Қарзи ҳасана
“Қарз” сўзи луғатда “кесиш” маъносини англатади. Қарз берувчи молидан узиб, қарз бергани боис шундай дейилган.
Фуқаҳолар қарзни “Кимдир фойдаланиши ва қайтариб бериши учун берилган маблағ”, дея таърифлашган. Қарз берувчи берган қарзидан ортиғини талаб қилса, рибо (судхўрлик) бўлади.
“Қарзи ҳасана” – яхши қарз. Демак, қарз беришнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлади. Қарзи ҳасана Аллоҳ таоло розилиги йўлида қилинган эҳсон ҳисобланади. Мўмин киши берган қарзи ажрини қарз олувчидан эмас, Аллоҳдан умид қилади.
Қарз қайтариш шарти билан Аллоҳ таоло розилигини истаб муайян муддатга берилади. Қарзи ҳасанани қайтариб бериш шарт қилинмаган.
Қуръони каримда “қарзи ҳасана” ибораси икки бор зикр этилган: Бақара сурасининг 245-оятида, Ҳадид сурасининг 11-оятида. «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир» (Ҳадид сураси, 11-оят).
Ибн Жарир Табарий холис қилинган садақага етти юз баробардан ажр берилади, деган. Муфассирлар қарзи ҳасананинг мукофоти жаннат, дейишган.
Уламолар “яхши қарз”нинг қабул бўлиш шартларини санаб ўтишган: 1) ниятнинг тўғри бўлиши; 2) бериё, беминнат бўлиши; 3) ҳалол молдан бўлиши; 4) энг зарур жойга сарфланиши; 5) яширин ҳолда қилиш; 6) олувчини камбағал, ўзини эса бой санамаслик.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳга “қарзи ҳасана” қиладиган киши борми?» ояти нозил бўлганда, Абу Даҳдаҳ исмли саҳоба:
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими? – деди.
– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар Сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: .
– Қўлингизни беринг, – деди ва:
– Мен Раббимга боғимни қарз бердим, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом:
– Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган хурмозорлар Абу Даҳдаҳники бўлди, – дедилар.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан