Маърифат сари кенг йўл
Кўпни кўрган, ёши улуғ инсон сифатида юртимизда китоб ўқишга бўлаётган тарғибот-ташвиқотлардан жуда мамнунман. Халқимизнинг ўқимишли бўлишида китоблар, даврий матбуотнинг ўрни катта. Лекин бу соҳада муаммолар ҳам бор.
Жумладан, газета ва журналлар, айрим китоблар аҳолимизнинг аксари учун қимматлик қилади. Хайрли ишларга, яхши натижа берадиган соҳаларга ҳар доим ҳам сармоя тикилади. Шу нуқтаи назардан, китоб ўқишга совғалар билан қизиқтириш ҳамда нашрларнинг нарх-наволари бироз арзонлаштирилса, ёмон бўлмасди.
Баъзи нарсалар борки, улар зарарли бўлса-да, нархи арзон.
Халқимиз орасида матбуот ва китоб ихлосмандлари жуда кўп. Биргина мисол, ўзим ҳам матбуотсиз, мутолаасиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Ўқиб бўлганимдан кейин навбати билан қўшниларимга улашаман.
Китоблар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади: жуда қиммат. Нашриёт ва матбуотларга ёрдам кўрсатилса, китоб, журнал ва газеталар арзонлаштирилса, халқимиз маърифатли бўлишига кенг йўл очиларди… Аҳолиси маърифатли юртнинг, иншоаллоҳ, келажаги порлоқдир.
Бозор КЕНЖАЕВ
Сурхондарё вилояти, меҳнат фахрийси
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан