Замин ҳар кун етмиш марта одам болаларига нидо қилиши ҳақида
Савбондан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дарҳақиқат ер ҳар кун етмиш марта: Эй Одам болалари, хоҳлаган ва кўнглингиз тусаган нарсаларни еяверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг гўшт ва териларингизни ейман, деб нидо қилади”, дедилар.
Бу ғазабли нидо бўлиб унда таҳдид мавжуд. Ер Аллоҳнинг пайғамбарлари ва авлиёларига ғазаб қилмайди. Балки бағрида улар борлигидан шодланади ва фахрланади ҳамда улар ётган жойга хурсандчилик улашади. Агар у зотлар ернинг бағридаги лаҳадларга қўйилса уларни худди йўқотган боласини топиб олган онадек меҳр билан бағрига олади.
Юқоридаги нидо бизнинг наздимизда ердан чиққан ноз-неъматлардан нафси бузуқлик, очкўзлик ва бепарволик билан еганларга бўлади. Чунки Аллоҳ шукр қилишимиз ва асло ношукр бўлмаслигимиз учун бизга ерни буйсундириб қўйди. Шокир банда суюкли, ношукр эса нафратлантирувчидир. Шукрнинг боши ҳар бир неъмат олдида, уни қабул қилиб олишда уни бизга ато этган Аллоҳни эслаш ва У Зотга ҳамдлар айтишдир. Агар бирор киши буларга бепарволик қилса, ердаги неъматлардан ноҳақ еган бўлади. У қабрга қўйилганда ер уни ўраб, (бу дунёда) неъматларни ноҳақ еганидек уни ҳам шундай ейди. Кимки, ердан чиқадиган неъматлардан фақатгина Аллоҳ йўлида еса, ер уни хорлаш ва азоблашга ботина олмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамда у зотдан кейинги саҳобийларидан дўзах ва ундаги мўминнинг аҳволи баёнида кўплаб ривоятлар келган. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Дўзах: Эй мўмин мендан ўтиб ол (чиқиб кет) сенинг нуринг менинг оловимни ўчирди, деб нидо қилади”.
Бизга шундай ривоят қилинди: “Мўминнинг дўзахга тушишидан дўзахнинг юзи буришиб ғамгин бўлади”.
Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шундай ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло дўзахни Иброҳим (алайҳиссалом)га бўлгани каби мўминларга ҳам салқин ва омонлик қилади”.
Абу Сумайядан ривоят қилинади: Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан дўзахга тушиш ҳақида сўрадим. У: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Дўзахга тушиш унга киришдир. Яхши ҳам, ёмон ҳам, унга кирмасдан қолмайди. У мўминларга худди Иброҳим (алайҳиссалом)га бўлганидек салқин ва омонлик бўлади ҳатто улар дўзахда бўлсалар ҳам. Жаҳаннам мўминларнинг салқинидан бир наъра тортади сўнгра: “Аллоҳ тақводор бўлганларни (ундан) қутқарур ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирур” (Марям, 72), дедилар.
Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамлар (дўзахга) кирадилар сўнгра (бу дунёда қилган) амалларига қараб у ердан чиқадилар. Уларнинг биринчиси яшин (чақмоқ) тезлигида чиқади, сўнг шамол каби, сўнг от чопиши, кейин чавандоз каби, сўнг уловларнинг шиддатли юришларидек, кейин одамларнинг пиёда юришидек, сўнгра уларнинг эмаклаб (судралиб) юришлари каби чиқадилар”, дедилар.
Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтади: Дўзахга барча киради ва (ҳар ким қилган) амалларига қараб ундан чиқади (озод этилади).
Яъло ибн Мунаббиҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дўзах мўминга: Эй мўмин мендан ўтиб ол (чиқиб кет) сенинг нуринг менинг оловимни ўчирди, деб айтади”, дедилар.
Холид ибн Маъдан ривоят қилиб айтади: “Мўминлар сирот кўпригига келганларида бир-бирларига: Раббимиз дўзах кўпригидан ўтиб кетишимизга ваъда бермаганмиди? дейдилар. Улар: Ҳа тўғри шундай, дейдилар”. Агар биз дўзах устидан ўтадиган бўлсак, у тинчланиб қолади. Агар дўзахки, устидан мўмин банданинг ўтишидан тинчланса, қандай қилиб ер уни ейиши мумкин. Агар дўзах мўминнинг салқинидан наъра тортса ва мўминнинг Аллоҳнинг улкан дўзахининг оловини ўчирадиган нури бўлса, унинг қабрдаги жойи кенг ва яшил майсазор бўлади. Аллоҳнинг эшиги унга очиқ бўлиб, у ерда ҳеч қандай торликни сезмайди. Бунинг учун мўмин банда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек бўлиши керак: “Аллоҳни ёдда сақласанг У ҳам сени сақлайди. Аллоҳни ёд этсанг Уни рўпарангдан топасан. Роҳат-фароғатда Аллоҳни ёдга олсанг, у сени машаққат ва қийинчиликда ёдга олади”, деганлар.
Агар банда шундай қилса, Аллоҳ унинг сақловчиси, яқини ва кўз олдидаги раҳнамоси бўлади. Аллоҳ унинг аҳволини яхшилаб қўяди ва ҳеч бир кишига ташлаб қўймайди. Хабарда келишича: “Шаҳидларнинг жасадини ер емайди”. Бошқа хабарда эса: “Ким етти йил азон айтиб муаззинлик қилган бўлса, қабрда уни қурт емайди”, дейилган. Шаҳид ва Аллоҳнинг динига даъват этувчи муаззиннинг таналарини ейиш ерга ман этилган бўлса, у ҳолда сиддиқлар ва авлиёларнинг даражалари бундан юқори ва улуғдир, улар бу ҳаётда қурбат ҳосил бўлишига шоҳид бўлдилар ва Унинг йўлига басират билан даъват этдилар.
Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтади: Муовия Уҳуд ёнидаги шаҳидларнинг қабрлари олдидан булоқ-ариқ қаздирмоқчи бўлиб, жарчига кимнинг бу ерда шаҳид бўлган кишиси бўлса, унинг ёнига чиқиб турсин, деб эълон қилишга буюрди. Жобир айтади: биз уларнинг (қабрларидан чиқарилган шаҳидларнинг) олдига чиққанимизда таналари юмшоқ бўлиб букилиб турганини кўрдик. Шунда ўликлардан бирининг оёғига белкурак тегиб жароҳат етказди ва унинг бармоғидан қон оқа бошлади.
Ибн Саид айтади: бу воқеадан кейин шаҳидларнинг жасадларини ер чиритмаслигини ҳеч ким инкор этолмайди.
Яна Жобир (розияллоҳу анҳу)дан шунга ўхшаш ривоят келтирилади. Фақат унга қўшимча тарзида шундай дейди: мен ўша қабрлардан чиқариб олиб кетилаётган шаҳид кишиларнинг жасадларини кўрганимда улар бўйинлари эгилиб худди яқинда уйқуга кетганлардек эдилар. Ҳатто шаҳидларнинг саййиди бўлган Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг оёғига белкурак жароҳат етказиб қон отилиб чиқди.
Унинг (Аллоҳ учун) деган сўзи борасида шундай дейилади: Бу банда Аллоҳнинг кафтида бўлиб ёлғиз Унга ибодат қилиб, қалбини фақатгина Аллоҳнинг тавҳидига бўшатган кишидир. Бу банда У билан қоим бўлади, У билан таянади, У билан сўзлайди, У билан сукут сақлайди, курашади, У билан бирор нарсани ушлайди, кўради ва эшитади. Бу сифат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Раббилари таборака ва таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда зикр этилади: Аллоҳ таоло айтади: “Агар мен бандамни яхши кўрсам унинг қулоғи, кўзи, қўли, тили ва қалби бўламан. У мен билан эшитади, кўради, тутади ва менга суянади”. Бу ҳадисни ўз бобида шарҳлаган эдик бу ерда фақат (Аллоҳ учун) сўзига тегишли жойини келтирдим.
(Аллоҳ йўлида) бўлиш деганда биринчи келтирилган бандадан даражаси юқори бўлган банданинг сифатидир. Бу муқаррабин авлиёларнинг даражаси бўлиб, ўзидан кейинги даражадан пастроқ. Улар ҳавойи нафсларини тийиб, уни гуноҳлардан соғ-саломат сақлай олганлар мақомидир. Улар қилаётган ишларини доим назорат қиладилар. Улар қул каби бўлиб бир ишни иккинчисидан устун қўймайдилар. Ўзлари учун ҳеч қандай ишнинг тадбирини қилмайдилар, балки Унинг тадбирини кузатадилар, Ундан (ўзларига қилинган тадбирни) қабул қиладилар ва У учун ҳаракат қиладилар.
(Ёлғиз Аллоҳнинг Зоти учун) деганда бу даражадаги банда аввалгисидан бир поғона юқори бўлиб, унинг бутун вужудини Аллоҳнинг муҳаббати ва неъматларининг зикри қамраб олади. У бутун умрининг барча жабҳасида доимо фақат Раббисининг ризосини ўйлайди ва бунга интилади.
Юқорида сифатлари келтирилган кишилар Аллоҳнинг дўстлари (валий) ва У зотга яқин бўлганлардир. Уларнинг гўштлари ва қонлари ерга ҳаромдир. Чунки улар Аллоҳ таолонинг хос бандалари бўлиб, ер улар учун беминнат хизматчи (бўйсундирилган) бўлиб, шундайлигича қолади. Аллоҳнинг валий бандалари Унинг Ўзига тегишли бўлади. Аллоҳ ерни одамлар учун босиб ўтадиган бир йўлак қилиб қўйди. Уларни аҳд-паймон (мийсоқ) куни ерга юбориб, то қиёмат куни Ўзига юзлангунча бу йўлдаги умр сафарини бандаликни изҳор қилган ҳолда босиб ўтишларини ирода қилди. Аллоҳ одамларни ер юзига ҳукмдорлар қилиб юборади. Улардан сохта ва (мутакаббирлик билан) инкор этувчи ҳамда бандаликдан бош тортганларни зиндонга юборади. Одам боласи эркакнинг белидан чиқиб аёлнинг раҳмига тушиб сўнг шаҳвоний ҳирслар гирдобида қоладиган ҳамда самара берадиган бандалик қароргоҳига бориб етади. Одамларнинг ичида мушк-анбар, ясмин каби хушбўй самара берадигани ҳамда мазаси тахир заққум ва бадхўр ловия мевалилари ҳам бор. Мушк-анбар асли Одам (алайҳиссалом) жаннатдан олиб тушган баргдан бўлиб, уни ер жониворларидан бири истеъмол қилган. Бу жонивор Одам (алайҳиссалом) тушган водийда ўтлаб юрар эди. Ана ўша хушбўйлик энди жониворнинг киндигида бўлиб қолди. Анбар ҳам шу каби бўлиб, аввал қуруқликда ҳосил бўлган, сўнгра унинг жойи денгизда қарор топган. У ҳам қориндан чиққан хушбўй модда ва асли ўша Одам (алайҳиссалом) олиб келган баргдан ҳосил бўлган. Одам боласи ҳам шу зайлда дунёга келади, яъни уларнинг ичида унумдор тупроққа интилганлари ҳамда шўр ерга интилганлари бор. Ер одамзод учун ўтиб оладиган бир йўлак бўлиб, умр сафарида керакли озуқа захирасини ундан олади. Ер одамзодга ризқи оз ёки кўп бўлсин, кенг ёки тор бўлсин, етказади. Хушёр одам буларни илғаб олади, ҳамда Ерни ўзига захира-таъминот ўрни қилиб олиб, озуқани Аллоҳ (хизмати)га тасарруф этади. Қалби доимо Аллоҳ таоло билан бўлади. Бундай киши Аллоҳ томон туну кун илдамлайди. У ҳар вақт ўлимни эсласа қалби хотиржам бўлади. Зеро, ўлим уни Раббиси ҳузурига олиб бораётганини, Унга томон тезлатаётганини билган киши, ўлимни (орзу қилади) таърифлаб бўлмас даражада яхши кўриб қолади. Ўша инсон фаришталар, пайғамбарлар, одамлар ва бошқа махлуқотларнинг барчаси бундан қутула олмасликларини билади. Раббиси кўришга муштоқ бўлган ўз кафти орасидаги Пайғамбар (алайҳиссалом)ни ҳам вакил қилинган ўлим фариштасигина Раббиси ҳузурига олиб борди. Лаҳадга кирганларида эса улар билан ер орасида фақатгина яхшилик бўлди.
Бир ривоятда шундай дейилади: “Ер маййитни ўз боласини узоқ вақт кўрмай қаттиқ соғинган она каби бағрига босади. Ўз бағрида эканидан ернинг унга раҳми келиб, узоқ вақт йўқ бўлганидан оҳ уради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган хабарда келишича у зот: “Ер Раббисидан маййитни лаҳадга у қандай яратилган бўлса, ўша суратда киритишга изн сўрайди. Чунки ҳар бир нарсанинг ўз сурати бор. Шунда унга изн берилади ҳамда ер маййитни дўстона ва хурсанд ҳолда кутиб олади ва унга: “Анчадан бери устимда юрдинг мен сени соғиндим”, дейди. Ер усти у инсондан айрилгани учун қирқ тонг йиғлайди ва йиғлаб туриб: “Эй Раббим, бу банданг менинг дара ва водийларимда, турли жойларимда Сени зикр қилар эди, дейди. Ер бу банда дунёдан ўтиб, ундан кетганидан афсус-надоматлар чекади”. Осмон ҳам бу банда вафотидан йиғлаб: “Эй Раббим, бу бандангга мендан ризқлар нозил қилар эдинг ва унинг қилган амаллари менга кўтарилар эди”, дейди. Шу зайлда вафот этган банда учун еру осмоннинг йиғиси тўхтамайди”, дедилар”.
Умар ибн Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) ҳақида ривоят қилинишича, бу зот вафот этганида еру осмон қирқ йил кўз ёш тўкди. Аллоҳ Ерни бандага таянч бўлиши, зарур ҳаётий эҳтиёжларини қондириши ҳамда ерда Аллоҳга бандалик қилиши учун одамларга бўйсундириб қўйди. Бандалик инсон томонидан Аллоҳнинг ҳақларини адо этилишидир. Банда Аллоҳнинг ҳақларини адо этиш билан машғул бўлса, ернинг унга бўйсундирилгани унга офият ва марҳамат бўлади, офат бўлмайди. Бордию унда гуноҳ-маъсиятга йўл қўйса, ҳаром ишларга қўл урса, ер унинг учун офатга айланади. Яъни инсон ернинг ўзига бўйсундирилганини кўриб ҳам Аллоҳнинг ҳақларини паймол қилса, ер унга фитнага айланади. Натижада инсон яратилишидан асл мақсад бўлган ягона Аллоҳга бандалик қилишдан бурилиб, бошқа нарсаларга сиғинишга уринади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидаги оятда шундай дейди: “Аллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши (қул) бўлиб, унинг устида талашувчи шериклар бор. Яна бир киши (қул) борки, бутунича бир кишиникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! Ҳамд Аллоҳ учундир. Ҳа, уларнинг кўплари (ҳақиқатни кўра) билмаслар” (Зумар, 29). Бу оятнинг зоҳирий (ташқи) ва ботиний (ички) маъноси бўлиб, Қуръони каримдаги ҳар бир оят ташқи ва ички мазмунга эгадир. Юқоридаги оятнинг бошидаги “бир киши (қул) бўлиб…” деган сўзнинг зоҳирий маъносига кўра, бу ерда мушрик киши назарда тутилган бўлиб, унинг шериклари уни шайтон, буту санамлар ва шу каби Аллоҳдан бошқа нарсаларга сиғинишга ундайди. Оятдаги “Яна бир киши (қул) борки, бутунича бир кишиникидир” деган жумладаги кишидан мурод эса, Раббисини ягона деб билиб, ёлғиз Ўзигагина ибодат қилувчи киши назарда тутилган. Оятдаги “бир киши (қул) бўлиб, унинг устида талашувчи шериклар бор” жумласининг ботиний – яширин маъносида, қалбдаги шериклар қалбни асир қилдилар ва ҳар бири ўз тарафига тортқилади, дейилади. Саркашлик ва танглик қулнинг (динга Аллоҳга бўлган) ҳимматини сўндиради ва қалбида парчаланиб кетади. Ҳар бир ҳиммат унинг қалбида парчаларга бўлинади. Қалбдаги шериклар тарафкаш гуруҳларга ажралади. Ҳар бир гуруҳ ўзидаги бор нарсага хурсанд бўлади. Қулнинг қалби дунё ҳою ҳаваслари ва лаззатларига берилиб кетади. Қалбда дунё шаҳватларига хурсандлик ҳисси қул қалбига раҳна солади. Гуруҳлар (банда қалбини эгаллаш учун) ўзаро талашадилар, қул эса мафтун бўлиб тураверади. Шаҳватлар эса, қалб бўлакларини асир қилиб боради.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: у зот бир кишига эшак сотди ва: “Мен унга ўрганиб қолган эдим лекин у қалбимнинг бир бўлагини эгаллади ва мен уни сотиб юбордим”, деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади у зот: “Кимнинг фикру хаёлини дунё ғам-ташвишлари банд қилса, Аллоҳ унинг қайси жойда ҳалок бўлишига парво ҳам қилмайди”, дедилар. Зеро, бундай қалбда молу дунё фитнаси, аҳли оила, фарзанд, обрў-эътибор, мансабпарастлик, илм, мақтов ва олқиш фитналари жам бўлган.
