Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир хайрли ишга қўл урди

Чоп этилди Dekabr 13, 2019 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир хайрли ишга қўл урдиda fikr bildirishni o'chirish

Фаолиятини бой илмий-маданий меросимизни ўрганиш, уни дунё аҳлига етказиш, ислом динининг асл моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида бошлаган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази яна бир хайрли ишга қўл урди.
Марказ муассислигида “Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази” журналининг чоп этилиши ислом олами, хусусан муштарийлар учун ўзига хос янгилик бўлди.
Журналнинг 2019 йил 1-сони муқоваси ўзига хос дизайнда чоп этилган.
Журналнинг Замон билан ҳамнафас, Ислом маданияти ва санъати, Ислом тамаддуни, Ислом маърифати, Ислом ҳуқуқи, Ислом манбашунослиги, Ёшлар тадқиқоти каби бўлимларида диний ва дунёвий илмлар, санъат ва маданият соҳасига оид талай мақолалар берилган.
Хусусан, Абдусаттор Жуманазаровнинг “Минг мадраса фаолият юритган ўлка” номли мақоласида юртимиздаги мадрасалар тарихи ҳақида маълумотлар келтирилган.
Педагогика фанлари доктори Саидахбор Булатовнинг “Инсон қиёфасини “ўқиш” санъати” мақоласи мутолаасида ўқувчи қиёфадаги ташқи белгилардан инсоннинг хислат ва хусусиятларни билиб олиш мумкин, деган хулосага келади.
Шунингдек, журналда Гулбаза Қаршиеванинг “Мутафаккир алломаларнинг санъат тўғрисидаги қарашлари”, Ўткирбек Султоновнинг “Ўрта Осиёда яшаган саййидлар тақдири”, Абдуҳамид Заириевнинг “Ҳадис илмида арбаъин жанри”, Нилуфар Мансурованинг “Фатавои Қозихон“ асарида оила ва никоҳ масаласи“ каби мақолалар берилган.
Бундан ташқари, “Ислом ҳуқуқида ота-она ва фарзандларнинг мулкий ҳуқуқлари қандай?“, “Ислом оламида замонавий технологияларга муносабат қандай?“ “Ўрта Осиё ҳунармандчилик санъати тарихи ҳақида нималарни биласиз?“ каби саволларга журналнинг ушбу сони орқали жавоб топишингиз мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, журнал саҳифаларида рус ва инглиз тилларидаги мақолаларнинг ҳам чоп этилиши ўқувчилар аудиториясини кенгайишига замин яратади.