Мақолалар

Ошуфта кўнгил

Чоп этилди Fevral 2, 2019 Ошуфта кўнгилda fikr bildirishni o'chirish

Иброҳим Адҳам Балхга ҳукмдорлик қилар, кунларини шикорлару, базму жамшидлар билан ўтказарди. Шу билан бирга тез-тез: “Аллоҳ таолога қасам ичиб айтаманки, бундан буён Унга исён этмайман. Ортиқ ҳеч шубҳам йўқ, Раббим солиҳ бир инсон бўлишимни хоҳлайди. Аммо буни қарангки, саройлардан, тожу тахтдан, олтинлардан, зарбоф кийим-бошлардан, кайфу сафолардан воз кечиш осонми? Олтинларни ташлаб оддий бир инсон бўлиш, нафсни тийиш осонми?!”, сўзларини такрорлаб, ўйга толарди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмас, ўлпон учун йиғилган олтин-кумушларни кўрганида яна алдамчи дунё дарёсида сузар, ов қилишга бериларди. Шундай кунларнинг бирида, навбатдаги ов пайтида Иброҳим Адҳам вазири Аҳмад билан ўлжа кетидан қувиб, мулозимларидан анча олислаб кетди. Шу чоғ ёмғир ёғиб юборгани боис бир кулба эшигини қоқди. У ерда ёши етмишларга бориб қолган қария яшарди. Иброҳим ва вазир Аҳмад бироз нафас ростлаб, кийим-бошларини қуритиб олишгач, отахон уларни дастурхонга таклиф этди. Таомланиш асносида бошланган суҳбат Балх ҳукмдорини ҳидоят йўлига босган илк одими эди…
– Отахон, бир ўзингиз яшайсизми?
– Хотиним, Худо ўз раҳматига олган бўлсин, ўтган йили вафот этди. Болаларимиз йўқ эди. Мана, бир ўзим сўппайиб қолдим.
– Нима билан шуғулланасиз, касб-корингиз борми?
– Кичкинагина томорқам бор. Мавсумга кўра маҳсулот етиштириб, Балх бозорига олиб бораман.
– Пул тушиб турадими?
– Ҳа, 4–5 қадоқ сабзавот сотиб пул ишлайман. Яхшиям, бахтимга шу Тоҳир бор, бўлмаса…
– Тоҳир ким?
– Тоҳирми…?! У каби ширин нон ёпадиган новвойни ҳеч бир ердан топа олмайсиз. Мана шу нонларни қачон олдим, биласизми? Бир ҳафта бўлди. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, суви ҳам қочмаган, тандирдан янги узилгандек… Меҳмон келса, дастурхонга қўярман, деб сақлаб қўйган эдим.
– Демак, бир ҳафта бўлганига қарамай, суви қочмабди-да!
– Ҳа, ўзингиз кўрдингиз. Гўё тандирдан янги чиққандек. Ишонасизми, бу нонлар учун пул ҳам бермаганман. Аллоҳ рози бўлсин Тоҳирдан! Ҳолатимни тушунади, бошқаларга берганидек, менга ҳам хоҳлаганимча нон беради.
– Кўрдингми, Аҳмад? Балх шаҳрида яшаб, шу пайтгача Тоҳир ҳақида эшитмаган эканмиз.
– Эшитмайсиз ҳам!
– Нега эшитмас эканмиз?
– Кўринишингиздан бой одамларга ўхшайсиз. Тоҳирнинг нонига муҳтож эмассиз-да.
Унинг гапларини тинглаган Иброҳим Адҳамнинг кўнглидан: “Бу қария оддий одаммас. Худди фикримизни ўқиётгандек. Бундай инсонлар жуда кам учрайди” – деган фикр ўтди, лекин буни сездирмай суҳбатда давом этди:
– Балх шаҳри жуда катта шаҳар, у ерда новвойлар кўп.