Оятдаги “Яна бир киши (қул) борки, бутунича бир кишиникидир” жумласининг маъноси: яккаю ёлғиз Аллоҳга пок қалбини топширган кишидир. Бандалар орасида мазкур тарафкаш шериклар эгаллаб олган қалблар муваффақиятсизликдадир. Уларнинг қўлига тушиб ҳавою нафсига қул бўлмагани учун ҳалиги бандага ғазаб қиладилар. Ўзи танлаб олган бандасига ёрдам бериб қўллаб-қувватловчи зот Аллоҳ бу банданинг қалбига Ўзининг муҳаббатини солади ва у фақатгина ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган қилиб қўяди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Дарҳақиқат бу дунё ям-яшил (ўзига тортувчи) ва ширин (тотли)дир ундан тақво қилинглар (эҳтиёт бўлинглар)”. Яна дедилар: “Бу мол-дунё жозибали ва тотлидир. Ким ундан ўз ҳақини ҳалоллик билан олса, бу унга барака бўлади у қандай ҳам яхши озуқадир. Кимки бу мол-дунёдан ўз ҳақини ҳаром йўл билан олса, у ўша кишига барака бўлмай ундан қанча еса ҳам ҳеч тўймайди”. Бошқа бир ривоятда эса: “Кимки ана ўша мол-дунёдан нафсининг ёмонлиги билан (баднафс, нафс балосига берилган ҳолда) олса унга барака бўлмайди”, деганлар.
“Нафс ёмонлиги” сўзидан: мол-дунёни фақат ҳавою нафсни тўйдириш, ҳузурланиши учунгина олса деган маъно тушунилади. “Мол-дунёдан ўз ҳақини ҳалоллик билан олиш” жумласидан: озуқа бўлиши учун ўз эҳтиёжига етарлигини олиш англанади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “ундан тақво қилинглар” деган сўзларидан: сизни бу мол-дунё ва мана шу ўткинчи ҳаёт абадий охиратни ўйлашдан чалғитиб, қалбингиз ва фикр-хаёлингизни банд қилиб қўйишидан огоҳ бўлинглар, деган мазмун назарда тутилган. Шунингдек, бу иборадан қуйидаги маънолар ҳам англанади: Ушбу мол-дунё лаззатларидан нафсларингиз ҳаддан ташқари роҳатланиб кетиб, Холиқ-яратувчи, Бориъ-йўқдан бор қилувчи, Мусаввир-ҳар бир нарсага ўзига хос суврат берувчи зот Аллоҳдан чалғиб қолманг, чунки У зот сизни бу дунёда турли ноз-неъматлар билан мўл-кўл қилди. У сизларни йўқдан бор қилди ва бу дунёда азизу мукаррам қилиб, ададингизни аниқ ўлчовли ҳолда яратди. У сизларни йўқдан бор қилди ва У Бориъ бўлган зотдир. Ҳамда кўринишларингизни энг афзал ва энг чиройли суратда яратди. Булар сизлар берилган фойдали ва улуғ неъматлар бўлиб, Аллоҳ уларни сизларнинг хизматингизга бўйсундириб қўйди. Ваҳоланки, сизлар бундан олдин мана шу ер каби қуп-қуруқ қақраган ва ўлик ҳолдаги тупроқ каби эдингиз.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм