Шарқшунослик институтида Японшунослик факультети очилди
Куни кеча ТошДШИда Японшунослик факультети тантанали равишда очилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу факультет дунёнинг етакчи давлатларидан бири Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши даврида мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент давлат шарқшунослик институти Ўзбекистонда япон тилини ривожлантириш бўйича етакчилардан биридир. 1992 йилда ташкил этилган Япон филологияси кафедраси япон тилини ўқитиш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги биринчи таълим муассасасидир. Сўнгги йилларда японшунослик соҳасидаги тадқиқотлар янги факультет ташкил қилинишига сабаб бўлди. Унинг ТошДШИда очилиши япон тили бўйича ўқитиш жараёни ва тадқиқотчилик ишларини бирлаштириш, ушбу соҳадаги йўналишларни мувофиқлаштириш, ўзбек японшунослиги даражасини янги босқичга олиб чиқиш имкониятини беради.
Янги факультетнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълими вазири И.Мажидов, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Ёшинори ҳамда фан ва таълим соҳасининг бошқа вакиллари иштирок этдилар.