– Ҳа, новвойлар кўп, лекин Тоҳир кабиси кам учрайди. Ундан бошқа ҳамма мол-дунё тўплаш билан оввора…
Шу каби гап-сўзлар асносида овқатланиб бўлгач, юзларига фотиҳа тортишди, отахон отларга хашак бериб келгач, хуфтон намозини адо этди. Икки ёнига салом бериб, дуо қилгач, меҳмонларга яна бир карра синчковлик билан қаради-ю, уларни саволга тутди:
– Овчимисизлар, дейман.
– Ҳа, ора-сира чиқиб турамиз.
– Унда ҳукмдоримизни яхши танисангизлар керак. Уям сизлар каби овчи…
Ўзларини танитмаган меҳмонларнинг бироз каловланиб, жавобсиз туриб қолганини кўриб, қария ҳайрон бўлди:
– Наҳот танимасангиз?!
– Таниймиз! Албатта таниймиз! У уюштирган овларда бизлар ҳам иштирок этиб турамиз, аммо ҳеч рўбарў келмаганмиз…
Қария сўзида давом этди:
– Эшитишимча, шаҳзода Иброҳим ҳақ йўлда бўлишни истармиш. Шунинг учун саройга дин олимларини чақириб, суҳбат қурармиш. Аммо суҳбат тугар-тугамас ҳаммасини унутиб, яна завқу сафога берилиб кетармиш. Ҳолбуки, мол-дунё, айшу ишрат орасида илоҳий ишқни топиб бўлмайди. Нима ҳам деймиз, шаҳзодамиз ғафлатда! Иншоаллоҳ, бир кун келиб уйғониб, ўзига келар, ҳақ йўлни топар. Майли, сизларнинг ҳам бошингизни оғритдим. Дамингизни олинг, чарчагансиз!
Қария уларни ёлғиз қолдириб чиқиб кетгач, Аҳмад шаҳзода Иброҳимга қарата:
– Одобсиз қария экан, сизга тил теккизди-я! Ҳозир унинг жазосини бераман, – дея қариянинг ортидан йўл олди.
– Ўзингни бос, – дея уни тўхтатди шаҳзода. – Меҳмонмиз. Хафа қилиш яхши эмас.
– Аммо, ҳазратим, сизга нисбатан…
– Бўлди, тугатайлик шу гапни. Бироз дам олсак яхши бўларди. Балхга қайтгач, новвой ҳақида менга эслат. Унга жуда қизиқиб қолдим. Нонининг сирини ўрганмоқчиман. Балки уни саройга олармиз. Қайтишимиз билан ҳузуримга олиб кел, – дея ёнбошлаган Иброҳим дам ололмади. Хаёлида отахоннинг: “…дин олимларини саройга чақириб суҳбатлар қурармиш. Аммо суҳбат тугар-тугамас ҳаммасини унутиб, завқу сафога берилармиш. Ғофил, билмайдики, ов билан олтину зар орасида Аллоҳнинг ишқига эришиб бўлмайди”, – деган пурмаъно сўзлари айланарди.
Балхга қайтгач, Иброҳим новвой Тоҳир ҳузурига одам юборди.
Бу пайт Тоҳир хамир қорар, шу аснода шогирдига кўрсатмалар берарди.
– Эҳтиёт бўл, саватдаги нонларни тушириб юборма.
– Кечиринг, уста. Жуда чарчадим.
– Албатта чарчайсан-да, болам. Заҳматсиз раҳмат бўлмайди.
Ташқарига қараб турган шогирди устозидан сўради:
– Анави тиланчи аёл яна келаяпти. Нон сўраса берайми?
– Истаганича бер, очиқ чеҳрали бўл, хурсанд бўлиб кетсин.
– Тушундим, уста.
Тиланчи аёл ҳам бошқалардек истаганича нон олиб, ортига қайтаркан, у ерга Иброҳим ибн Адҳам юборган соқчи кириб келиб, новвой Тоҳирни сўради.
– Тоҳир мен бўламан, келинг.
– Саройдан келаяпман. Шаҳзода сизни кўрмоқчилар.
– Шаҳзода Иброҳим? – деди новвой ҳайрон бўлиб. – Нима қилар экан у мени?
– Билмадим, тез бориб, олиб кел, дейишди.
– Ҳа, тез олиб кел, дейишди дегин, шаҳзодани иши шошилинчга ўхшайди.
– Билмадим, шаҳзодани куттирмайлик, – деди соқчи. Унинг бу сўзлари Тоҳирга унча ёқинқирамади. Унга қарата:
– Менга қара, мен новвойман, нонларни оловда қолдириб, апил-тапил кетолмайман. Сен бориб шаҳзодага айт, даъватининг ижобатини келтираман. Ташаккур айт.
– Аммо шаҳзодага нима дейман?
– Эшитганингни айт, энди борақол, – дея соқчини жўнатган новвой нонларни узгач, шаҳзода ҳузурига йўл олди. У бу чақириқнинг сабабини тушунолмай лол эди. Уни кўрган Иброҳим ибн Адҳам:
– Демак, лаззатли нонларни сен ёпар экансан-да, – дея гап бошлади.
– Илтифот этаяпсиз, шаҳзода.
– Йўқ, ҳақиқатни айтаяпман. Бунинг сири нимада? Ёпган нонларинг нега бунча лаззатли?
– Биласизки, ҳар бир санъаткорнинг сири бўлади.
– Хамирни бундай қиламан, сувни бунча соламан, унни бунча соламан, дема. Ишонарли бўлмайди.
Тоҳир кулимсираб, бошини қуйи туширди.
– Шаҳзодам, хамир қормасдан, туз, сув, ун солмасдан нон қилинмайди. Лекин сирини сўраётган бўлсангиз, шуни айтай. Нонни ихлос билан қиламан, яъни хамирни ихлос билан қораман, унга сабримни қўшиб, шукр билан шаклга соламан. Сўнгра: “Бисмиллоҳ”, дея тандирга ёпаман ва яна: “Бисмиллоҳ”, дея узиб оламан. Бор сир шу.
Новвойнинг самимий жавобидан кўнгли тўлган Иброҳим уни чақиришдан кўзлаган асосий мақсадини баён қилди:
– Менга қара, Тоҳир, сенинг умринг кичик маҳалладаги новвойхонада ўтиши яхши эмас. Саройимизга кел, новвойимиз бўл. Суҳбатларимизга қатнаш. Нима дейсан? – дея саволомуз қаради шаҳзода.
– Кечирасиз, шаҳзодам, бунга рози бўлолмайман.
Ҳамма саройга интилаётган бир пайтда Тоҳирнинг рад жавоб бериши шаҳзода Иброҳимни ҳайрон қолдирди, бунинг сабаби билан қизиқди:
– Нима, бу ерда камроқ топаман, деб ўйлаяпсанми?
– Буни пулга алоқаси йўқ, шаҳзодам.
– Ёки бизга яқин бўлишни хоҳламайсанми?
– Сизга яқинроқ бўлиш мен учун шарафли. Фақат…
– У ҳолда раддиянгнинг боиси нима?
– Атрофимда бир бурда нонга муҳтож кимсалар бор. Мен бу ерга келсам, у бечоралар охирги ризқларидан маҳрум бўлиб қоладилар, деб қўрқаман. Бор андишам шу. Мол-мулк ёки сиздан узоқроқ бўлиш истагим йўқ.
– Балх шаҳрида сендан бошқа новвой йўқми?
– Балхда новвой кўп. Аммо меҳр соҳиби қолмади.
– Бунинг ҳам йўли бор. Уларга айт, бундан буён бизнинг эшигимизга келишсин. Нонларни шу ердан олишсин. Бўладими?
– Улар бу ерга келолмайдилар.
– Нега? – ҳайрон бўлди шаҳзода.

(Давоми бор)
Н.МИРЗАЕВА,
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-, 2-сонларидан