Алломанинг янги топилган асари
Маҳмуд Замахшарийнинг илмий мероси ҳозирга қадар тўлиқ тадқиқ этилмаган ва унинг дунё қўлёзма фондларидаги асарлари аниқланмаган.
Яқинда ироқлик олим Ҳилол Ножий Теҳрондаги “Миллий мулк кутубхонаси”дан Маҳмуд Замахшарийнинг янги асарини топди. 1622-рақам билан сақланаётган тўплам таркибида Маҳмуд Замахшарийнинг йўқолган деб ҳисобланган “Рисалатун носиҳа” (“Насиҳатнома”) номли рисоласи борлиги аниқланди.
Қўлёзма биринчи варағининг юқори қисмига котиб томонидан “Хоразм фахри, шайх, имом, аллома Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий ўз замонасида яшаган баъзи имомларга ёзган насиҳатномаси” деб ёзилган. Қўлёзманинг бошланғич унвон жойлашган саҳифасида кутубхона муҳри бўлиб, унинг ёнига қўлёзмага эгалик қилган Табатабоий Юсуф ибн Муҳаммад ва Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Алининг исмлари битилган. Рисола хотимасидаги маълумотга кўра, қўлёзма 589 йил ражаб ойида /1193 йил июль ойида котиб Муҳаммад ибн Абу Юсуф ибн Умар томонидан китобат қилинган.
Рисолада ахлоқий мавзудаги кенг қамровли ўнта насиҳат бор. Жумладан,
Биринчи насиҳатда олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари экани ёритилади.
Иккинчи насиҳатда аллома бандаларнинг ризқи тайин қилингани, инсон бунга ишониши, ҳалол яшаб, ҳаромдан ўзини тийиши, зулмдан ва унга етакловчи омиллардан узоқ бўлиши лозимлигини таъкидлайди. .
Учинчи насиҳатда ризқ топиш учун меҳнат қилиш лозимлиги, ўта сахий бўлиш зарурлиги, олимларнинг юксак мақоми, улардаги илм қиймати ҳеч камаймаслиги ҳақида ёзилган.
Тўртинчи насиҳатда илм олишнинг зарурати, бунинг учун барча қийинчиликларга сабр қилиш ва босқичма-босқич илмнинг барча даражаларини эгаллаш лозимлиги таъкидланади.
Бешинчи насиҳатда устоз ўз шогирдига илмни самимий, тўлиқ бериши лозимлиги таъкидланади. Мураббий полапонига жиғилдонида овқат тутадиган, яхшиликни ихлос ила қиладиган, назокат, хайрихоҳлик ила илк парвозни ўргатадиган кабутардек бўлиши лозим.
Инсон умри – жуда қисқа. У илм мажлисларида ҳар доим қатнашсин, беамал бўлмасин, дея таъкидлайди аллома.
Олим олтинчи насиҳатда толиби илмни тортишув ва мунозарада инсофга чорлайди. Ҳақ ёв томонда бўлса ҳам, унга буни қунт билан тушунтиришга чақиради. Ҳақ учун хокисорлик билан қанотини паст тутишга чорлаб, бу улкан ғалаба, энг яхши ва энг гўзал суҳбат эканини айтади.
Еттинчи насиҳатда инсонга маънавий зарар етказувчи касалликлардан четлашишга чорланади, илмда юқори мартабадагилар ўртасида тортишув, рақиблик иллат экани айтилади.
Саккизинчи насиҳатда улуғворлик ҳақида сўз боради. Олимларга амалда шайхларнинг йўлини мустаҳкам тутиш, қийинчиликка сабр қилиш, нолимаслик, ғазабни босиш тавсия этилади. Ҳатто мунозараларда ҳам олимнинг очиқ юзли бўлиши насиҳат қилинади.
Тўққизинчи насиҳатда билмасдан фатво бермасликка, хом фикрдан четлашишга, фақат мукаммал ўрганиб, тўлиқ билгандан кейингина фатво беришга чорланади. Ҳалол ва ҳаромни ажратувчи, залолат водийларидан мусулмонларни тўғри йўлга олиб чиқувчи кишигина фатво бера олишига урғу берилади.
Аллома якунловчи ўнинчи насиҳатда риёкорлик, сохтакорликдан йироқ бўлишга чақиради. Омма ва жамоат олдида ўйламай иш қилма, риё, сохтакорлик қилиб, минбарда ёш тўкма, шогирдлар олдида сохта фаоллик рағбатини кўрсатма, мураккабликдан узоқ бўл, жим сўзловчи бўл, атрофдагиларга ёрдам бермоқчи бўлсанг, уларни ҳаракатлантир, шижоатлантир, амалингни холис адо эт, дея насиҳат қилади.
Зоҳиджон ИСЛОМОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, филология фанлари доктори, профессор
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан