Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Масжидда пешиннинг фарзига етиб келиб, имомга иқтидо қилган одам фарздан кейин аввалги тўрт ракат суннатни биринчи ўқийдими ёки фарздан кейинги икки ракатли суннатни олдин ўқиб оладими?
ЖАВОБ: Сиз айтган ҳолда олдин тўрт ракат суннат, кейин икки ракат суннат ўқилади. Фатво шунга берилган (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).
САВОЛ: Дуо ёки оятлар ёзилган тумор тақиб юрса бўладими?
ЖАВОБ: Оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёзилган туморларни тақиш ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳаблари уламолари наздида жоиз. Бундай тумор билан ҳожатхона каби нотоза жойларга кирмаслик, уни ножоиз жойларда қолдирмаслик лозим. Бунда шу тумор мени асрайди, деб эмас, балки унда ёзилган муқаддас сўзлар туфайли Аллоҳ асрайди деб ишониш тўғри бўлади. Аммо оят ва Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларидан бошқа нарсалар ёзилган туморларни тақиб юриш жоиз эмас (“Баён линнос”, “Ал-Мавсуа ал-фиқҳийя”).
САВОЛ: Баъзи намозхонлар масжиднинг муайян жойини ўзлариники қилиб олишган – доим айнан ўша ерда намоз ўқишади. Ҳатто бошқа биров у жойга ўтириб қолса, турғазиб ҳам юборишади. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Нотўғри. Масжидда муайян жойни ўзи учун хослаб олиш макруҳдир (“Фатовойи Оламгирия”, “Ал-Важиз”).
САВОЛ: Бир киши намознинг вақти чиққанидан бехабар ҳолда фарз ўқиса-ю, кейин билиб қолса, намози дуруст бўладими ёки қайтадан қазосини ўқиши керакми?
ЖАВОБ: Йўқ. Киши намознинг вақти чиққанини билмай ўқиса, намози дурустдир. Зеро, вақтида ўқилмаган намоз қазо бўлади. Қазо намозни адо намоз нияти билан ўқиш жоиздир (“Фатовойи Қозихон”). Яъни, у ўша вақт фарзининг қазосини ўқиган ҳисобланади.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан