Абдулла Ориповнинг синглиси: ”Баъзида опа сингилга, ака укага фириб беради…”
Бу очиқкўнгил аёл билан гаплашсангиз, ҳар бир сўзи юракдан чиқиб, кўнгилдан жой олади. У халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг синглиси Бибисора Орипова.
Суҳбатимизнинг илк дақиқалариданоқ болалик йиллари, ота-онаси, акаси ҳақида тўлқинланиб хотиралай бошлади.
– Абдулла акам мендан тўрт ёш катта эдилар, – дейди Бибисора опа. – Кичиклигимиздан акамнинг ҳазил шеърлар айтиб бизни кулдиришига кўникиб қолгандик. Шўхлигимиз ошиб кетганида онам косовни олиб қувар, акам эса томнинг тепасига қочиб чиқар ва шу вазиятни қувноқ сатрларга солиб, айтишда давом этарди. Акамнинг бу ҳаракатларидан биз болалар қотиб-қотиб кулардик.
Эсимни таниганимдан билардимки, акам ўқитувчи бўлишни жуда хоҳларди. Колхоз раиси бўлган отам адабиётни қадрлагани боис уйимиздан ижодкорларнинг қадами узилмасди. Бундай давраларда акам меҳмонларга шеър ўқиб берар, отам бундан завқланарди. Акамнинг хотираси кучлилигидан кўп шеърларни тез ва осон ёдлаб оларди.
Бўш вақтларида эса биз билан мактаб-мактаб ўйнашни хўш кўрарди. Отамнинг солиқчи жўрасидан қолган портфелни кўтариб, мактаб директори ролига кирарди ва бизга сабоқ берарди. Акам туфайли мен ва қўшни болалар мактаб ёшига етмасдан ёзув-чизувни ўргандик. Мактабда ўқишни жуда-жуда хоҳлардим. Бироқ, ҳали ёшим етмагани учун мактабга қабул қилишмади.
Шунда акам мени биринчи синф ўқувчилари ўқийдиган хонага олиб бориб, эшикни тақиллатди. Бу вақтда мен унинг орқасида мўралаб турардим. Ўқитувчи бир менга, бир акамга қизиқиш билан қаради. Шунда акам: “Укамни ёши етмагани учун мактабга олишмабди, лекин ўқиш ва ёзишни яхши билади”, деди. Ўқитувчи қараб турди-да, “Қани сен партага ўтир, жавобларини ўзинг ҳам эшит”, деганча акамни ўтирғизиб, менга алифбони тутқазди.
Ҳарфларни таниб, ҳеч қийналмай, бийрон-бийрон ўқиб бердим. Кейин ўқитувчи айтган ҳарф ва сонларни доскага ёздим. Ўқитувчимиз акамга қараб меҳр билан: “Тўғри, айтибсан, сен ўргатдингми, қойил”. Шу-шу синфимда қолдим.
Мактаб уйимиздан бир километрча узоқда. Акам доим мени ўзи билан олиб юрарди. Бизга тўрт соат, акамга эса 6 соат дарс бўларди. Бошқа ака, опаларим ҳам мактабда ўқиса-да, бирга кетиш учун Абдулла акамни синф эшигини олдида кутардим. Шу қадар кичкина эдимки, акам ариқлардан опичлаб ўтказиб қўярди. Шу тариқа акам мактабни битиргунча бирга қатнадим.
Мактабни битиргач, акамни шаҳарга ўқишга кетиши менга ҳеч ёқмади. Жуда яхши кўрганимдан, ажралишни хоҳламадим. Онам ҳам яхши кўрганларидан ёнларидан кетказгиси келмас, “узоқда нима қиласан, қўй ўғлим борма, пахта даласини бошига қовун экиб, чайла тикиб, она-бола бирга яшаймиз. Ана фалончининг ўғли мироб бўлса ҳам яхши юрибди”, деб тўсқинлик қилардилар.
Онамга гап қайтармаса-да, акам ич- ичидан хафа бўларди, чунки ўқитувчи бўлишни жуда истарди-да. Биздан ўқишга кириши учун дуо қилишимизни сўрарди. Биз акамнинг ўқувчилари бир овозда бу илтимосни бажарардик.
Вақти келиб, отамнинг розилиги билан акам ўқишга жўнаб кетди. Фарзандининг келажаги учун бу айрилиққа кўнган онам “ўғлим катта одам бўлади”, дея тез-тез такрорлаб турардилар.
ХОТИРАЛАР ЯҚИНЛАШАВЕРАДИ
Ёшлик киприк қоққунча ўтди-кетди. Тоғлардан йироқлашган сари унинг маҳобати кўз олдингда янада кенгроқ намоён бўлганидек, болалик хотиралари кексайганинг сари ёрқинлашаверар экан. Акам сўнгги йилларини анча маҳзунликда ўтказди. Гоҳ дард безовта қилар, гоҳида ҳаёт…
Самарқандда яшасам-да акамни йўқлаб Тошкентга кўп борардим. Акам ҳам йўлдан ўтган-қайтганда, уйимизга кириб, суҳбатлашиб кетардилар. Акамнинг ортидан хорижга ҳам кўп марта йўқлаб борганман. Биринчи марта 40 ёшда Москва сафарида инфаркт бўлиб қолган эди. Акаларим билан кўришга бориб, ёнида қолдим. Кейин бирга қайтдик.
Кейинчалик, Туркияда даволанишига тўғри келди. “Кел”, дея чорлаганларида ортларидан бир кунда етиб борганман. Ўтган кунларни эслаб, 2014 йилда менга атаб, “Ватан меҳри” шеърини ёзган эди.
Хасталикка йўлиқдим Ватанимдан йироқда,
Вайрон бўлди минг карра шундоқ ҳам вайрон кўнглим.
Денгизу тоғлар оша, гоҳ яёв, гоҳ учоқда
Мени кўргани келдинг, Бибисора, жон синглим.
Эллик йил айро тушган икки жигарбанд мисол
Ака сингил йиғлашдик, елкаларга қўйиб бош.
Шу лаҳза онам руҳи чарх урарди эҳтимол,
Балки отам арвоҳи тиларди бизга бардош.
Ношукурлик ёмондир, яшадим-ку ҳарқалай,
Қайга борсам мухлислар бизники деб аташди.
Бироқ ўтган йилларнинг феълин ҳам айтиб ўтай:
Аввало қўрқитдилар, сўнгра эса талашди.
Бойлик ва амал топиш қийин эмас дунёда,
Жиндек чаққонлик билан устакорлик бўлса, бас.
Душман-ку пойлаб турар ҳар ўру ҳар қиёда,
Фақатгина чин дўстни учратмоқ осон эмас.
Мен ҳам бир дўст ахтариб, шамол мисоли елдим,
Гоҳо топдим, гоҳида тополмай чекдим алам.
Тўрт мучанинг қадрини ёшим ўтганда билдим,
Жароҳат топдим гоҳо туянинг устида ҳам.
Донишмандлар ҳаётни аслида синов дейди,
Бу ҳикматни ҳар инсон ўзича англар бироқ.
Тирикликда собит бир мантиқ бўлса қанийди,
Бўрилар қолиб кетиб, қўйни синашар кўпроқ.
Соғайиб сафингизда юрарман ҳали мен ҳам,
Ошно бўлиб шеър деган абадий бир сеҳрга.
Ёлғиз Худога солдим, гар бировдан етса ғам,
Лекин мудом талпиндим эзгуликка, меҳрга.
Ким бўлибман ахир мен, меҳрга зор-ку башар,
Чулғаб олмиш оламни зўравонлик ва ақча.
Оддий бир тўп тепарга қиёслаб кўрсанг агар,
Гомер ва Толстойнинг нархи бўларкан қанча?
Ҳа, одам боласи бу, қон қақшатар дилларни,
Қўли ҳеч бўшамайди иғво билан урушдан.
Кўрдим афсус дунёда ҳатто шундоқ элларни,
Завқ олади ўз бирин топтаб, ерга уришдан.
Сен Ватаним меҳрини келтирдинг, Бибисора,
Энди оёққа тургум соғ-омон, ўйнаб- кулиб.
Билиб қўй, бу меҳрни топиб бўлмайди сира,
Инчунин, у кўрингай гоҳида сингил бўлиб.
Айни вақтда Самарқанддаги шаҳар шифохонасида ишлаш билан бирга зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга ихтисослашган “Раҳмдиллик” марказини бошқараман.
Кўплаб ҳаётий можароларни кўришимга тўғри келади, баъзида опа сингилга, ака укага фириб беради. Ёмонлик қилади, жонига қасд қилишга қадар боради. Уларга ачиниб кетаман.
Шундай пайтларда меҳрибон акам кўз олдимга келади. Зеро, оға-инилик меҳри Аллоҳ берган буюк неъматдир.