Хожаи Жаҳон
Абдулхолиқ Ғиждувоний хожагон–нақшбандия тариқати cилсиласидаги ўнинчи бўғин шайхи, Бухородаги етти пирнинг аввалги раҳнамоларидан ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг маънавий устозларидан ҳисобланади.
Хожагонлар тариқатини бошлаб бергани, унга муайян қоидалар киритгани учун Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “сарҳалқаи силсилаи Хожагон” сифати билан тилга олинади.
Зоҳирий ва ботиний илмларни мукаммал эгаллаган Хожа Абдулхолиқ ҳазратлари маданият ва маънавиятимиз ривожига, динимиз таълимотларини дунёга ёйишга улкан ҳисса қўшди. Абдулхолиқ Ғиждувоний кейинги барча машойихлар томонидан маънавий устоз сифатида алоҳида ҳурмат ва эътибор билан тилга олинади.
Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида Ғиждувоний ҳазратлари ҳақида бундай дейди: “Уларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур. Барча форуқнинг мақбулидурлар. Ҳамиша сидқу сафо йўлида ва Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаръу суннати мутобаатида ва бидъату ҳаво мухолафатида қадам урубдурлар ва пок равишларин ағъёр кўзидин яшурубдурлар”.
Абдулхолиқ Ғиждувоний шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатда комил зот бўлган. У киши нафсини том маънода ислоҳ қилган, қалб софлигига эришган ва Аллоҳ таоло маърифатини юксак савияда идрок қилган пири комилдир.
Абдулхолиқ Ғиждувонийдан сўнг бу ворислик Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд каби замонасининг машҳур шайхлари томонидан давом эттирилган. Бу таълимот бутун дунё халқлари ўртасида ҳамон кенг шуҳрат қозониб келмоқда.
Ғиждувоний ҳазратлари тариқати олияи нақшбандияга ҳужжат, дастур ва усул ўлароқ саккизта рашҳани сайру сулукка киритган. Баъзи олимлар фикрига кўра, аввалги тўрттасини Юсуф Ҳамадоний амалга киритган. Кейинроқ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бу рашҳаларга яна учта илова киритиб, ўн биттага етказган. Улар қуйидагилардир:
- Ҳуш дар дам.Ҳар бир нафас олиш ва чиқаришда ғафлатдан огоҳ бўлиш.
- Назар бар қадам.Гуноҳ ва ғафлатга сабаб бўладиган жойларга бормаслик ва қарамаслик учун ташлаётган қадамларини назорат қилиш, оёқ учига қараб юриш.
- Сафар дар ватан.Ватанида, яъни турган жойида маънавий-руҳоний сафар қилиш. Яъни нафсоний сифатлардан раҳмоний сифатларга ўтиш учун ботин оламида сафар қилиш.
- Хилват дар анжуман.Зоҳирда халқ билан, аслида (ботинда) Ҳақ билан бўлиш.
- Ёдкард.Тил зикри билан бирга қалб зикрини ҳам бажариш. Тил зикр қилганда, қалбни ҳам зикрга йўналтириш. Тил ва қалб билан тавҳид зикрини жамлаб, хотирлаб туриш.
- Бозгашт.Зикрдан матлаб ва мақсад фақат Аллоҳ ризоси учун эканини билиш, идрок этиш. Яъни, зикрдан сўнгра: “Илоҳий анта мақсуди ва ризока матлубий” (“Аллоҳим мақсадим Сенсан ва матлабим Сенинг ризоингдир”), демак.
- Нигоҳдошт.Қалбни беҳуда фикру хаёллардан (хавотирлардан) сақлаш.
- Ёддошт.Зикр сабабидан ҳосил бўлган ҳушёрликни, огоҳликни давом эттириш ва ҳар нафасда Аллоҳдан огоҳ бўлиш.
- Вуқуфи замоний.Ўтаётган лаҳзаларни сарҳисоб қилиш. Толиб доимо ўз аҳволидан хабардор бўлиши, ҳар бир замонда ўз ҳоли ва сифати қандай, шукр пайтими, узр пайтими, буни билиши керак.Ҳар бир лаҳзасини ҳисоб-китоб қилиши ва қадрлаши лозим.
- Вуқуфи ададий.Зикрда саноққа риоя қилиш.
- Вуқуфи қалбий.Зикрда қалбга таважжуҳ қилиш ёки қалбнинг Аллоҳга қаратилиши ва ундан ғофил бўлмаслигидир.
* * *
Хожа Али Ромитаний: «Агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний фарзандларидан бири бўлганда эди, Мансур Ҳаллож ҳаргиз дор остига бормаган бўларди», деган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари тариқат пири, муридлар тарбиячиси бўлиш билан бир қаторда, «Васоё» («Васиятнома»), («Одоби тариқат», «Ҳақойиқул имон», «Дақойиқул ирфон» деган номлар билан ҳам аталади), «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» («Рисолаи соҳиббийа» деб ҳам аталади), «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифи ҳамдир. Бу асарларнинг бир нечта қўлёзма нусхалари ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонасида сақланади.
Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ
Абдулхолиқ Ғиждувоний ўгитлари
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Хожаи Жаҳон номи билан бутун дунёга машҳур. У зоти шариф милодий 1103 (ҳижрий 497) йили Бухоронинг Ғиждувон туманида туғилиб, милодий 1179 (ҳижрий 575) йили шу ерда вафот этган.
* * *
Машойихларга танинг билан ҳам, молинг билан ҳам хизмат қил. Уларнинг қалбларини ранжитмагин. Ва уларга иқтидо (пайравлик) қил. Ва уларнинг сайру сулукини ушлагин. Ва машойихлардан кўрган-билганларингни (шариатга хилоф бўлмаса) инкор қилма. Агар машойихларни инкор қилсанг, асло нажот топмайсан. Одамлардан ҳеч нарса сўрама.
* * *
Серҳиммат бўл. Азиз ва Жалил Аллоҳ сенга нима ризқ қилиб берган бўлса, халққа эҳсон қил. Бахиллик ва ҳасаддан йироқ бўлки, бахил ва ҳасадчи дўзахда бўлади. Фақат охирингни ораста қилиш билан банд бўлиб, ботинингни хароб қилмагин. Ҳақ таолонинг ваъдасига суянгин ва жумла халқдан (тамаъ) умидингни уз.
* * *
Сен ўзингни сақлайдиган (эҳтиёт бўладиган) нарсалардан тилингни тий ва доимо халққа насиҳат қил. Ва таому суюқликларни кам е. Ва кам гапир. Ва асло ҳеч кимдан бирор нарса тиламагинки, ейиш-ичишга муҳтож (фақир) бўлиб қоласан. Фақат зарурат бўлгандагина гапир.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан