Мақолалар

Аёлнинг мулкига кўз тикилмас

Чоп этилди Dekabr 18, 2019 Аёлнинг мулкига кўз тикилмасda fikr bildirishni o'chirish

Кейинги пайтда оила ҳақида етарли тушунчага эга бўлмай, бир ишнинг этагини тутмасдан оила қураётган ёшлар, келиннинг ота-онасига бор юкни ташлаб, зулм қиладиганлар учраб турибди…

– Яқинда маҳалла фаоллари, нуронийлар билан бирга оилавий низоларни кўриб чиқиш чоғида ана шундай ҳолатларга дуч келдик, – дейди Денов туманидаги “Муҳаммадқул” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллахон МИРЗАЕВ. – Куёв томон келин тарафга оғирликни ҳаддан ортиқ ортиши ортидан келиб чиққан оилавий можаро дилимизни хира қилди. Куёв томон: “Келинимизга қалин пули (маҳр)га уй-жойимизни бердик”, дейди. Аммо бу ваъда кейинчалик унутилади. Келиннинг ишлашига рухсат беришгани учун унинг топган пулига кўз тикилади. (Аёлнинг мулкини олишга қайнона ва қайнота у ёқда турсин, ҳатто куёвнинг ҳам ҳаққи йўқ. Келинга маҳр учун берилган уй-жой унинг мулки бўлади. Таҳририятдан). Бора-бора уят-андишани ҳам бир четга суриб қўйиб, қизнинг ота-онасига қизига уй-жой қуриб беришни талаб қилишади. Қизининг оиласини сақлаб қолиш учун отаси уларга уй-жой қуриш учун ер олиб беради. Аммо қудалар ўша ерга уй-жой қуриб, ўғлининг номига ўтказиб беришини тилашади…

Бу қандай разолат! Қандай очкўзлик! Бундай мажораларнинг келиб чиқишига илмсизлик, оилавий масалаларни ҳал қилиши керак бўлган эркаклар вазифасини аёллар ихтиёрига топшириб қўйгани, эр-йигитда ор-номус, ғурур фазилатлари йўқолиб бораётгани сабаб бўляпти.

Аслида ҳар бир ёш оила қуришдан олдин динимизнинг гўзал таълимотларини яхшилаб билиб олиши, ёши улуғ инсонлар, зиёли кишилар, имом домлалардан маслаҳат сўраши, уларнинг насиҳатларини қулоғига қуйиб олиши керак.

Динимизда оилага оид энг нозик масалаларгача тўла баён этилган. Масалан, эрнинг зиммасида аёлига маҳр бериш, чиройли муомала қилиш, нафақа билан таъминлаш ва таълим-тарбия бериш ва бошқа масъулиятлар бор.

Шариатимизга кўра, эр аёлини нафақа (таом, кийим, маскан) билан таъминлаши вожиб ҳисобланади. Баъзи   уламолар унга аёлнинг дори-дармони,  аёл  хизматчисининг  хаққи, хушбўйликнинг  пули, тозалик  воситаларини  ҳам  қўшишган. Нафақанинг  миқдорини  белгилашда эр-хотиннинг ҳолати  эътиборга  олинади. Шу боис оила қурмоқчи бўлган йигитларимиз касб-ҳунар қилиши, мустақил равишда аёлини нафақа билан таъминлай олиши керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрашганда У зот алайҳиссаллам: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Оят ва ҳадислардан маълум бўладики, эркакнинг оиладаги устунлиги унинг фазли карамию, моддий жиҳатдан таъминловчилигидадир.

Жобир розияллоҳу анху ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар» дедилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Молик ривояти).

Ҳар бир эр-йигит аёлини Аллоҳ менга берган омонат деб билиши, унга ғамхўр бўлиши, нафақасини чин кўнгилдан бериши, унга озор етказмаслиги керак.

Денов туманидаги “Муҳаммадқул” жоме масжиди

имом-хатиби Абдуллахон МИРЗАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан