Эҳтиёт бўлинг, СМС орқали пул сўровчи фирибгарлар пайдо бўлган
Сўнгги вақтларда фуқароларимизга қуйидаги мазмундаги СМС-хабарлар келмоқда: “Ассалому алайкум. Мен онамни жанозаларига бораётганимда йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг”.
Ачинарлиси шундаки, инсонларнинг мурувватидан фойдаланган кимсалар сабабли, бир марта алданган фуқаролар кейинчалик бировга ёрдам қўлини чўзишдан қўрқиб қолади.
Ҳурматли фуқаролар! Бу каби ҳолатларда нотаниш кишига ёрдам бериш ёки бермасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Аммо алданиб қолмаслик учун барибир эҳтиёткор бўлишингиз зарур, деб хабар қилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.