Пайғамбарлик ваҳийси
Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Лаҳаб, яна Қурайш раисларидин Абу Жаҳл – бу икковлари динга қарши қаттиқ курашган кишилардин эдилар. Билол Ҳабаший каби ҳимоячиси, қавму қариндоши йўқ мусофир мусулмонлар учун кўп қаттиқ кунлар бўлди. Ҳазрат Амморнинг оталари Ёсир Ислом йўлида ҳар қанча оғир азобларга чидаб, тил учида бўлса ҳам, жон қутқазиш учун “қайтдим” дейишга кўнгиллари рози бўлмади. Ҳақ йўлида жонларини қурбон қилиб, шаҳид бўлган зотларнинг биринчиси шудир. Оналари Сумайяни Абу Жаҳл алайҳил лаъна нозик жойига найза тиқиб ўлдирди. Асов туяга боғлаб, судратиб ўлдирди, деган иккинчи ривоят ҳам бордур. Имони-ислом обрўларини сақлаш учун бу қадар оғир азоблар остида сабр этдилар. Динга қарши келган бир оғиз сўзни тил учида айтишни ҳам ўзларига лойиқ кўрмай, ҳақ йўлида жонларини фидо қилишга рози бўлдилар. Билол Ҳабашийнинг хўжаси уни Ислом динига киргани учун жазирама кунларда қора шағал, майда тош устига қорни билан ётқизиб, устидан йўғон, оғир тошлар билан бостириб қўяр эди.
– Муҳаммаднинг динидан қайтсанг қайтганинг, агар қайтмасанг, очлик, чанқоқлик – шу қийнов билан ўлдурурман, – дер эди. Кун иссиғи, тош қизиғи, бунинг устига чанқоқлик жонидан ўтиб, бир қултум сувга зор бўлиб, оғир тош остида, “Аҳад, Аҳад” садоси билан Худо ёдида инграр эди. Мана шунчалик қаттиқ қийновларни тортса ҳам, жон қутқазиш учун тил учида бўлсин “қайтдим” дейишга рози бўлмади. Йўқ эрса, бундоғ жойларда тил билан айтишга шариатда рухсат бор эди.
Энди ишлар шундоқ бўла туриб, яна мусулмонларнинг сони кундан-кунга кўпайишга турди. Шунга қараб, мушрикларнинг ҳам жабру зулмлари мусулмонлар ҳақида ҳаддидин зиёда ошди. Худо тарафидин ёндирилган бу чироқни сўндириш учун турли чоралар қўллаган бўлсалар ҳам, ҳеч биридин натижа чиқмади. Имон-исломдин насибалик одамларнинг иродаларини тўсиш учун ожиз қолдилар. Энди мақсадларига етиш учун бошқачароқ тадбир топишга киришдилар. Шундоқки, Қурайш қабиласи раисларидин Абу Суфён, Абу Жаҳл, Утба, Шайба, Абул Баҳтарий, Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил Пайғамбаримиз амакилари Абу Толиб олдига келишиб айтдиларким:
– Эй Абу Толиб! Сени ҳурмат қилишимиз ҳар тўғридан бизга лозимдур. Чунки сен Қурайш қабиласи ичида улуғ ёшлигимиз, ҳам бизнинг бошлиғимиздурсан. Мана қариндошинг ўғли Муҳаммад бизларнинг ва ҳам ота-боболаримизнинг йўлидан чиқди. Уларнинг динларини ташлади. Ота-боболаримиздан бери ҳурматланиб келган бутларимизни ва бошқа одатларимизни хорлади. Сен бўлсанг, бизнинг динимиздадурсан. Энди сен икки ишдан бирини ихтиёр қилишинг керак. Ё уни йўқ қилиб, ўртадин ўзинг кўтаргил, унинг ташвишидин бутун халқ қутилган бўлайлик. Ёки уни бизларга таслим қилиб, топшириб бергин, қандоқ жазо берсак, ўзимиз билурмиз. Агар бу ишларнинг ҳеч бирига розилик бермасанг, сен ҳам Муҳаммадга қўшилган бўласан. Ана у вақтда икки тарафнинг бири йўқ бўлгунча ўртамизда урушдин, қиличдан ўзга чорамиз йўқ, – деган сўзга келиб тўхтадилар. .
Абу Толиб Қурайш раисларидин бу таҳдид сўзларини англаб, анчагина ташвишга тушди. Ва ҳам Пайғамбаримизни чақириб:
– Эй қариндошимнинг ўғли, Қурайш раислари мана шу хилда сўзлар қилдилар. Энди ўзинг учун, мен учун тоқатимиздин ташқари бирор иш бўлиб қолмасин, – деди.
Пайғамбаримиз ўйладиларким, Қурайш сўзларидин амаким андишага тушибдур. Мени ҳимоя қилишдин ўзини тортмоқчига ўхшайди, деган гумонга келиб, дедиларким: – Эй амаки, жаҳон халқи мани шу ишдин тўхтатиш учун ўнг қўлимга Қуёшни, чап қўлимга Ойни солсалар ҳам, тўхтамайман. Аллоҳ ёрдами билан бу ишни оламга тарқатурман ёки шу йўлда ҳалок бўлурман. Аллоҳдин ўзга ҳеч ёрдамчим йўқ, – деб йиғлаганларича ўринларидин туриб кетдилар. .
Пайғамбаримизни бу ҳолда кўриш Абу Толибга қаттиқ таъсир қилиб, кўнгли бузилди. Ортларидин чақириб:
– Эй қариндошимнинг ўғли! Ўз ишингда эркин бўл, суйганингча сўзла. Қасам Аллоҳга бўлсинким, сенга ёрдам қилишдин сира бош тортмайман, ҳар вақт ҳимоянгда ҳозирман, – деди.
Сўнгра Қурайш раислари Абу Толибнинг бу сўзларини эшитдилар. Қурайш қабиласи ичида ҳасаб-насабли, ҳусни жамолли Аммор ибн Валид номли бир йигит бор эди. Қурайш раислари бу йигитни олиб, Абу Толиб қошига келдилар ва:
– Эй Абу Толиб, билурсанки, фазлу камол, ҳусни-жамолда бу йигитимизнинг баробари йўқдур. Буни Муҳаммад ўрнида бошга-бош қилиб келтурдик. У бўлса, сену бизнинг динимизга, ўтган боболаримизнинг йўлларига қарши чиқди, ўзаро иттифоқимизни бузди, қариндош-уруғларимиздин ажратди. Энди маслаҳатимиз шуки, Муҳаммадни бизга топшириб берсанг, биз уни ўлдирсак, унинг ўрнига бу йигитни сен ўғил қилиб олсанг. Шунинг билан ўртамиздаги душманчилик ишларимиз босилур эди, – дедилар. Бу сўзни эшитган Абу Толибнинг аччиғи чиқиб, ғазаби қўзғолди, уларга қараб:
– Сизлар мени қандоқ ёмон, зиёнлик савдо қилдирмоқчи бўласизлар? Мен сизларнинг болангизни боқишга олсам, сизлар менинг боламни ўлдиришга оласизларми? Бундоқ аҳмоқлик савдони дунёда қилган ҳеч киши бормидур? – деб уларни мот қилди.
Шунинг билан Қурайш раисларининг бу қилган макри ҳам бўшга чиқди. Лекин ҳар уруғ ўз ичидаги мусулмонларни динларидин қайтариш учун қаттиқ киришдилар. Аллоҳ улуғ ажрлар берсин, ул кунлардаги мўминлар ҳақида тоқатдин ташқари уруш-қийнашлар бўлди. Баҳона Абу Толиб бўлиб, мушриклар бошқа мусулмонларга қилган зулмларини Пайғамбаримизга қила олмадилар. Чунки Абу Толиб Пайғамбаримизни мушриклар озоридин ҳимоя қилишга қаттиқ аҳд килган эди. Шу қилган аҳдини қувватлаш учун Қурайш қабиласидин икки уруғни ўз ёрдамига чақирди. Биринчиси – Бани Ҳошим, иккинчиси – Бани Мутталиб эди. Пайғамбаримизга насаб тарафидин Қурайш ичида энг яқинлари ҳам шулар эди. Чунки Ҳошим Пайғамбаримизнинг учинчи боболаридур. Мутталиб билан Ҳошим ота-боладурлар. Мана бу икки авлод – Исломга кирган-кирмаганлари баробар – Абу Толиб фикрига қўшилиб, Пайғамбаримизни душманлардин сақлаш ва у зотни ҳимоя қилиш тарафдорлари эдилар. Мана шу сабаблар баҳона бўлиб, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бошқа мўминларга бўлгандек, душманларнинг суиқасдлари ва қўл озорларидин Ўзи сақлади. Аммо улар тарафидин тил озор-дил озорликлари кундан-кунга кўпаймоқда эди.
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан