Мақолалар

Ҳаёт мундарижаси

Чоп этилди Dekabr 18, 2019 Ҳаёт мундарижасиda fikr bildirishni o'chirish

Одатда мундарижа китоб ёзиб битилгандан сўнг тузилади. Сабаби оддий: мақола ёки ҳикоя ёзилиши кифоя қилмайди, балки у қайтадан тузатилиши, унга ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Шунинг учун ҳам мундарижа ҳамма нарса аниқ бўлгандан сўнг китобнинг охирги саҳифасидан жой олади.

Ҳаёт мундарижаси ҳам шундай. Фақат бир фарқи бор: ҳаётингизга кирган шахсларнинг рўйхатини олдинроқ тузишингиз, имкон қадар кейинроқ уларни ўзгартиришга эҳтиёж сезмаслигингиз даркор.

Қалб мўъжаз неъмат. У инсон танасининг ичкари қисмида жойлашган, ҳар қандай ғуборлардан пок жойга. Демак, қалбга яхши нарсаларни яқин олиш, унга покиза зотлар қўниб ўрганиши мақсадга мувофиқ. Қалбнинг ҳажми қанчалар кичик бўлмасин, унинг диёнати, бағрикенглиги шунчалар улкан. Ҳар қандай бағрикенглик бир куни ўз поёнига етиши аниқ бўлганидек, қалбнинг бўш хоналари кун келиб тўлиши, унга ҳеч нарса сиғмай қолиши ҳам муқаррар. Бас, барчамизга ўлчаб берилган бу неъматнинг қадрига етмоқ, унга ҳар кимнинг кириб чиқишига имкон беравермаслик инсонийлик бурчимиз.

Бошқа ички аъзолардан фарқли ўлароқ қалб – юрак тепароқда – тоғларни кўтарувчи сифатига эга елка ва ёвга пешвоз ҳолда кериб чиқувчи дея сифатланган кўкрак қисмига қўшни ҳолда жойлашган. Зеро, елкада тоғни кўтариш, кўкрак кериб ёвга қарши туришнинг қалқони, бунинг буюк шижоатининг асоси қалбдир, юракдир.

Автоуловни олайлик. Ҳолати яхши, мотори ҳам ишлаб турибди. Аммо уни бошқаришни билмаган одам уни сотиб олишидан, сотиб олса-да уни бир четда чанг босиб туришидан фойда йўқ. Қалб инсон танасининг асоси – моторидир. Қалби бор одам ўз қалбини бошқара билиши, уни назорат қила олиши даркор. Чала билим билан уловни бошқариш уни аянчли аҳволга солиш билан биробар бўлгани янглиғ қалбни тушунмаслик, уни таваккал билан бошқариш бутун тана ҳалокатга учрашига юз тутишига сабаб бўлади.

Баъзида ўйлаб қоламан. Нега ҳаётимиз ёруғ кунлардан кўра зулматли тунларга кўпроқ мойил. Бир кун хурсанд бўлсанг, ўн кун аза тутасан. Қалбингни тирновчилар, қалбингни яралаб, уни майиб қилувчилар ҳар қадамда топилаверади. Нега? Ўйимга етгандек бўламан. Қалбнинг атрофи ҳар тарафдан кучли ҳимоя воситаларига эга. Демак, қалбнинг ҳар томони берк. Уни ташқари билан боғлаб турувчи ягона туйнук мавжуд. Ундан фақат ўша қалбга лойиқ нарсалар ўтади. Қалб бунга ишонади. Унга келаётган барча нарса ҳақиқат деб билади. Лекин кун келиб ҳақиқат деб билгани ноҳақлик бўлиб чиқса зулматда қолган қалбнинг ҳоли не кечади? Аллоҳ чевар Зот. Қалб ўзининг яраланган жароҳатлари – тирналган тешикларидан ҳақиқат излаб ташқарига боқади. Кўз билан қалб қорачиқларининг ягона фарқи – шу. Кўнгил ойнаси даставвал мусаффо бўлади. Йиллар давомида бу ойна хира тортиб кирланади, кўнгилни зулмат қоплашига ана ўша кирликлар сабабдир. Ташқаридаги Охират чироқларининг нури қайта кўриниши учун кўнгил кирлари вақти-вақти билан тозаланиб турмоғи даркор. Қалб ҳам йиғлайди. Лекин унинг ёши кўринмайди. Бу кўринмас дил ёшлари кўнгил кирликларини ювиб, поклаб туради.

Ёруғлик-нурга бирдан яқинлашиб бўлмайди. Унга асталик билан ҳаракатланиш тўғридир. Охират буюк нурдир. Улкан ёруғликдир. Аллоҳ таоло бу буюк ва ажралмас нурга мослашишимиз учун вақтинчалик қароргоҳ қилиб дунёни яратди. Бунда биз ўзни тоблаймиз. Турли йўлларни босиб ўтамиз. Баъзан бир муддат ўзимизни жаннатга тушиб қолгандек ҳис қиламиз, сал ўтмай ташвишга ботиб ўзимизни дўзахга тушгандек сезамиз ва сал ўтмай шодлик шарпаси кўрина бошлайди. Дунё ўз муддати тугаб битгунига қадар ана шундай давом этади. Бу беҳикмат эмас албатта. Аллоҳ таоло бизларни Улуғ Кунга тайёрлаш, буюк нурга мослаштириш учун У Куннинг баъзи шарпаларини бу дунёда кўрсатиб туради. Буюк Куннинг оддий нусхаси – шарпаси ҳам эътиборга моликдир. Бас, ўша Буюк Куннинг ҳурмати неъмат келса шукр, мусибат етса сабр қилиш мусулмонлик вазифамиздир.

Мундарижага қайтамиз, одатда китоб мундарижаси китобнинг ё охирги ёки бош саҳифаларидан ўрин олади. Китоб уриниб қолиши, ейилиши, йиртилиши ҳам ана шу бош ёки охирги саҳифалардан бошланади. Ҳаёт мундарижангизга кирган кишилар – ушбу саҳифа бир куни тугаб битиши тайин. Бас, инсонлар мундарижангизга қараб эмас, балки айтмоқчи бўлган гапингизга қараб баҳо беришларига ҳарис бўлинг!

Заҳириддин МАНСУР