафсининг дас­турларини бажариб, балки ҳеч қачон эҳ­тиёжи бўлмайдиган ашёларга эга бўлиш иштиёқи билан умрини беҳуда ўт­казиб, Аллоҳни унутади.

Қалби уйғоқ киши эса дуонинг аҳамиятини теран англаб, илтижоларини давомли қилади.

Алиакбар САЙФУДДИНОВ

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан