Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази

Чоп этилди Fevral 2, 2019 Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси марказиda fikr bildirishni o'chirish

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” ҳамда “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” номли ҳужжатли фильмлар суратга олинди.

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида мазкур ҳужжатли фильмларнинг тақдимот маросими ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида ўзбек кинематографияси олдида турган асосий вазифалар – буюк аждодларимиз ҳақида ҳар томонлама етук фильмлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек миллий кинематографияси фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Султонмурод Олимов сценарийси асосида Александр Гамиров режиссёрлигида суратга олинган “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” номли 2 қисмли ҳужжатли фильм ҳам ушбу вазифалар маҳсулидир. Фильм Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва унинг маънавий меросига бағишланади.

“Ҳужжатли ва хроникал фильмлар” студиясида режиссёр Хожимурод Валиев томонидан ишланган “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” номли 2 қисмли ҳужжатли фильмда Ўрта Осиё олимларининг Ислом тарихида тутган ўрни ва уларнинг тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тасаввуф каби диний билимлар ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилинади. Сценарий муаллифлари Зоҳиджон Исломов ва Олимжон Давлетов.

 

Моҳигул ҚОСИМОВА,

ЎзА